www.ziyouz.com кутубхонаси
141
— Қўнғироқ қилганда телефончи қиз унга менинг телефонограммамни узатади, — гапини
тугатди Палмер, — қиз тушмагар қайси телефонограмма эканини билмайди-ку.
— Жуда ҳам узоқ гапмиди?
— Бир неча ҳарф, холос.
Жувон мийиғида кулиб қўйди-да, озгина виски ҳўплади.
— Ўйлашимча, сиз у билан жуда апоқ-чапоқсиз. Сиз билан унинг феълини эътиборга
олинадиган бўлса, бу ғоят ноёб ҳодиса.
— Бизнинг ҳамма ишимиз жойида.
— Шунақа денг? Ҳаммаси жойидами?
— Бундан ортиқ қанақаси керак?
У қўлини чўзиб қадаҳни кўтарди ва афтидан, қадаҳга жилмайиб қўйди. Миссисипидан
шарққа томон барча шакаргуфторлар ичидан энг айёри сифатида биронта мукофотга арзийсиз.
Сиз ҳақингизда ўйлаганимни эшитмаслигингиз учун бирпаснинг ўзида икки марта сувдан қуруқ
чиқдингиз-а.
— Тинглашим керакмиди?
— Нега энди “йўқ” экан?
— Нега энди “ҳа”?
— Биринчи бўлиб мен сўрадим. — Жувон яна вискидан ҳўплади. — Гап шундаки, мен
табиатан битта айтганида туриб оладиганларданман. Агар эътиборимни тортган нарса
баҳоларимга қизиқиш билдирмаса, бу менга худди бензинга ёқилган гугуртдай таъсир қилади.
Мен ўз фикрларимни баён этиш истагида ёнаман. Чидаб туролмайман.
Палмер ўз ўриндиғида хижолатомуз қимирлаб қўйди.
— Нима бўлганида ҳам мен жентльменман, сизга жабр қилишим ҳақида ўйлашга ҳам
тоқатим йўқ. Барибир бир нарсани билмоқчиман, бу сизга нима учун шунчалик зарур?
— Менинг назаримда, — деди жувон гўё овоз чиқариб ўйлаётгандай, — фикрларингизни
баён этишни ёқтирмаслигингиз сабабига ўхшаган сабаб туфайли.
— Нима, мен рад этяпманми?
— Сиз тутқич бермаяпсиз.
— Бу қайсидир маънода тўғри ҳам.
— Ҳар бир одамга менинг унга нисбатан муносабатим мутлақо аёнлигини маълум
қилмагунимча оёқ-қўлим боғлиқдай сезавераман.
— Ҳар бир одамга?
— Менинг учун аҳамиятга молик бўлган ҳар бир одамга.
Палмер бош ирғаб қўйди-да, вискидан оғзини тўлдириб ҳўплади. Бир сониядан сўнг
жувоннинг сўзларида пайдо бўлган ғалати бош айланишини йўқотишга муваффақ бўлди.
Пировардида, деди у ўзича, кўплар унинг учун аҳамиятга молик. Мен, масалан, унинг
бошлиғиман. Бунда ҳеч қандай айтарли гап йўқ.
У яна бир қултум ютди, қадаҳни қўйди ва балконга очилувчи эшик томон яқинлашди. Балкон
шу бинодаги барча балконлар сингари бинога қиялатиб қурилган эди, уларнинг ҳар биридан
дарё манзараси кўриниб туриши учун шундай қилинганди. Палмер бу оқшом тез қорайиб
кетаётган сувга қаради, унда Куинсборо кўпригининг чироқлари бамисоли абадият қаърига
кириб кетаётгандек жимир-жимир акс этиб турарди. Орқадан муз парчасининг шишага урилган
овози чалинди. Бир сония ўтиб, Палмер жувоннинг қадаҳни қўйганини эшитди. Мана, жувон
дераза олдида у билан ёнма-ён.
— Бу манзарани янада гўзалроқ қилса бўлади, — деди Виржиния.
— Қандай қилиб?
— Ҳозир кўрсатаман.
Жувон нари кетди ва бир лаҳзадан сўнг хона чироғи ўчди, жувон эса дераза ёнида у билан
ёнма-ён турарди.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |