Мавзу:Ўзбекистон мустақил тараққиёт йўлида
Р е ж а
1. Мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий,иқтисодий тараққиёти,
2. Мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг маънавий-маданий тараққиёти.
3. Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига қўшилиши ва xалқаро нуфузининг ортиб бориши.
1.Мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий,иқтисодий тараққиёти
Жаҳон молиявий инқирози ва сайёрамиз иқтисодиётидаги беқарорликка қарамасдан, Ўзбекистон барча жабҳада қўлга киритаётган ютуқлари билан дунё ҳамжамиятини ҳайратда қолдириб келмоқда.
Гап шундаки, салкам 24 йил мобайнида мамлакатимиз иқтисодиёти ва унинг етакчи тармоқларида жадал ривожланишга эришилди. 2014 йил якунларига кўра, ялпи ички маҳсулот 8,1 фоиз, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,3 фоиз кўпайди. Капитал қурилиш қарийб 11 фоиз, чакана савдо айланмаси ҳажми эса 14,3 фоиз ўсди. Эътиборлиси, жорий йилнинг биринчи чорагида ҳам ўсиш суръатларининг ижобий тенденцияси сақлаб қолинди, ялпи ички маҳсулот 7,5 фоиз ортди. Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, Жаҳон банки томонидан эълон қилинган, харид қобилияти бўйича ҳисобланадиган ялпи ички маҳсулот ҳажмига қараб аниқланадиган иқтисодий ривожланиш борасидаги янгиланган рейтингда Ўзбекистон дунёнинг 190 та давлати орасида 2010 йилдаги 72-ўриндан 66-ўринга кўтарилди.
Бу кўрсаткичлар, натижалар мамлакатимиз раҳбари йигирма йилдан олдинроқ бошлаган ислоҳотларнинг меваси, албатта. Ўша вақтларда, мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон ўз олдига ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш, очиқ сиёсат олиб бориш, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш мақсадини қўйган эди. Президент Ислом Каримов кейинчалик бутун дунёда тараққиётнинг “ўзбек модели” деб ном олган стратегия асосида давлат ва жамият қурилишининг беш тамойилини илгари сурди. Биз бугун ўша даврларда бошланган ва ҳозирги кунга қадар босқичма-босқич амалга ошириб келинаётган ислоҳотларнинг оламшумул самараларига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Мамлакатимизни эса келажакда янада фаровон ҳаёт кутмоқда. Буни нуфузли халқаро ташкилотлар прогнозлари ҳам тасдиқлайди. Хусусан, Халқаро валюта жамғармасининг республикамизга яқинда ташриф буюрган миссияси ўз фаолияти якунлари бўйича тарқатган пресс-релизида шундай дейилади: “Келгуси истиқбол ҳақида сўз борганда, шуни айтиш керакки, 2015 йилда иқтисодий ўсиш, кутилганидек, юқори бўлади. Бунга яқинда қабул қилинган саноат ва инфратузилмани модернизация қилиш, шунингдек, таркибий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда иқтисодиётда давлатнинг ролини камайтириш имконини берадиган хусусийлаштириш ва корпоратив бошқарув дастурлари самарасида эришилади”.
Do'stlaringiz bilan baham: |