www.ziyouz.com кутубхонаси
121
— Бу ёққа, — деди Бернс Саттон Плей томон кетадиган йўлни кўрсатиб. — Кўраяпсанми, ҳов
ана, “Элдерадо” олдидаги дарахт тагини.
— Қўлингизни олинг!
— О, қанчалик мағрурмиз-а!
— Керак эмас менга машинангиз, — оёқ тираб олди Палмер, — керак эмас менга
аёлларингиз. Бекорга овора бўласиз. Тушундингизми?
— Аёлларни қўявер, аммо машинага йўқ демайсан.
— “... Енгил ширин ҳаёт ботқоқдай мени тортиб кетди...” — Палмер қўлини Бернсдан силтаб
тортиб олди ва пастак узун қора “кадиллак” ёнидан ўтиб, кўча ёқалаб чопиб кетди. Кейин у
муюлишга бурилди-да, ғарб томонга йўл олди ва охири Биринчи авенюга етди. У ерда нафаси
ичига тушиб, тўхтади, орқаси билан ғадир-будур ғиштин деворга ёпишди. — Бундан кейин
одамга ўхшаб яшай бошлайман, — базўр гапирди у оғзи билан ҳавони ютоқиб ичига тортаркан.
У пешонасидан тер чиққанини сезди. Бўшашиб, рўмолчани қидириб чўнтагини кавлаганча
пастга сирғалиб тушди. Тўсатдан аёл кишининг қадам товушлари қулоғига чалинди. Юзини
артиб, муюлишда пайдо бўлган бир аёл ва бир эркакнинг кўрди. Улар Палмернинг шундоқ
ёнидан ўтиб кетишди ва унга ҳатто қиё боқиб қўйишмади ҳам. Яна битта шаробхўр-да, тағин
башанг костюм кийиб олгани-чи.
Улар қоронғилик қўйнига ғойиб бўлгунча у узоқлашиб бораётган аёл қораси ортидан қараб
қолди. Кўзларини ярим юмди, яна очди ва Биринчи авенюдан аста ўтиб кетаётган таксини
кўрди. Қоқила-суқила у қўлини силкиб, кўча ёқалаб такси ортидан чопди, шу чопганича
кучининг борича чопиб кетаверди, кетаверди, кетаверди.
Йигирма учинчи боб
Кун омадсиз бошланди. Ҳар доимгидек Эдис болаларни мактабга кузатиб қўйиш учун соат
олтида турди. Палмер эса уйғониб, қимирлашга ҳам улгурмай, боши зирқираб оғриётганини
ҳис этди. Оғриқдан афти буришиб, у каравот ёнидаги тумбочка устида турган соатга чўзилди.
Аллақачон саккиз бўлибди. Каравотда ўтираркан, у дарҳол ўзига келди ва болалари билан
кўришолмаслигини англади, банкка кеч қолади, ҳаммадан ҳам мана бу чидаб бўлмас бош
оғриғини айтмайсизми!
Нонушта ҳам ҳеч қандай енгиллик бермади. Икки дона аспирин ҳозирча таъсирини
билдиргани йўқ, у ва Эдис ўртасида юзага келган кескин вазият — у буни ҳис қилиб турарди —
дард устига чипқон эди, холос. Ҳарҳолда унга шундай кўринди. У кўз тагидан хотинини
кузатар, у ҳам шу нарсани ҳис қилаётибдими, йўқми шуни билишга ҳаракат қиларди, ёки унинг
ўз кайфияти шунақа кескин вазият яратаётибдими?
— “Таймс”даги дастурхоннинг унча файзи бўлмаган, шекилли, — деди Эдис. — Балки у ёққа
бормаганингда дуруст бўлармиди?
— Биронтаси ҳам боришга арзимайди, — минғирлаб деди Палмер.
— Унда нега...
— Мақсадларим бор эди, — хотинининг гапини бўлиб деди у. — Репортаж учун мавзу
қидириб, уни тополмаган “Таймс” репортёрлари мақсадидан сал бўлакча. Мени кўриб
қўйишлари учун борган эдим у ерга ва ниятимга етдим.
— Ўз бурчимни бажардим, — қуруққина қилиб жавоб қайтарган бўлди Эдис.
— Мутлақо тўғри.
Хотини индамай газетага кўз югуртира бошлади, бироқ Палмер ораларида гўё қандайдир
изҳор этилмаган фикрлар ҳавода муаллиқ осилиб тургандек ҳис этмоқда эди. Кўриниб
турганидек, хотинининг зиёфат ҳақидаги суҳбатни давом эттиришга мойиллиги йўқ эмасди,
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |