Чингиз Айтматов. Сарвқомат дилбарим (қисса)
www.ziyouz.com kutubxonasi
6
эриб кетиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун доим сув олиб юриш керак. Дастлаб мен ҳам қандай
бўлмасин, машинага кўпроқ юк ортиш чораларини кўзлаб узоқ вақт бош қотирдим. Бироқ ҳеч
нима чиқмади. Ҳарқалай, тоғ тоғлигини қилади.
Шундай бўлса ҳам ўз ишимдан кўнглим тўқ эди. Бу ернинг ўзи ҳам, табиати ҳам менга
ёқарди. Автобазамиз шундайгина Иссиқкўлнинг қирғоғида жойлашган эди.
Бу ерга чет эллик
туристлар ҳам келиб туришарди. Улар кўл соҳилида сеҳрлангандек бир неча соатлаб томоша
қилиб туриб қолишарди, ана шундай пайтларда мен ўзимча: «Қаранг, Иссиқкўлимиз қандай
ажойиб! Бунчалик гўзал, бунчалик кўркам манзарани топа олиш мумкинми?..» — деб
фахрланардим.
Дастлабки кунларда негадир бир оз сиқилиб юрдим. Баҳор, ишлар қайнаган пайт, сентабрь
Пленумидан кейин дастлабки кунларданоқ колхозчилар қурилиш ишларини авж олдириб
юборишган эди. Улар бутун вужуди билан ишга шўнғиб кетишди-ю, аммо техника етишмасди.
Шунинг учун ҳам автобазадаги машиналарнинг бир қисмини колхозларга ёрдамга юборишарди.
Айниқса,
ишга янги кирганларни, шу жумладан, мени ҳам нуқул ўша ёққа юборишарди.
Трассага ўтиб, энди йўлга кўникдим деганда, яна у ердан олиб овулларга ҳайдашарди. Ишнинг
қанчалик муҳим ва зарур эканлигини тушунардим. Аммо мен ҳарҳолда шофёрман, машинага
жоним ачирди-да. Машина эмас, балки мен ўзим ўнқир-чўнқирлардан сакраб отилиб, қишлоқ
бўйлаб лой кечиб бораётгандек бўлардим. Йўллар шунақанги расвоки, бунақасини ҳатто
тушингизда ҳам кўрмагансиз.
Кунлардан бирида янги молхона учун колхозга шифер олиб бораётгандим. Бу овул тоғ
этагида жойлашган бўлиб, унга борадиган йўл ҳам худди ана шу тоғ ёнбағридаги дашт бўйлаб
ўтарди. Машина бемалол бораётган эди, йўл ҳам селгиб қолган экан. Бироқ
овулга етай деб
қолганимда, машинам бирдан қандайдир ариққа тиқилиб қолди. Бу йўл баҳордан бери
юрилавериб шунчалик ағдар-тўнтар қилиб ташланган эдики, ҳатто туя чўкиб кетса ҳам топиб
олиш қийин эди. Ундай қилиб кўрдим, бундай қилиб кўрдим, машинани турли томонга ҳайдаб
кўрдим — ҳеч нарса чиқмади. Лаънати лой уни қаърига шунчалик тортиб кетган эдики, худди
қисқичда тутиб тургандек, ҳеч қаёққа қўзғатмасди. Бунинг устига рулни жаҳл билан қаттиқ
буриб юборган эканман, машинанинг қаеридир шилқ этиб чиқиб кетди.
Яна унинг остига
киришга тўғри келди. Ҳаммаёғим лойга беланиб қора терга тушиб, йўлни оғзимга келган сўзлар
билан сўкиб ётган эдим, кимнингдир шу томон юриб келаётган оёқ шарпасини эшитиб қолдим.
Ётган жойимдан менга фақат резина этиккина кўринарди. Этиклар яқинлашиб келиб, қаршимда
қимир этмай тураверди. Жаҳлим чиқиб кетди. Нимани томоша қилади-я, цирк борми бу ерда!..
—
Қани, тепамда турма, йўлингга равона бўл! — деб қичқирдим машина остидан. Эскириб,
гўнг тегиб ифлос бўлиб кетган кўйлак этагига кўзим тушиб қолди. Назаримда, аллақандай
кампирга ўхшади, овулга олиб бориб қўяр, деб кутиб турган бўлса керак.
—
Йўлингдан қолма, кампир! — дедим унга яна. — Бу ерда ҳали анча вақт айланишиб
қоламан, кутавериб тоқатинг тоқ бўлади...
У бўлса:
—
Мен кампир эмасман! — деди.
У бу сўзларни қандайдир ишончсизлик билан уялинқираб айтган эди.
—
Кимсан бўлмаса? — дедим аччиғим чиқиб.
—
Қиз боламан.
—
Қиз боламан? — деб этикларига яна кўз қиримни ташладим. Жеркиб берганлигим учун
хижолат тортиб, буёғини ҳазилга бурдим:
—
Чиройлимисан? — деб сўрадим.
Этиклар кетишга ҳозирланиб, четга қараб одимлай бошлади.
Шунда мен дарров машина
остидан чиқдим. Қарасам, ҳақиқатан ҳам қошлари жиддий чимирилган ва каттакон,
кўринишидан отасиники бўлса керак, камзулини елкасига ташлаб олган қизил дуррачали,