2. Мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг маънавий-маданий тараққиёти.
Кўриниб турганидек, Ўзбекистондаги ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида юз бераётган жадал юксалишни дунё жамоатчилиги юқори баҳоламоқда.
Мамлакатимиз мустақилликка эришганиданоқ кенг миқёсда халқаро эътирофга сазовор бўла бошлади. Истиқлолнинг бир йиллиги муносабати билан ўтказилган тантаналарда сўзга чиққан Президент Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси дунё ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзосига айланганини, кўплаб нуфузли халқаро, давлатлараро ташкилотларга таклиф этилганини, уларнинг ишида фаол иштирок этаётганини, мамлакатимиз мустақиллигини 120 дан ортиқ давлат тан олганини таъкидлаган эди.
Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайти хабарига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон 133 мамлакат билан дипломатик муносабат ўрнатган. Уларнинг ичида нафақат дунёнинг энг ривожланган давлатлари, балки Фиджи, Эль-Сальвадор, Мавритания каби биздан анча йироқ мамлакатлар ҳам бор. Тошкентда бир неча ўнлаб давлатларнинг элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари фаолият юритмоқда. Мамлакатимиз БМТ, МДҲ, ШҲТ ва бошқа етакчи жаҳон ва минтақавий тузилмаларнинг аъзосидир.
Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятда ривожланишнинг тинчлик ва инсонпарварлик тамойилларига асосланган яратувчанлик йўлини танлагани, минтақада барқарор тараққиётни таъминлашга бор кучини сафарбар этаётгани билан тобора кўпроқ ҳурмат қозонмоқда.
Ўзбекистон раҳбари томонидан илгари сурилаётган кўплаб оламшумул ташаббуслар хорижий жамоатчилик томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда. Булар қаторида Президент Ислом Каримов томонидан Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 1999 йили Истамбулда бўлиб ўтган саммитида таклиф этилиб, БМТ Хавфсизлик Кенгаши доирасида Аксилтеррор қўмитанинг таъсис этилишида ўз тажассумини топган Терроризм билан курашиш бўйича Халқаро марказни яратиш ғоясини айтиб ўтиш мумкин. Кейинчалик шу асосда Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва улар прекурсорларининг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши курашиш бўйича Марказий Осиё минтақавий ахборот мувофиқлаштириш маркази ҳам тузилди.
Ўзбекистон раҳбарининг Афғонистонда тинчлик ва осойишталикни таъминлашга қаратилган кўплаб ташаббуслари ҳам жаҳон ҳамжамиятининг алоҳида эътиборига сазовор бўлди. НАТО/СЕАПнинг 2008 йил Бухарестда бўлиб ўтган саммитида Президентимиз қўшни давлатдаги низоларни бартараф этишнинг сиёсий йўлларини ҳамкорликда излаб топиш, бу мамлакатда низо келтириб чиқарувчи омилларни камайтириш ва унга мувофиқлаштирилган иқтисодий ёрдам кўрсатиш мақсадида Мулоқот гуруҳи фаолиятини “6+3” гуруҳи шаклида янгидан ташкил этишни таклиф қилди. Афғонистон билан боғлиқ равишда юз бераётган воқеаларнинг кейинги ривожланиш босқичида инқироздан чиқиш йўлларини излашга қаратилган халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларга айнан шу форматда кўрсатиб ўтилган давлатлар кўпроқ жалб этилди.
Минтақада экологик ва ижтимоий-иқтисодий барқарорликка эришиш бўйича киритилган таклифлар ҳам кенг қўллаб-қувватланди. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 1993 йили Марказий Осиёдаги бешта давлат раҳбарлари Орол денгизи инқирози оқибатларини бартараф этиш бўйича кучларни бирлаштириш мақсадида Оролни қутқариш халқаро жамғармасини тузишди. Шу йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми сифатида Ислом Каримов ташаббусига кўра, ўтган йили Урганчда “Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда 24 та нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилот, молиявий институт вакиллари, 26 мамлакатдан келган экология, иқлим ўзгаришлари, сув захираларидан фойдаланиш соҳасидаги олимлар ва экспертлар иштирок этди.
БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ўзининг форум қатнашчиларига видеомурожаатида дунёдаги кенг кўламли антропоген ҳалокатлардан бири, деб эътироф этилган ва миллионлаб аҳоли ҳамда атроф-муҳитга катта зарар етказаётган Оролбўйи минтақасидаги экологик бўҳрон муаммолари муҳокамасига бағишланган ушбу халқаро конференциянинг ўтказилаётганлиги ўта муҳимлигини таъкидлади.
Ўзбекистоннинг бутун дунёда эътироф этилиб, қўллаб-қувватланган халқаро ташаббуслари ичида Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона барпо қилиш тўғрисидаги ғоя алоҳида ўрин тутади. Президентимиз томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида киритилган ушбу таклиф ўтган йилнинг май ойида бўлиб ўтган тарихий воқеада ўз аксини топди: Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида том маънодаги тарихий воқеа юз берди — мазкур ташкилот тузилганидан буён биринчи маротаба беш ядровий давлат — АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой ва Россия якдиллик билан ва бир пайтнинг ўзида муҳим халқаро ҳужжатни — Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона барпо этиш тўғрисидаги Шартномага Хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги Протоколни имзолади.
Айнан шундай қатъият туфайли ҳамда мамлакатимиз ва Президентимизнинг юксак обрў-эътибори боис бугун ривожланган давлатлар, машҳур компаниялар Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга интилишмоқда. Буни ҳукумат мажлисидаги маърузада келтирилган рақамлар ҳам тасдиқлайди: республикамизда 90 дан ортиқ мамлакатнинг сармоялари иштирокидаги 4 мингдан зиёд корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Бизнинг товар ишлаб чиқарувчиларимиз ҳам жаҳон бозорини эгаллашда ортда қолишаётгани йўқ. Фақат ўтган йилнинг ўзида асосан кичик бизнес субъектлари бўлган 500 дан ортиқ янги корхона экспорт фаолиятига жалб этилди.
“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” тамғасига эга маҳсулотлар эса хорижда ҳам тобора оммавийлашиб бормоқда. Мамлакатимиз шу йилнинг 1 майидан 31 октябригача бўлиб ўтадиган “Expo Milano — 2015” жаҳон кўргазмасига таклиф этилганлиги бежиз эмас. Беш йилда бир марта ўтказиладиган бу тадбирга тайёргарлик ишлари давлатимиз раҳбари қарори асосида олиб борилди. Оммавий ахборот воситаларининг хабарига қараганда, Италияда қад ростлаган Ўзбекистоннинг Миллий павильони 500 квадрат метрни ташкил этади. Бу эса, ташкилотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, мазкур мега-кўргазмада Сайёрамизнинг турли бурчакларидан келиб иштирок этиши кутилаётган 20 миллион нафар одамда мамлакатимизнинг ютуқлари, иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти, тараққий этган инфратузилмаси, қайта ишлаш саноати, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналари билан янада яқинроқ танишиш имконини беради, дегани.
Do'stlaringiz bilan baham: |