www.ziyouz.com кутубхонаси
130
— Мутлақо тўғри, — Лумис яна бир неча бор бошини ирғади. — Омма ҳар доим сал бўлмаса
ошкора ичиқоралик билан муштлашувни кузатиб туради. Масалан, чакана нархлар атрофидаги
муштлашувни. Оммага эса ким енгилишининг мутлақо фарқи йўқ. У энг арзон нархда ҳамма
нарсани сотиб олса бўладиган пайтни кутиб туради, холос. Мақола учун аъло сарлавҳа:
“Банкирлар бир-бирнинг гўштини ғажишга тайёр”. Омма бундай нарсаларни кўзига суртади.
Банкирлар муштлашиб ётганда ўз маблағига йилига чорак фоиз қўшимча қидириб, маблағ
қўювчиларнинг тит-питини чиқарадилар, гўё бу уларни Қорунга айлантирадигандек. Ким ютиб
чиқади? Омма; лекин биз эмас. Шу жойда фикримиз бир жойдан чиқар?
— Мутлақо.
— Сиздай тажрибаси бор одамга, — тезгина давом этди Лумис, — бошқа одамлардан фарқли
ўлароқ, банкирлар уларнинг ахлатни кулбадан олиб чиқишдек дабдабага йўл қўя
олмасликларини тушунтириб ўтиришнинг асло ҳожати бўлмаса керак. Гапим тўғрими, хўш,
нима дейсиз?
— Ҳа, ҳа, сиз ҳақсиз.
— Бошқалар учун, биз учун озуқа бўладиган нарса заҳардир, шундай эмасми? — қўшиб
қўйди Лумис.
— Тўғри.
Бундай тутуруқсизликдан завқланиб, Палмер ўзини ўриндиққа ташлади. “Қорунга ўхшаган
бой” — кинояли кулди у, — “кулбадан чиққан ахлат”, “заҳар”. Бундай эски ғоялар ёрдамида Жо
Лумис қандай қилиб юксакликларга етиб оларди? Юравериб текисланган темир из барибир
мустаҳкам бўларкан-да.
— ... агар таъбир жоиз бўлса, бу воқеани силлиққина юздан сидириб ташлаш керак, —
давом этди чол, — то у Олбанигача етиб боргунча. Қонун бунга қўл уриши ҳамон биз ҳаммамиз
мушкил аҳволда қоламиз.
Палмер эҳтиромли бош ирғаб қўйди, пайт пойлаб турди, иложи борича кўпроқ самимий
гапиришга ҳаракат қилиб деди:
— Буни сиз филиаллар ҳақидаги қонун лойиҳангизни қайтариб олишга тайёрсиз деган
маънода тушунишимиз жоизми?
Лумис ўриндиққа оғир чўкди ва бир нафас Палмерга у нишонга ургандек туюлди. Унинг туб
сабабини билгандан кейин энди бу қизиқ ўйиндай бўлиб қолди. Бироқ Лумиснинг чекингандек
бўлиб кўриниши бор-йўғи официантнинг столга яқинлашиб келиши туфайли экан. Официант
яшин тезлигида нарсаларни жой-жойига қўйди-да, яшин тезлигида ғойиб бўлди. Палмер
чолнинг ўз жўжасини санчқи билан айлантираётганини кузатиб турарди.
— Сиз буни ҳечам бу маънода тушунганингиз йўқ, — ниҳоят сукунатни бузди Лумис. У
Палмерга қараб қўйди. — Мени огоҳлантиришларича, сиз ғоят қобилиятли эмишсиз, —
хотиржам қўшиб қўйди у ва яна жўжани титкилай кетди.
— Мен фақат бир нарсани айтмоқчи эдим, — давом этди Палмер, — токи омонат банклари
филиаллар тўғрисидаги ўз қонун лойиҳаларида қаттиқ турар эканлар, бу ишни йўлга қўйиш
қийин бўлади.
— Биз бунга эришолмасак-чи? — Лумиснинг кўзлари ликобчадан узилиб, Палмерга қадалди.
— Унда биз ҳеч нарса учун жанг қилмаймиз.
— Бу сизнинг фикрингизми ё Лэйнникими?
Палмер елка учириб қўйди-да, ўз қовурдоғидан бир бўлак гўшт узди.
— Менимча, бундай нуқтаи назар ҳар биримизга ҳам маъқул келса керак.
У қовурдоқдан татиб кўрди ва қайла у клубга даставвал келганидагидан заррача кам
эмаслигига иқрор бўлди.
— Филлиаллар ҳақидаги қонун лойиҳаси бўлмаса, улар учун жанг ҳам бўлмайди.
Лумис бош ирғади:
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |