www.ziyouz.com kutubxonasi
3
Эҳтимол, ҳозир биз поездда елиб бораётган бу ердан ўша чавандоз ҳам қачонлардир
юргандир... балки ўшанда, худди ҳозиргидек, дашт уфқида шафақ секин-аста оч-сариқ тусга
кириб, сўна борган, тоғ бағридаги қор эса худди ҳозиргидек қуёшнинг сўнгги шуълаларини
эмиб, пушти рангга кирган-у яна дарҳол хиралашиб сўниб қолгандир.
Дераза ортидан боғ-роғлар, токзорлар, қулф уриб ётган кўм-кўк маккажўхори далалари ўтиб
борарди. Янги ўрилган барра йўнғичқа ортилган қўш отли арава темир йўл чорраҳаси томон
йўртиб борарди. У шлагбаум олдида тўхтади. Қуёшда қорайган, ранги унниқиб кетган йиртиқ
майка кийиб, иштонини тиззасигача шимариб олган аравакаш бола ўрнидан турди-да, поезд
томон ҳавас билан боқиб, илжайганича кимгадир қўл силтади.
Радиодан таралаётган куй поезднинг тарақа-туруғуга жўр бўлиб, кишини ҳайратга соларли
даражада бир-бири билан уйғунлашиб кетарди. Отнинг дукур-дукури рельсларнинг туташган
жойига урилаётган ғилдирак товуши билан алмашингандек эди. Қўшним бўлса қўлини столчага
тираб, кўзларини ҳамон ташқаридан узмай ўтирарди. Назаримда, у ҳам ўзича ўша танҳо
отлиқнинг ашуласини унсиз куйлаётгандек эди. У хафами ёки бирон нарсани ўйлаяптими,
ҳарқалай, унинг қиёфасидан бошида қандайдир чуқур қайғу, юрагида ўчмас алам борлиги
сезилиб турарди. У ўзини шу қадар унутган эдики, купеда менинг ўтирганимни ҳам
пайқамасди. Мен унинг юзини кўришга интилдим. Қаерда учратган эдим бу одамни? Ҳатто
буғдойранг қўллари, узун ва бақувват бармоқлари ҳам таниш кўринади.
Ниҳоят уни танидим: бу мени машинасига олмаган ўша шофёрнинг худди ўзгинаси эди.
«
Бирон ёққа ўз иши билан кетаётган бўлса керак», — деб ўйладим ва шу билан хотиржам
бўлдим. Чамадондан китоб олдим. Ўзимни унга танитишимнинг ҳожати бормиди? Эҳтимол, у
аллақачонлар унутиб юборгандир. Шофёрларга йўлда озмунча йўловчи дуч келади дейсизми?
Шундай қилиб, биз яна анча вақтгача ўзимиз билан ўзимиз овора бўлиб, жим кетдик. Кеч
кириб, қош қорая бошлади. Ҳамроҳим чекмоқчи бўлиб ёнидан папирос чиқарди ва гугурт
чақиш олдидан чуқур хўрсиниб қўйди. Сўнгра бошини кўтарди-ю, ҳайратланиб менга қаради ва
шу заҳотиёқ қизариб кетди. Таниди.
—
Салом, оға! — деди у айбдор кишидек кулимсираб. Мен ҳам унга қўл чўздим.
—
Узоққа кетяпсизми? — деб сўрадим.
—
Ҳа... Узоққа! — деди у папирос тутунини таратаркан ва бир оздан кейин қўшиб қўйди: —
Помирга.
—
Помирга! Демак, ҳамроҳ бўлар эканмиз-да. Мен Ўшга кетяпман.
—
Мен ҳам худди ўша томонга.
—
Жуда соз бўлди, зерикмас эканмиз.
—
Эҳтимол, — дея ишончсизлик билан тўнғиллади у.
—
Дам олганими? Ёки ўша ёққа ишга жойлашмоқчимисиз?
—
Ҳа, шунга ўхшашроқ... Чекасизми? — деб папирос узатди у.
Биз папиросни тутатиб, бир оз жимиб қолдик. Дастлаб бошқа ҳеч қандай гапимиз
қолмагандек туюлди. Ҳамроҳим яна хаёлга чўмди. У бошини қуйи солиб, поезд ҳаракатига мос
тебраниб борарди. У, назаримда, биринчи учрашганимиздагига қараганда жуда ўзгариб
кетгандек кўринди. Анча ўзини олдириб қўйган, пешонасидаги уч қатор ажин янада ичкарироқ
ботиб кирган, чимирилган қошлари эса юзига ғамгин соя солиб тургандек эди. У тўсатдан
бошини кўтарди-да, қийиқ қўйкўзларини менга тикиб:
—
Сиз ўшанда мендан қаттиқ хафа бўлгандирсиз-а, оға? — деб сўради маъюс жилмайиб.
—
Қачон? Негадир эслолмаяпман, — мен унинг ноқулай аҳволга тушиб қолишини истамас
эдим. Ростини айтганда, ўтган иш хафа бўлишга арзимасди ҳам. Лекин у менга шундай бир
самимият билан тикилиб турардики, менинг тезда иқрор бўлишдан бошқа иложим қолмаган
эди. — Э, ҳа... унга анча бўлди-ку... Арзимаган гап эди, эсимдан ҳам чиқиб кетипти. Бунинг
нимаси бор экан. Йўлда ҳар хил ҳодиса содир бўлиши мумкин. Сиз ўша учрашганимизни ҳали
Чингиз Айтматов. Сарвқомат дилбарим (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |