www.ziyouz.com кутубхонаси
139
Йигирма олтинчи боб
— Йўқ, — деди Палмер Бернснинг катта-катта қўлбола қадаҳларига коктейлнинг иккинчи
улушини тайёрларкан, — то анови ғаддор ливанлик келгунча кутиб туришингизга тўғри келади.
Мен насиҳатномани икки бор ўқимоқчи эмасман.
У бурилди-да, қадаҳларни шакли ғайриоддий гилам тўшалган Бернснинг меҳмонхона
бўлмасидан кўтариб кетди. Йўл-йўлакай гиламнинг қалин пати унинг ботинкаларини
сўраётгандай ҳис қилди. Палмер Виржинияга унинг қадаҳини тутқазди-да, қаршисига чўкди.
— Суҳбатимиз ҳақида битта-яримтанинг билиб қолишини истамайман ва бу уни кабинетига
тайинламаганимнинг ягона сабабидир, — давом этди у. — Бошладим дегунча овозим кўтарилиб
кетадими деб қўрқаман.
Виржиния ўз қадаҳига тикилиб ўтирарди. Юқоридан тушаётган нур коктейлда, ундан
жувоннинг катта-катта қора кўзларида акс этарди. Ўйноқи нурлар ичида у лўли қизларга
ҳаддан ташқари ўхшаб кетарди.
— Сизнинг ҳаммадан кўп нимадан жаҳлингиз чиқади? — сўради Виржиния охири. — Умуман,
бўлиб ўтган нарсами ёки мен сизни олдиндан огоҳлантирмаган нарсами?
— Мен ҳар икковингизга ғоят...
— Чунки, — давом этди жувон, — ўз мажбуриятларига қанчалик хушламай муносабатда
бўлганини жуда яхши биламан. Мак ленчдан кейинроқ “стар”лик анови гуруҳ билан бирга
ҳужум қилган заҳоти мен қандай қилиб бўлмасин, сизга қўнғироқ қилишим керак эди.
— Сиз мени тополмадингиз. Мен машинада эдим.
— Мен сизни банк вестибюлида тутиб олган бўлардим, — эътироз билдирди жувон.
Палмер ўзини кулишдан тийиб қолди. У жувоннинг афсус қилганини бирор марта ҳам
кўрмаганди. Ўзининг астойдил таъкидлашича, фақат айрим одамларгина бундай илтифотга
сазовор этган.
— Тутиб олган бўлардингиз, — қандайдир қуруқ оҳангда деди йигит.
— Лекин олдиндан сиз билан келишиб олмай туриб, Бернс шундай қила олиши менинг
хаёлимга келган бўлса, ўлай агар.
— Аслида унга мен ўзим айтган эдим бу ҳақда, — иқрор бўлди йигит.
— Мен ўйлабманки...
— Шундай суҳбат бугун тунда, тўғрироғи, соат иккидан кейин, иккаламиз ҳам бўкиб ичиб
олганимизда бўлган эди, — тушунтирди Палмер. — Мен шунчаки Пенемюнде ҳақида эслатган
эдим, холос. Энди кўриб турибман, Бернс билан жуда эҳтиёт бўлиб муомала қилишим керак
экан. Битта ортиқча сўз айтиб қўйсам, Нью-Йоркнинг “Стар”и бошида тегирмон тоши юргизар
экан.
— Агар у ўз ғоясини сиз билан баҳам кўрмоқчи бўлса, сиз уни бундан қайтариб қолишингиз
мумкинлиги ҳақида ўйламаганмисиз? — сўради Виржиния ҳамон коктейлдан кўз узмай, битта-
битта ҳўплай бошлаб.
— Ўйлаганман.
— Унда омадингиз бор экан, сиз... — Жувон жимиб қолди ва қадаҳини ўриндиқ ёнидаги
столчага қўйиб, Палмерга қаради. Нур тушмаганда унинг кўзлари янада қора ва теран кўринар
эди. Гўё жувон уларнинг ҳар икковини иккита ғордан туриб кузатгандай. — Менимча, — деб
гапини ўнглаб олди Виржиния, — мен аввал сизлардан сўраб олишим керак эди, хўш,
сизнингча “Стар”даги мақоланинг ишга нафи тегадими, йўқми деб. Назаримда, сиз бунга
айтарли эътибор бермайсиз.
— Шахсий реклама омонат банклари билан курашда ёрдам беролмайди, уруш вақтида мен
Пенемюнеда бўлдими ё Тимбуктудами, нима фарқи бор, лаънатини?
— Бу тимсол яратишга ёрдам беради.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |