www.ziyouz.com кутубхонаси
132
Йигирма бешинчи боб
Лумиснинг айби билан ленч ҳам расво бўлди, шошаётганини яширишга ҳам ҳаракат
қилмади, деди ўзича Палмер банкка йўл олар экан.
Хайрлашув чоғида Лумис:
— Шаҳарга қирқ дақиқаларда тушаман, мени кутмасангиз керак? — дея ташлаган луқмасида
ва Палмернинг:
— Ҳа, албатта, — деган жавобида бу айниқса яққол садо берди.
Энди Ист Ривер шоҳроҳидаги машиналар оқими ичида чап бериб келаётган таксида
ўтираркан, Палмер Лумис билан суҳбатидан олган ғариб маълумотлар ичидан энг муҳимларини
танлашга ҳаракат қиларди.
Лумис, албатта, ҳақ эди: Палмер ҳаддан ташқари муросасиз нуқтаи назарни банд этганди.
Аммо Палмерга бошқа нарса ҳам равшан эди: бошқа ҳар қандай ёндошув заифлик деб
баҳоланиши мумкин. Ҳатто агар Бэркхардт бирон нарсани ошириб юборган тақдирда ҳам
барибир Лумис унинг қаршисида ўзини бу қадар заиф қилиб кўрсатиши мумкин бўлган одам
эмасди.
Гарчи Лумисдек муваффақият қозонмаган бўлса-да, отаси ўша тоифадаги одамлар сирасига
кирарди. Хоҳ теннис кортида бўлсин, хоҳ бизнесда, уларни биргина хоҳиш — енгиш хоҳиши
телба қилиб қўйганди, бу эса рақиб учун ўйинни ҳар қандай завқдан маҳрум этар эди.
Уларнинг шарти битта — қандай ўйнашмасин, ютишса бўлгани. Дарвоқе, улар ҳақ бўлишлари
ҳам мумкин. Палмер бошини чайқади.
Чап томонда Белвю бинолари кўзга ташланди — темир ва шиша қутичалар билан қуршалган
кўҳна, ифлос госпитал. Бу учрашув унга бирон нарса бердими?
Йўл-йўлакай Бернс ҳақида эслаш Палмернинг диққатидан қочиб қутулмади. Лумис ҳатто
кўринишдан бу билан махсус ахборотга эга эканини ҳам билиб олди, шунингдек, ундан
жиддийроқ маълумотларга эга эканини-да тушунтириб қўйди.
Палмерга қандай топшириқ берилганини аниқ билишга Лумис шама қилди. Бу синов
соққасими ёки далилни рўкач қилишми — ҳар иккала ҳолда ҳам бунга алоҳида аҳамият
беришга арзимасди.
Лумиснинг Бэркхардтга қарши ирод этган айблов нутқи Палмернинг назарида икки мақсадни
кўзда тутарди: унинг шефга бўлган ишончини дарз кетказиш ва айни вақтда тижорат банклари
ўртасида мавжуд келишмовчилар хавфини кўрсатиб қўйиш. Униси ҳам, буниси ҳам ҳозирги
паллада Палмерни ташвишга солмасди. Нима учунлигини унинг ўзи ҳам аниқ чамалай олмасди,
аммо бу масалани ҳам ҳал этишга улгураман деб аҳд қилди.
Бироқ Палмер Бэркхардт уни қийин аҳволга солиб қўйганини тан олгандан кейин уларнинг
суҳбатида бурилиш рўй бериши ғоят қалтис эканини сезган эди ва сувдан қуруқ чиқиш учун
чол барча чораларни кўриб қўйганини унинг ўзига билдирди.
Ҳайдовчи тўсатдан шартта ўнгга бурди ва Палмер чарм тутқичдан ушлаб қолди. Қирқ
иккинчи кўчага чиқаверишда туриб қолмаслик учун машина бошқа енгил автомашиналар
сафига қўшилиб олди. Бир лаҳза Палмернинг кўз олдида Бирлашган Миллатлар биноси намоён
бўлди, сўнг машина унинг тагидаги йўлакка шўнғиди. Палмер камарни қўйиб юборди-да,
ўриндиққа қулайроқ жойлашиб олди. Борди-ю, агар кекса Бэркхардт уни такадан сут олишга
ўргатганида ҳам, охир-оқибатда унга барибир эмасми? Нима учун Лумис бу унинг учун
шунчалик аҳамият касб этиши керак деб ҳисоблайди? Ахир Палмер банк акцияларининг янги
асосий тутиб турувчиларидан бири эмас, балки бор-йўғи омбор ходими эди-ку. Унинг молиявий
аҳволини, шубҳасиз, Лумис яхши биларди.
Ўртача Чикаго банки акцияларининг катта миқдорини сотгандан кейин кишида албатта у
кундалик харажатларига ишлатганидан анча кўпроқ пул қилади. Палмер маош учун эмас,
балки бу ишдан оладиган завқ учун ишлаётганини Лумис, шубҳасиз, биларди.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |