www.ziyouz.com кутубхонаси
126
Унча катта бўлмаган “олдсмобил”дан тушар экан, Палмер ишбилармонлар туманидаги ленч-
клублардан айримларигина мана бунга ўхшаган фахрли ёшдалиги билан мақтана олишлари
мумкин, деб ўйлади. Бу туманга одамлар дарёдай оқиб кела бошлаши муносабати билан
урушдан кейиноқ бу ерда кўплаб шунақа клублар пайдо бўлганди. Вақтинчалик инқироздан
сўнг биржадаги урушдан кейинги савдо-сотиқлар ўн минглаб янги асалариларни эски асалари
мумига жалб қила бошлади. Эски фирмалар ғовлаб кетди, янгилари эса ахлатхонадаги
қуртлардай урчий бошлади. Барча ресторан ва қаҳвахоналар, шу жумладан, яқинда
очилганлари ҳам тўда-тўда бостириб келаётган мижозларни эплаёлмай қолдилар, кундузлари
ҳамма жой лиқ тўлган бўларди ва фирмалар ўз ходимларини ленчга навбатма-навбат
чиқаришларига тўғри келари.
Аммо бу эски клуб ундан анча олдин, биржа уй бекалари ва гаражларнинг механиклари иш-
аъмоллари майдони бўлиб қолган вақтда ташкил этилган эди. Анча олдин, Америка маблағига
асос солувчилар доирасига “пулдан бошқа йўқотадиган ҳеч нимаси йўқ одамлар” бостириб
киргунга қадар рўй берганди бу ҳол. Ватанпарварлик туйғуси очкўзлик туйғуси билан ажойиб
тарзда чиқишиб кетган биржа шарҳловчилари юқоридагидек таъриф берганлар.
Фирманинг кичик шериклари, биржа ишбилармонлари ва маслаҳатчилар рўпараларида
ҳозиру нозир клерклар ва гумашталарни кўрмай, тинчгина овқатланиб олишлари мумкин
бўлган янги ленч-клублардан фарқли ўлароқ, бу клуб мижозлар ихтиёрига яна барни ҳам,
биллиардхонани ва қартабозлик хонасини ҳам тақдим этганди. Гоулд ва Морган каби
Филкенинг ўзи ҳам бир вақтлар шу клубнинг аъзоси бўлган эди. Аммо Барух каби ҳам, Отто
каби ҳам эмасди. Мана шунақа бўлган эди бу клуб. Ўз вақтида у клуб рўйхатига дунёга
эндигина келган тўнғич ўғли Хэнлини ҳам бир қадар тараддуд билан киритиб қўйганди. Аммо
рўйхатга иккинчи ўғли Вудсни киритишга ҳеч шошмаётганди.
Палмер ичида клуб жойлашган эски бино вестибюлига кириб келди ва лифтнинг каштасимон
темир панжараси олдига келиб тўхтади. Бундай эски уй аллақачон бузиб ташланиши керак эди.
Ўттизинчи йилларда унинг ўрнида тўйбоп тортга ўхшаган дидсиз нақшли, гранитдан тикланган
ҳапқат бир иншоот ёки қуруқ темир-бетон қутича юзага келган бўларди. Кейинги беш йил
давомида эса бу ерда замонавий шиша аквариум-уй барпо этишлари мумкин эди, деб мушоҳада
юритарди Палмер, эринчоқлик билан пастга шўнғиётган лифт шовқинига қулоқ солганча;
бутун бино, афтидан, клубга кирарди, бошқача бўлиши мумкин эмасди. Фақат клуб
аъзоларининг уриниб-чиранишлари туфайлигина бу уй тараққиётнинг қақшатқич ҳужумларига
қарши туриб бера оларди. Ҳозир ҳам ўз умрини яшаб бўлган даврда ўзига хос бир ёдгорликка
айланганди.
Даққиюнусдан қолган қулф билан бирмунча олишувдан кейин камида етмишни уриб қўйган
лифтчи чол ниҳоят лифт эшигини очди ва Палмер хоначага кирди.
— Клубга, илтимос.
Палмер лифтчининг оппоқ кўркам соқолига разм солди. Эшик ёпилди ва лифт қандайдир
жангир-жунгур ва қулқ-қулқ қилган овозларга жўр бўлиб тепага кўтарила бошлади. Палмер
қошини чимирди: наҳотки, бу бино шу қадар эски бўлсаки, ундаги лифт ҳали ҳам сув босқони
билан ишласа?
— Қулқуллаётган нима? — сўради у лифтчи чолдан.
Чол аста бурилиб, унга қулоғини тутди:
— Кечирасиз, бир нима дедингизми?
— Йўқ, ҳеч нима.
Улар тантанавор сукут сақлаб аста кўтарилиб борар эдилар, гўё ложада филармония
жойлашган-у, улар лифт шовқинини эмас, симфоник куй тинглаётгандай.
Ўн иккинчи қаватда лифтчи лифтни вақтидан олдин тўхтатди, кейин улар керакли ҳолатдан
тепага ўтиб кетишди ва чол бир қанча шунақанги мураккаб ва шовқинли уринишлар қилишига
тўғри келдики, бутун кабина силкиниб кетиб, Палмернинг ҳатто бироз кайфи ҳам учди.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |