www.ziyouz.com кутубхонаси
123
— Лекин Бернс Ғарбий соҳилдан келган-ку, — деди Палмер. — Унда бундай мойиллик
қаёқдан пайдо бўлдийкин?
— Бернс қачондан бери Ғарбий соҳилга тушиб қолибди? Жинсий алоқага ҳаддан ортиқ ружу
қўйиш — уларни Ўрта Ғарб аҳолисидан ажратиб турадиган нарса шу.
— Бу менга кеча кечқурун Бернс айтган нарсани эслатиб юборди. — Бу эътироф Эдисга
қандай таъсир қилишини кўриш истагида Палмер қаҳвадан усти-устига бир неча бор ҳўплади.
— Бечора сени тушунмайди, холос, азизим, — деди Эдис.
— Мак Бернс тушунмайдиган ҳодисалар ҳақида сен бутун бир китоб ёзсанг бўлади.
— Сен ҳақингда, масалан.
— Умуман бундай ҳодисалардан кўпи йўқ, — деди Палмер, гапининг оҳанги равон чиқиши
учун бир қадар салмоқ билан.
Кейинроқ машинада ўтириб, банкка йўл олганида Палмер хотини билан ўзи ўртасидаги
суҳбатни хаёлан тиклади ва муносабатларидаги бу пинҳоний кескинликнинг нимадан келиб
чиққанини англашга уринди. Аввалига у барибир ўзини қўлга олишга ҳаракат қилган бир
менинг ўзимман деган тўхтамга келди. Хотини эса ўзини бутунлай бемалол ҳис қилаяпти.
Бироқ у хаёлидан бутун суҳбатни тиклаганида юрагида шундай бир ташвишли ҳиссиёт пайдо
бўлдики, унинг ҳар бир сўзи замирида бошқа, тилга олинмаган маъно яширинган бўларди.
Хонасида ўтириб, “келиб тушган ҳужжатлар”даги бир чақага қиммат қоғозларни асабий ўчирар
экан, Палмер шу мулоҳазалардан бирваракай қутулишга ҳаракат қилди. Бу унинг бошини икки
баравар оғритишдан бошқа ҳеч нарсага олиб келмади. Соат 10 да Виржиния Клэри келганида у
аввалига жувоннинг келганидан хурсанд бўлди, бироқ кўп ўтмай у ҳам жаҳлини чиқара
бошлади.
— ... меҳрибон Бернс билан оқшомларинг беҳуда ўтмагандир, — деди жувон дабдурустдан
— Зерикарли, файзсиз ва ҳеч қандай ҳудасиз, — бидирлаб жавоб қайтарди Палмер. — Бу
оқшомга боришдан бош тортиб, ақлли иш қилган экансиз.
— Аёлларга ҳар доим Бернс билан яхши муносабатда бўлиш тавсия этилади.
Қовоғини уйиб, Палмер жувон келтирган қоғозлардан кўзини олди.
— Бу билан нима демоқчисиз? — кескин оҳангда сўради йигит.
— Ҳеч нима.
Қовоғи уйилган ҳолда Палмер жувонга, унинг силлиқ ёноғига ва хотиржам катта-катта
кўзларига диққат билан разм солди. Жувоннинг аъло кайфиятию гул-гул яшнаб туриши нима
учун унинг ғашини келтираётганини ўзи ҳам тушунмаётганди.
— Балки унинг мавқеи ҳақида сиз барибир аниқроқ бир гап айтарсиз? — қайсарлик билан
сўради Палмер.
— Аёлларга алоқадорлиги ҳақидами? — жавоб берди саволга савол билан Виржиния.
— Ҳа, — ҳорғин деди Палмер, — ҳеч бўлмаганда аёлларга алоқадорлиги ҳақида.
— Бохабар одамларнинг айтишича, у ўн-ўн беш нафар кино қаҳрамонлари билан довлаша
олар экан.
— Жин урсин! — тоқати тоқ бўлди Палмернинг. — Энди бу билан қатиқ ялашмаган бир
Бэркхардт қолувди... — Чолни унинг хизматкори борлигида ёмонлаши яхши эмаслигини жуда
кеч англаб, у тўхтади. — Бўпти, ҳечқиси йўқ, — сўзини тугатди у ҳорғин. — Бу гапларни
қўяйлик.
Бирмунча муддат жувон унга жим қараб қолди, сўнг бошини қуйи солди. Чидаб бўлмас бош
оғриғига қарамай Палмер жувон энди унинг қаршисида тик қотиб илгаригидек ҳуркиб
турмаганини пайқади. Виржиния ўзини эркин ҳис этарди, бу эса яхши эди. Ким билсин, балки
яхши эмасдир ҳам? Бундай эркин қўйиб қўйиши дурустмикан? Палмер миясидаги фикрлардан
халос бўлишга ҳаракат қилгандай бошини айлантириб қўйди, бироқ қайтанга боши яна ҳам
қаттиқроқ оғриди.
— Мен жуда ачинаман, — қулоғига чалинди унинг.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |