ИШ ВАҚТИ ВА ДАМ ОЛИШ ВАҚТИ
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида белгилаб қўйилганидек ходимлар учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Меҳнат кодексининг 116-моддасига асосан иш вақтининг қисқартирилган муддати белгиланади. Агробанк тизимида иш вақти соат 9.00 дан 18.00 га қадар, тушлик танаффус вақти соат 13.00 дан 14.00 га қадар белгиланган. Ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари дам олиш куни ҳисобланади.
Қуйидаги тоифадаги ходимларнинг ёзма мурожаатига кўра кунлик иш вақти иш ҳақи сақланган ҳолда бир соатга қисқартирилади:
а) 18 ёшга тўлмаган ходимларга;
б) II гуруҳ ногиронларига.
4.3. Агробанк ходимларининг йиллик таътил муддати 24 иш кунидан, шундан 15 иш куни асосий меҳнат таътилидан иборат. Агробанкнинг техник ходимлари (фаррош, ёрдамчи ишчилар)га 18 иш куни, шундан 15 иш куни асосий меҳнат таътили ҳисобида берилади.
Таътил учун ҳақ тўлаш таътил бошланмасдан олдинги охирги иш кунидан кечиктирмай амалга оширилади.
4.5. Ходимнинг аризасига биноан унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин, унинг муддати ходим билан Иш берувчи ўртасидаги келишувига биноан белгиланади. Бунда мазкур таътилнинг умумий миқдори охирги 12 ой давомида жами 3 ойдан ошмаслиги лозим.
Қуйидаги ходимларга уларнинг хохишига кўра, иш ҳақи сақланмаган ҳолда муқаррар тартибда таътил берилади:
а) 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига имтиёзлари жиҳатидан тенглаштирилган шахсларга – ҳар йили ўн тўрт календарь кунга қадар;
б) ишлаётган II гуруҳ ногиронларига – ҳар йили ўн тўрт календарь кунга қадар;
в) икки ёшдан уч ёшгача бўлган болани парвариш қилаётган аёлларга (234-модда);
г) ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ болани тарбиялаётган аёлларга – ҳар йили ўн тўрт календарь кунга қадар (232-модда).
4.6. Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимнинг хохишига кўра, йиллик асосий ва қўшимча таътилларни бериб, ундан кейин меҳнат муносабатларини бекор қилиш мумкин. Бу ҳолда таътил тугаган кун меҳнат шартномаси бекор қилинган кун деб ҳисобланади. Муддатли меҳнат шартномаси муддати тугаши билан бекор қилинганда фойдаланилмаган меҳнат таътили кунлари пуллик компенсация билан қопланади.
4.7. Ходимларга қуйидаги ҳолатларда ҳақ тўланадиган қўшимча меҳнат таътиллари берилади:
а) фарзанд туғилганида отага бир иш куни;
б) оила қуриш муносабати билан уч иш куни;
в) оила аъзоларининг дафн маросимига уч иш куни (ходимнинг ота-онаси, фарзанди, ака-ука, опа-синглиси, турмуш ўртоғи, қайнота-қайнонаси).
4.8. Алоҳида ҳолатларда дам олиш ва байрам кунларида ишга жалб этишга Касаба уюшмаси қўмитаси билан келишиб белгиланган асослар ҳамда тартиблар бўйича йўл қўйилади (Меҳнат кодексиинг 157-моддаси).
4.9. Иш вақтидан ташқари вақтларда ишга жалб қилинган ҳар бир ходим учун унинг йил давомида шундай ишларда ишлаган вақти 120 соатдан ортиқ бўлмаслиги таъминланади (МКнинг 125-моддаси).
Do'stlaringiz bilan baham: |