Дажла ва Фрот дарёларидаги ороллар ва сув чиқарувчи
иншоотлар ҳақидаги фасл
Абу Юсуф айтади: Эй мўминлар амири, сен мендан Дажла ва Фрот дарёларида сув саёзланиши натижасида пайдо бўлган ороллар ва шу тариқа ҳосил бўлган оролга туташ ер эгаси янги пайдо бўлган ерни сувдан тўсиб, экин экиши ҳақида сўраган эдинг. Агар Дажла ва Фрот дарёларининг суви саёзланиб, орол ҳосил бўлса ва мазкур оролга туташ ер эгаси янги ҳосил бўлган ерни сувдан тўсиб, экин экса бу ер ўша кишига қарашли бўлади. Унинг ўзлаштирилиши ҳеч кимга зарар келтирмаса, мазкур ер ўлик ер кабидир, агар унинг ўзлаштирилиши бирор кимсага зарар келтирса, у ерни сувдан тўсиш ва экин экиш, умуман ўша ерда бирор янги нарса барпо этиш имомнинг рухсати билан бўлади.
Агар Дажла дарёсининг суви саёзланиб Мусо боғининг рўпарасидаги ёки шарқий қирғоқдаги оролга ўхшаш орол ҳосил бўлса, ҳеч кимга у ерни ўзгартириб, бино барпо қилиш ва экин экишга рухсат берилмайди. Чунки бу каби оролнинг суви тўсилиб, экин экилса, бу ўша ердаги ҳовли-жой эгаларига зарар келтиради. Бундай оролни бирор кишига бериш ёки унда янги иншоот яратиш ваколати имомда эмас.
Шаҳар ташқарисидаги ҳудуддаги ерлар эса ўлик ер каби бўлиб, бирор киши унга ишлов берса, ундан султонга улуш ажратади. Агар бир киши ҳеч кимга қарашли бўлмаган ва сув босган водийга тўғон қуриб, сувни чиқариб ташласа ва у ерга ишлов бериб қамишлардан тозаласа, бундай ер ўлик ер кабидир. Шунингдек, бирор киши ҳеч кимга қарашли бўлмаган чакалакзор, денгиз ёки унинг соҳилидаги ерни сувдан тозалаб, унга ишлов берса, бу ер унга тегишли бўлади ва у ўлик ер мақомидадир. Агар бир киши шундай ернинг бир қисмига ишлов берса, лекин бу ернинг эгаси бўлса, унда иккинчи эгасининг ҳаққи йўқ, ерни аввалги эгасига қайтариш керак деб ҳисоблайман. Агар ернинг кейинги эгаси экин экиб улгурган бўлса, ҳосил унга тегишли бўлиб, ерга зарар етказилган бўлса унинг бўйнидадир. У ижара ҳақи тўламайди, лекин кесилган қамишлар унинг зиммасида бўлади, шунингдек, агар бундай ер қуруқликда бўлса, унда ўсган ўсимликлар ҳам унинг зиммасида бўлади, чунки ўсимлик қамиш кабидир.
Агар бир киши сув босган водийга қўра қуриб, унда сув чиқиб кетадиган ариқ қазиса ва бошқа бир киши келиб: “мен сенинг бу ерга ишлов беришингда шерик бўламан” деса, иккинчи киши келгунича биринчиси у ердан сувни чиқариб ташлаган бўлса, бу шерикчилик ноқонуний, агар сувни чиқариб улгурмаган бўлса шерикчилик қонунийдир. Шунингдек, бу каби воқеа қуруқликда бўлса, бошқа бир киши келиб: “мен сенга шерикман” деса, иккинчи киши келгунича биринчиси у ерда ҳовуз, қудуқ қазиса ёки ариқда сув олиб кирса, бу шерикчилик ноқонуний, агар хали қудуқ қазимаган ва сув олиб кирмаган бўлса бу шерикчилик аввалги ҳолатдаги каби қонунийдир.
Агар Дажла ва Фрот дарёларининг суви саёзланиб, бир кишининг уйи ва ҳовлисиниг рўпарасида орол ҳосил бўлса, у киши ўз ҳовлисини кенгайтириш учун ўша оролни қўшиб олишни хоҳласа, бунга ҳаққи йўқ ва рухсат берилмайди. Агар бошқа киши келиб, у ерни сувдан тўсиб, экин экса ва ундан султонга ҳақ тўласа, у ер ўша киши томонидан ишлов берилган ўлик ер мақомида бўлади. Агар ҳовлиси ўша оролнинг рўпарасида бўлган киши у ерга ишлов беришни хоҳласа ва ундан султоннинг ҳақини тўласа, бу ерга у ҳақлироқ бўлиб, ер уники бўлади. Агар сув саёзланиши натижасида ҳосил бўлган оролга тўсиқ қурилиши Дажла ва Фрот дарёларида сузиб юрадиган кемаларга халақит бериб, бунинг натижасида кемадагилар чўкиб кетиши хавфи туғилса бу ер у кишидан тортиб олиниб, аввалги ҳолига қайтарилади. Чунки бу орол мусулмонлар фойдаланадиган йўл мақомида бўлиб, бундай йўлда ҳеч ким уларга зарар етказадиган бирор иншоот қуриши мумкин эмас. Имом мусулмонлар фойдаланадиган йўлнинг бир қисмини бирор кишига ажратиб бериши мусулмонларга зарар бўлиши мумкинлиги жиҳатидан мумкин эмас, унинг бунга ҳаққи йўқ. Агар имом мусулмонлар фойдаланадиган катта йўлни у ерда иншоот қуриши учун бирор кишига ажратиб беришни хоҳласа ва яқин ёки узоқда бўлсин у йўлдан бошқа мусулмонлар фойдаланадиган йўл бўлса ҳам имомнинг бунга ҳаққи йўқ, қонунан мумкин эмас, агар шундай қилса гуноҳкор бўлади. Фрот ва Дажла дарёларининг суви саёзланиб ҳосил бўлган ороллар ҳам шунга ўхшашдир, имомга уларни бирор кишига бўлиб бериш ваколати берилган, лекин у ерларнинг бўлиб берилиши бошқаларга зарар келтирса, бўлиб бериши мумкин эмас. Агар бирор киши у ерда янги иншоот барпо қилган бўлиб, бу бошқаларга зарар келтирса, у аввалги ҳолига қайтарилади.
Эй мўминлар амири, шунингдек сен Дажла дарёсида кемалар ўтиш жойида қурилган сув чиқарувчи иншоотлар ҳақида сўраган эдинг. Уларнинг фойдаси ҳам, зарари ҳам бор, агар улар Дажла дарёсида сузадиган кемаларга зарар келтирса, бошқа жойга кўчирилади ва эгалари уларни аввалги жойига қайтаришига йўл қўйилмайди. Агар зарар келтирмаса ўз ҳолида қолдирилади.
Абу Юсуфга уларнинг зарари шундан иборатки, баъзан сув кемаларни мазкур сув иншоотларининг олдига олиб борса, кема уларга урилиб кетиши мумкин, дейишди.
Абу Юсуф: сув иншоотининг эгаси унга урилиб шикастланган кема учун жавобгар бўлади, имом бу каби ҳолатни эътиборсиз қолдирмасдан, уларни бузиб ташлаш ёки бошқа жойга кўчиришни буюради, сабаби бунинг зарари каттадир.
Дажла ва Фрот дарёлари мусулмонлар умумий фойдаланадиган йўл мақомида бўлиб, ҳеч кимнинг уларда бирор иншоот барпо қилишга ҳаққи йўқ, агар шундай қилиши натижасида бировга зарар етса ўша одам жавобгар бўлади.
Менинг фикримча, бу ишни назорат қилишини бирор ишончли ва ростгўй кишининг зиммасига юклаш керак, у Дажла ва Фрот дарёларида кемаларга зарар келтирадиган жойларда сув иншоотини қолдирмаслиги, эгаси ўзбошимчалик билан сув иншоотини жойига қайтарса жазоланишидан огоҳлантириши керак, албатта бу ишда катта савоб бор.
Do'stlaringiz bilan baham: |