www.ziyouz.com кутубхонаси
133
Палмернинг бу нуқтаи назаридаги қалтислик ишни унинг учун яна-да мароқлироқ қиладиган
таваккал билан боғлиқлигини наҳотки Лумис тушунмади?
Машина шоҳроҳга бурилиб, улар шаҳарга кириб келганларида Палмер ҳаммасини жой-
жойига қўйиб олганидан мамнун ҳолда бош ирғаб қўйди. Биринчи марта у бунинг уддасидан
чиқиб турибди. Ахир у Эдисга ҳеч нарсани тушунтира олмас эди-да. Энди эса ҳамма нарса
мантиқий маънога эга бўлди. Хотинига ўз фикрини қандай англата олишини у тасаввур
қилишга уриниб кўрди.
Палмер. Биласан-ку, мен пул учун ишламайман. Фақат ўзим энг яхши билган иш билан
машғул бўлиш имкониятига дуч келиб қолганман. Бунинг устига менга тўла мустақиллик бериб
қўйилган.
Эдис. Чикагода отанг ўлганда ҳам шундай имкониятга эга эдинг.
Палмер. Лекин у ерда мен отам арвоҳларининг бутун бир лашкари қуршовида қолиб кетган
бўлардим. Бу ерда эса мен бамисоли илғор сафда, қаттиқ жангнинг энг қизғин ўчоғидаман.
Чикагода мен ҳеч қачон бундай имкониятга эга бўлмасдим. Йўқ, фақат бу ердагина бор бундай
имконият.
Эдис. Бу ерда-я? Бэркхардтнинг оёғи остида-я?
Палмер. Йўқ, унинг ҳокимиятидан анча олисда. У истаган пайтда аралашишга жуда узоқ
жойда. Гарчи унинг шундай нияти йўқ эмаслигига ишончим комил бўлса-да.
Эдис. Азизим, эҳтиёткор чолгинам.
Палмер. Бэркхардтни эсдан чиқарайлик. Асосийси — бу мен. Мен ёшман, ишга, ҳокимиятга,
яратишга чанқоқман.
Эдис. Қирқ беш — бунда ёшлик қолибдими?
Палмер. Декабрдагина қирқ бешга кираман.
Эдис. Суғурта дафтарчасида сени қирқ бешга кирган деб ёзиб қўйилган.
Палмер кўзларини қаттиқ қисди ва титроқ қовоқлари остидан, кўзларининг милкидан ҳатто
ёш чиқиб кетди. Нима учун Эдис унга доим шунақа заҳарли ролда намоён бўлади? Нима учун
унинг ҳақидаги фикр нафратдан бошқа ҳеч қанақа туйғу уйғотмайди? Ахир унда ижобий
жиҳатлар ҳам бор-ку.
Машина юришини секинлатди-да, йўлканинг нақ четига келиб тўхтади.
Кўзларини очиб, Палмер ўзининг банкини кўрди, унинг шакл-шамойили бир лаҳза
нотекисдек ва хира кўриниб кетди. Палмер ёшни сидириб ташлади, ҳайдовчи билан ҳисоб-
китоб қилди ва банкка кирди.
Швейцарнинг саломига бош ирғаб жавоб қилиб, Палмер у ёқ-бу ёққа қараб ўтирмай, лифт
томонга ўтди. Юқори қаватда у шифт ёғдусида йўлак бўйлаб, деворларда осиғлиқ суратлар
ёнидан одимлаб кетди, заррин тусли тўқ яшил гиламга бир лаҳза қараб қолди, бориб сочи
оппоқ, сийналари ғўч котибаси ёнида тўхтади.
— Ҳаммалари хонангизда...
Хонасига киргач, Палмер жувоннинг нима демоқчи бўлганини шунда англади. Хона ҳаддан
ташқари кенг-ковул бўлишига қарамай, у одамларга тўла эди. Гарри Элдер Палмернинг ёзув
столи қиррасига қўнган, унинг сийрак оппоқ сочлари ойнаванд шифтдан тушаётган нурдан
йилтирарди. Стол қаршисидаги ўриндиқлардан бирида Виржиния ўтирарди. Афтидан Палмерни
биргина у кутмоқда эди. Мак Бернс катта дераза олдида Палмерга нотаниш бўлган бир кишига
пастдаги Бешинчи авенюдан алланимани кўрсатарди. “Ролли” фотоапарати ва елкасига осиб
олган ёритувчи аппарат билан қуролланган бошқа бир нотаниш одам Ханни Керд ҳайкалини
кўздан кечирарди.
— Ву-у-ди-и, — чўзиб деди Мак Бернс. Бу сўз унинг санъати учун оз жой қолдиргандай бўлиб
кўринишига қарамай, у барибир унга алоҳида жаранг касб этмоқчи бўлди ва сўз яна бирмунча
муддат ҳавода акс садо бериб турди.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |