www.ziyouz.com kutubxonasi
15
Зеби, Зеби Зебона,
Мен кўйингда девона,
Заҳар қилиб ошингни,
Пирим еди бошингни.
Зеби, Зеби Зебарим,
Қайда қолдинг, дилбарим...
— «Кеча ва кундуз»ни қаердан топиб ўқидинг? — деди оқсоқол.
— Топтим-да, Ёзёвонимизда тўққизта одамда бу китобнинг қўлда кўчирилган нусхаси бор.
Шулардан биттасини ўқидим-да!
— Ёзувчи китобни бошламасдан олдиноқ ким ўлади, ким қолади, белгилаб олади. «Олтин
девор» билан «Келинлар қўзғолони»ни ўқинг. Уларда битта ҳам одам ўлмайди. Уларда ҳамма
«Аршин мол олон»дагиларга ўхшаб мурод-мақсадларига етадилар. Шундай қилса бўлар экан-
ку!
Умарали унинг бу гапларига қулоқ солиб ўтирар экан, китоблар тўғрисида болаларча
чиқазган хулосаларини ўйларди. Қизгина ишлаб туриб кечки мактабни «олтин медал» билан
тугатибди. Адабиётнинг қонун-қоидаларини мутлақо билмайди. Буни унга тушунтирадиган
одамнинг ўзи йўқ. Ўзича тўғри-нотўғри хулосалар чиқариб юрипти. У жон-жахди билан китобга
ёпишиб олган. Қува тарафларда унчалик кўп ўқийдиган китоб «жинниси» йўқ, деса бўлади.
Қани энди унга бир раҳнамо топилса, Тошкентга ўқишга юборса. У дорилфунунда устозлардан
сабоқ олса, яхшигина ўз сўзли адабиётшунос чиқармиди.
Ҳозиргина «Оқсоқол»дан эшитадиганини эшитиб дили вайрон бўлган Ғупра қовоқ-думоғини
осилтириб ўтирарди. Умарали ёнида ўтирган Қуванинг котиби Эрматовга шу фикрини айтган
эди, у ўйланиб қолди. Юзларини офтоб қорайтириб сополга ўхшатиб қўйган, қир шамоли
лабларини пўрсилдоқ қилиб ташлаган бу қишлоқ қизининг бир кун келиб катта олим бўлиб
кетишини сира кўз олдига келтиролмасди.
— Аввал менга айтинг, шу қишлоқ қизидан олим чиқадими?
— Чиққанда қандоқ. Катта олимларнинг кўпчилиги қишлоқдан чиққан. Бу қиз «Ўн
йилликда» олган сабоғи билан ўзини билағон санаб, хар балоларни валдираб юрипти.
Тошкентга борса эси кириб қолади.
— Агар шундоқ бўлса ҳар қанча харажат бўлса Қуванинг бўйнида.
— Ҳеч қанақа харажат бўлмайди. Дорилфунунга кирувчи қишлоқ болаларига имтиёз
берилади. Ундан ташқари бу қиз кечки ўн йилликни «Олтин медал» билан битирган. Битта
имтиҳон билан ўтиб кетади. Қолаверса Ўлмасбек билан иккавимиз қараб турмасмиз.
Ғупра «Оқсокол»га нима, арпангизни хом ўриб қўйиппанми! деб хурпайиб ўтирарди.
Эрматов уни имлаб ёнига чақирди. «Оббо, энди райком бовадан ҳам гап эшитаман шекилли»,
деб ҳадиксираб олдига борди.
— Ўтир, — деди Эрматов худди ўз қизига айтаётгандек. — Тошкентга ўқишга юборсак
борасанми?
— Бораман, — деди Ғупра ҳеч иккиланмай. Ғупралар оиласи Қашқадарёнинг Нишон
районидан кўчиб келган. Отаси трактор кетида пахтага дори сепиб юриб ўпкасини хаста қилиб
қўйган экан. Бу оила водийга тоза ҳаво истаб келиб қолган эди. Ўша кезларда Марказий
Фарғона чўлларини ўзлаштириш жадал кетаётган эди. Шу баҳона бўлиб улар Ёзёвон фуқароси
бўлиб қолган эдилар. Ота болаларини етим қолдириб оламдан ўтиб кетди.
— Рўзғорга қарашадиган сендан бошқа яна ким бор?
— Иккита акам бор. Биртаси Қўқонга қатнайдиган автобусда ҳайдовчи. Биртаси маиший
хизмат комбинатида райкомларга, исполкомларга зўр костюмлар тикади...
— Ия, Алиқул «портной»нинг синглисимисан? У жуда кўп пул топадиган бойвочча йигит.
Сенга ёрдам қилиб кундузги мактабга ўтқизмаган экан-да.
Киприкда қолган тонг (қисса). Саид Аҳмад
Do'stlaringiz bilan baham: |