www.ziyouz.com kutubxonasi
13
қиссаси муҳокамаси бўлади. Мен бу аҳволдаман. Муҳокамани ўзингиз ўтқазиб берасиз, —
дедим унга ялингандек. Индинга Хорунбой ака ёзувчи меҳмонларни бедана овига олиб
чиқмоқчи. Тоза ҳавода маза қилиб, бир айланиб келасиз.
Биламан. Умарали бедана овига бормайди. Ўқ еб типирчилаб жон бераётган беданаларни
кўришга юраги дош беролмайди.
У болалик пайтларида уйда қўй сўймоқчи бўлсалар, уни қариндошлариникига жўнатиб
юборардилар. Кўрса мутлақо гўшт емай қўяди, деб шундай қилардилар. То у келгунча терисию
калла-почасигача кўз тушмайдиган жойга яшириб қўярдилар.
Шунақа инжик одамларнинг хотинига осон тутиб бўлмайди. Кунига неча марталаб
дастрўмолу кийим-бош алмаштирадиганларнинг хотини кир ювишдан бўшамайди. Унинг
хотинидан, келин, тирикчилик қалай, деб сўрайман.
— Дорилфунунга қўшнилигимиз ҳам бошимизга бало бўлди. Ликка-ликка кириб
келаверадилар. Битта бефаҳм мен билан қучоқлашиб кўришди, деб чўмилиб кийим
алмаштириб чиқиб кетадилар, сал вақт ўтмай, қўли терлайдиган биттаси кўришиб кафтимни
жиққа шилта қилиб юборди, деб яна ювингани келадилар. Дорилфунундан оладиган маошлари
фақат совунга етади. Газета-журналлардан, радиодан, телевизорлардан оладиган қалам
ҳақларини нон пули қилиб ўтирибман.
Келин тагдор гапни тушунадиган бешариқликлардан эди.
Умарали билан анча гаплашиб ўтирдик. Руҳим енгил тортгандек бўлди. У эртага албатта
«Севгим — севгилим» учрашувини ўзи ўтқазишга сўз бериб чиқиб кетди.
Бош шифокор ҳам гапни топиб-топиб гапирадиган серҳазил киши экан.
— Жуда эрка касал чиқиб қолдингиз. Серқалампир аччиқ шўрва ичиб, ўралиб ётса тузалиб
кетадиган нарсаку, бу. Бугун ётиб бир ухланг, эртага ҳайдаласиз. Кўряпсизми, сиздан бошқа
битта ҳам «бемор» йўқ. Бир ўзингизга қозон-чўмич, идиш-товоқ қилиб шунча одамни овора
қилиб ўтирибмиз.
Дарҳақиқат, бу шифохонада мендан бошқа битта ҳам даволанувчи йўқ эди. Билишимча,
ҳамширалар, фельдшерлар, шифокорлар ёрдамчи хўжаликка у-бу экиш, экилганларининг
тагини чопиш, суғориш учун боришлари керак. Мени ташлаб кетишолмаяпти. Инсоф ҳам керак,
дедим ўзимга ўзим.
Эрталаб соат ўн бирларда бош шифокорнинг ўзи мени «тез ёрдам» машинасида учрашув
бўлаётган жойга олиб борди. Машинага жавоб бериб юборди-да, ўзи қолди.
— Мана, эрка касалларингни олиб келдим. Отнинг белига мушт урса умуртқасини
синдирадиган одам ўзини касалга солиб ўтирипти-я?
Учрашув энди бошланаман деб турган экан.
Ажаб, учрашув қатнашчилари асосан хотин-қизлар эди. Онда-сонда ўғил болалар ҳам
кўриниб қоларди. Учрашувда негадир эркак муаллимлар кам эди. Адабиёт муаллималарининг
ҳаммаси шу ерда.
Умарали меҳмон ёзувчиларни бир-бир таништириб, учрашувни бошлади. Маслаҳат билан
учрашув савол-жавоб йўсинида ўтадиган бўлди.
Кўринишидан шаддодлиги билиниб турган бир қиз ўрнидан турди. У оғзидаги қоплама
тилла тишни яқинда қўйдирган бўлса керак, бўлар-бўлмасга оғзини катта очиб куларди. Кулиб
бўлгандан кейин ҳам оғзи очиқлигича қоларди. Унинг офтоб уриб қорайган юзи, шамолда
ёрилиб, қалинлашиб кетган лаблари орасида тилла тиши чақнаётганга ўхшарди.
— Ҳурматли Ўлмас акамиз битта саволимга жавоб берсалар... — У қўлидаги «Севгим —
севгилим» китобини баланд кўтариб кўрсатди. — Бу китобни эшикдаги аячамиз ўқиганларми?
Ўлмас, ҳа, ўқиган, деб жавоб қилди.
— Ҳеч нарса демадиларми?
— Китоб менга ёкди, табриклайман, деди. Савол берган қиз ёқасини ушлади.
— Ё тавба! Индамадиларми, а?
Киприкда қолган тонг (қисса). Саид Аҳмад
Do'stlaringiz bilan baham: |