www.ziyouz.com кутубхонаси
140
Палмер афтини буруштирди:
— Сал тушунарлироқ қилиб айтсангиз-чи!
— Биз газетчиларнинг ўз лаҳжамиз бўлади, — деди жувон, яна қадаҳни олиб. — Аммо
тимсол яратиш — бу барибир ниманидир англатади. Оммада сиз ҳақингизда бир тасаввур
пайдо бўлган, яъни жамоадаги сизнинг борлигингизни биладиганлар ичида. Мақола “Стар”да
пайдо бўлгандан кейин сиз машҳур бўлиб кетасиз, сиз ҳақингиздаги тасаввур янада муфассал
бўлади, муфассаллик эса ижобий бўлади: омилкор, ақлли, иродали, оёғида маҳкам турадиган
одам.
— Бундай тимсолни сиз тўғри деб биласизми? — Саволни беришга берди-ю, Палмер уни
қайтариб олиш ва абадий ерга кўмиш мумкин эмаслигини англаб, “аттанг” деб қўйди ичида.
Унинг Виржиния Клэри билан муносабатларида нимадир ўзгарганини ва эҳтимол абадий
ўзгарганини у англай бошлаганди. Бу ҳол зиёфатда, улар рақс тушишганида ва кейин, уйга
қайтишганида содир бўлганди. Бу ўзгариш, Палмер ҳозир англаганидек, жувонда содир
бўлганди.
Орага чўккан бир оз сукунат ичида Виржиниянинг юзига қарашга қўрқиб, Палмер бирдан
яққол ва аниқ англадики, улар ҳар доим бир-бирларига қизиқиб келишган. Бу, нафсиламрини
айтганда, мутлақо табиий эди, чунки жувон бевосита унинг қўл остида ишлайди. Шу билан
бирга улар Шрафтникида зиёфатда бўлган оқшомда Палмер зиёфат охирига келиб
Виржиниянинг унга нисбатан қизиқиши совуганини яққол ҳис этганди. Фақат хизмат юзасидан
муносабатларгина қолганди, лекин бу жуда илиқ муносабатлар эди. Кечаги тундан кейин бу
совуқлик эриб кетди. Энди ўзини ҳеч нимани билмагандай қилиб кўрсатиш қийин. Бу
одамларча муносабатлардаги энг ёмон жиҳат, ўйлади у. Бу тахлитдаги манфаатдорликни узоқ
вақт менсимаслик ва ишчан вазминликни сақлаб туришнинг имкони йўқ. Илиқ муносабатга
жавоб қайтарсанг бўлганди, ўша заҳоти тузатиб бўлмас хатога йўл қўйганини биласан-қўясан.
Масалан, тимсолнинг садоқати ҳақида савол бериш унга шунчалик зарур келганмиди?
— Бу садоқатли тимсол, — ниҳоят Виржиния шунчалик жиддий оҳангда жавоб бердики,
Палмер унга қарашга мажбур бўлди. Жувон хиёл ўзини орқага ташлаб ўтирар, кўзлари чуқур
ғорлар ичидан уни ортиқ кузатмас эди. Шифтдан тушаётган нур унинг бўртиқ ёноқларини
текислагандай эди.
— Бу садоқатли тимсол, — такрорлади жувон, — Вуди-Палмер-кичик исмли мен кўрган одам
тимсоли.
— Мистер Палмер телбалик тимсолими?
Жувон бош чайқади:
— Мураккаб мистер Палмернинг тимсоли. — Виржиния хўрсиниб қўйди ва ўз қадаҳидан
озгина ичди. — Жуда аччиқ экан, — деди у. Кейин яна ичди. — Жуда яхши виски экан.
— Бўлмаса-чи!
— Биз Макка тўлайдиган пулларни назарда тутганда, — деди жувон, — у ўзига энг яхшисини
сотиб олишдан қайтмайди.
Палмер ўрнидан турди.
— У бешу ўттизда келиши керак эди. — Телефон қидириб, Палмер атрофга аланглади, уни
топди-да, рақам терди.
— Айтмоқчи, — деди Виржиния, — назаримда, Мак шу марканинг импортчиси бўлади ва
ҳойнаҳой, вискини бепул олади.
Палмернинг қулоғига телефончи қизнинг овози чалинди:
— Мистер Бернс ўзидами? — сўради Палмер. — Бу мистер Палмер. — У тинглаб турди,
ташаккур билдирди ва гўшакни қўйди. — Коммутатордаги қизлар алдашни дўндиришади деб
ўйлагандим.
— У муҳим мажлисга кетган эканми? — тахмин қилди Виржиния.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |