www.ziyouz.com кутубхонаси
137
— Ватанга ҳар хил йўл билан хизмат қилса бўлади. Халқнинг қорнини тўйдириш учун
баъзилар буғдой етиштиради. Мистер Палмер бошқа соҳада ихтисослашган. У банкир, бу эса у
миллий маблағни ҳимоя қилади дегани ва ... — Бернс гапдан тўхтади-да, лабини ялаб қўйди.
— Ва миллий саноатни молия билан таъминлайди, — қўшиб қўйди таъкидлаганнамо аста
Виржиния Клэри Стеккертнинг ён дафтарини нигоҳлари билан кузатар экан. — Бунда у миллий
анъаналар доирасида туриб амал қилади, булар эркин ишбилармонлик ва хусусийлик.
Сизларнинг пулларингизни сақлаб берадиган муассасалар озмунча эмас. Бироқ фақат тижорат
банкигина ташкилотга фойда келтирувчи соф америка хусусий мулкини ўзида намоён этади.
Бошқа ташкилотлар бошқа ғоялар — жамоатчилик мулки, моддий манфаатдорлик аҳамиятини
рад этиш ғоялари асосида ташкил этилган. Бу ҳол, масалан, Россияда кузатилади, бу ерда...
— ... бу ерда Пенемюнденинг қолган немис олимлари турибди, — унинг гапини бўлди Бернс.
— Бу ерда қандай алоқа борлигини энди кўриб тургандирсан, Жим? Банкир бу минтақада
Палмер ўйнаган ролни ўз зиммасига олгани ҳеч ҳам ажабланарли ҳол эмас. Бири иккинчиси
билан узвий боғлиқ, униси ҳам, буниси ҳам мутлақо америка ғоялари муҳофазасини таъминлаш
мақсадларига хизмат қилади.
Қоғозда тез-тез сирпанаётган Стеккертнинг қалами ўз тезлигини пасайтирди. Стеккерт
Палмерга қаради-да, бирдан сўради:
— Демак, сиз ўз фаолиятингизни айнан шу жиҳатда кўрасиз, шундайми?
— Йўқ, албатта, йўқ!
Репортёрнинг қўлидаги қалам қотиб қолганди, у ҳайрон бўлиб, кўзларини катта-катта очди:
— Бу қанақаси?
— Мистер Бернс ва мисс Клэри айтган гаплар мен Пенемюндеда бажарган буйруқлар билан
ҳеч қанақа умумийликка эга эмас. Уруш бўлиб турганда, ҳақиқий ҳолат билан яшайсан. Нима
қилиш керак бўлса, шуни қиласан. Бу нимага керак, деган ўйни хаёлингга келтирмайсан.
Шунчаки керак, вассалом...
— У айтмоқчики, — шошиб гапга аралашди Бернс, — атрофда снарядлар портлаб турганда,
ўйлашга вақт қолмайди...
— Бекор гап, — унинг сўзини бўлди Палмер, — уруш вақтида неча марталаб кутишга ҳам
тўғри келган. Сизнинг ёшингизга қараб ҳукм чиқарадиган бўлсак, мистер Стеккерт, сиз буни
эслашингиз керак. Шунақаси ҳам бўлардики, узоқ-узоқ кутардиг-у, аммо жуда оз ўйлар эдик,
жин урсин!
— Ҳа, эсимда, — жавоб берди репортёр, — тўғри, биз Ремагендан нарига ўтмаганмиз, лекин
мен ҳаммасини эслайман. — Стеккертнинг лаблари билинар-биланмас эгилди, кўзларида
ғалати учқун чақнади. У кўзининг қири билан Бернсга қараб қўйди, кейин эса Палмерга тикка
боқиб жилмайди. Биринчи марта унинг жилмайиши самимий чиқди.
Палмер кўзларини пастга олди. Ҳа, воқеа қалтис тус олмоқда эди. Реклама бўлимидаги
унинг одамлари репортёрнинг бежамоқчи бўлган жирканч қаллоблик уни барбод этиши ҳеч гап
эмасди. “Стар” газетаси муҳаррири тугул ҳар қандай муҳаррир бунақа дағал уйдирмани рад
этган бўларди. Энди эса, унинг раддияси хатга олинганда, Стеккерт лоақал унинг раддиясини
тушунтириб бериш учунгина бу жирканч уйдирмаларнинг бир қисмини бирон-бир жойга
тиқиштирса бўлади.
(... “Мистер Палмер уруш давридаги унинг фаолияти ва ҳозирги вақтдаги тижорат банки
вице-директори сифатидаги иши ўртасида мавжуд ҳар қанақанги муносабатни сиполик билан
инкор этди. Бу вазифаларнинг баъзи умумийликларини эътироф этиш мумкин деб биласизми,
деган саволга у рад этиб туриб айтдики...”).
— Илтимос, сал бундайроқ қараб, — Палмернинг қулоғига фотосуратчининг товуши
чалинди.
— Фақат ҳайкалга яқин бўлиб қолмасин, — огоҳлантирди Палмер.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |