II.2. Мустақилликдан сўнг Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ислоҳотлар.
Мустақилликнинг илк кунларида биринчи Президент И.Каримов ҳуқуқий демократик давлатни барпо этиш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш масаласини долзарб вазифа қилиб ўртага ташлади. Дарҳақиқат, айни ана шу тамойиллар жаҳон давлатчилигиэнг илғор тажрибаларига мос келадиган, уни дунё тан оладиган, инсон ҳуқуқлари ҳар жиҳатдан кафолатланадиган жамият сифатида барпо этиш кўзда тутилган эди.
Ҳуқуқий давлатнинг барча фуқаролари қонун олдида тенг. Қонун жамият тинчлиги ва хавфсизлигини муҳофаза этади.Қатьий тартиб ва интизом, қонунга ҳурмат, аньаналарга ҳурмат – ҳуқуқий давлат фуқаролари учун одатий ҳол8.
Ўзбекистонда демократик жараёнларни чуқурлаштиришда суд ҳокимиятини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам малакат мустақилликка эришганидан сўнг бу борада катта ишлар амалга оширилди.
Мустақил суд ҳокимиятини амалга ошириш механизмини тартибга солувчи ва унинг судьяларини сайлаш, тайинлаш ҳамда уларни вазифасидан озод қилиш тартиби, суд ишларини кўришда аралашганлик учун жавобгарлик ва ҳоқазоларнинг асосий кафолати ҳисобланган “Судлар тўғрисида” ги Қонун 1993 йил 2-сентябрида қабул қилинди. Илгарироқ 1992 йил 10-декабрьда қабул қилинган “Прокуратура тўғрисида”ги Қонун унинг суд билан бутунлай янги шароит ва талаблар доирасидаги ўзаро муносабатларини белгилаб берган эди. Жиноят процессуал, Хўжалик процессуал ва Фуқаролик процессуал кодекслар қабул қилиниб, уларда суд мустақиллиги тамойиллари, тарафларнинг тенглиги, суд ишларини юритишда тортишув ва одил судловнинг бошқа демократик меьёрлари мустаҳкамланди.
Суд тизимига кирган барча судлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 107-моддасида ва “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 2000 йил 14-декабрьда қабул қилинган янги таҳририда кўрсатилган.
Умумий юрисдикция судлари 2000 йил августдан бошлаб ихтисослашган.Жиноят ишлари бўйича судлар жиноий ва маьмурий ишларни тегишинча Жиноят – процессуал кодекси ва Маьмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган тартибда кўриб ҳал қиладилар. Фуқаровий-ҳуқуқий, оилавий, мехнат ва бошқа турдаги муносабатлардан келиб чиқадиган мулкий ва мулкий бўлмаган низолар ҳамда жиддий аҳамиятга эга бўлган юридик фактларни аниқлаш ҳақида ишларни кўриш фуқаролик ишлари бўйича судларнинг ваколатига киради.
Оғир жиноятлар ҳақидаги ишларни қуйи ва ўрта поғона судлари судья ҳамда судьялик ҳуқуқларидан фойдаладиган 2 нафар халқ маслахатчисидан иборат ҳайьатда кўради. Ўта мураккаб ва жиддий жиноятлар ва айрим тоифадаги шахслар – депутат, сенатор, судья, прокурор кабиларни айблаш ҳақидаги ишларни Олий суд 3 нафар судья таркибида кўриб чиқади.
1997 йил сентябрьда Ўзбекистон Судьялар ассоцияцияси ташкил этилиб, унинг вазифаси суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини таьминлаш, судьяликка лойиқ мутахассисларни танлаш, жой-жойига қўйиш ва малакасини оширишда фаол кўмаклашишдан иборат.
Суд ҳокимиятини амалга оширишда прокуратура ва адвокатуранинг фаоллиги алоҳида аҳамият касб этади. Прокуратура органларининг асосий вазифалари қонун устуворлигини таьминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан белгиланган манфаатларини, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий тузумини қўриқлаш, ҳар қандай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди 1994 йил 7- январьда Пленум ўтказиб, “Жиноят учун жазо тайинлаш амалийти тўғрисида”ги масалани муҳокама этди ва тегишли қарор қабул қилди. Унда жиноят содир этган шахсларга нисбатан қонун моддаларини қўллаш чоралари кўрилди.
Мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларнинг чуқурлашуви, айниқса қишлоқ хўжалигида туб ислоҳотлар, хўжалик судлари фаолиятини янада такомиллаштиришни талаб қилди. 1996 йил 25-июльда Ўзбекистон Республикаси биринчи президентининг “Хўжалик судлари таркибини такомиллаштириш тўғрисида”гии Фармони эьлон қилинди. Мазкур фармон асосида вилоят хўжалик судлари мақомида фаолият кўрсатувчи Тошкент шаҳар хўжалик суди ташкил этилди ва хўжалик судлари суд ижрочилари институти таьсис этилди.
Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 18 ноябрьдаги – жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Жиноят, Жиноят-процессуал ва маьмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунлар Ўзбекистонда амлга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳоти давомида қабул қилинган ўта муҳим қонун ҳужжатларидир. Мазкур қонунларнинг қабул қилиниши инсоннинг аркинлик ва шахсий дахлсизликка бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва жиноий жазо тизимини инсонпарварлаштириш имконини берди.
Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги (янги таҳрири)(2000 йил), “Прокуратура тўғрисида”ги (янги таҳрири) (2001 йил), “Жиноий жазоларни либераллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маьмурий жавобгарлик тўғрисида”ги (2001 йил), Судда ишларни апеллация тартибида кўриш институти киритилиши муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Жиноят – процессуал, Хўжалик-процессуал ва Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги (2000 йил), “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонун (2001 йил), “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги (2006 йил), қонунлари; “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ тизимининг қонунчилик асосларини ислоҳ қилиш бўйича Кенгаш тузиш тўғрисида”ги фармойиши, “Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш тўғрисида”ги фармони (2005 йил) ва бошқалар қабул қилинди. Улар, суд-ҳуқуқ тизимининг ривожланишини сифат жиҳатидан янги даражага кўтарди.
Судларнинг жиноят, фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича ихтисослашуви амалга ошди. Судда ишларни апеллация ва кассация тартибида кўриш институти жорий қилинди, тергов – суриштирув ва фуқароларни ҳибсда сақлаш муддатлари анча қисқарди. Жиноий жазо тайинлаш сиёсати ва судлар фаолияти либераштирилди. Суд жараёнига ярашув институти киритилди. Суд ҳокимиятининг сиёсий ва процессуал мустақиллигини таьминлашнинг қонуний кафолатлари сезиларли даражада такомиллаштирилди.
Бундан ташқари, судлар фаолиятини ташкилий жиҳатдан таьминлаш, хусусан, суд тизими учун кадрлар масалалари билан шуғулланиш вазифаси махсус орган, яьни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясига юклатилганини қайд этиш лозим.
Шулар қаторида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида махсус ваколатли тузилма – Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техник ва молиявий таьминлаш департаменти – ташкил этилди. Бу эса судларни уларга хос бўлмаган вазифалардан сезиларли даражада халос қилиш ва бутун диққат-эьтиборини одил судловни амалга оширишга қаратиш имконини берди.
Энг аввало, Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг 2005 йил 8-августдаги “Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш тўғрисида”ги фармони эьлон қилингандан сўнг ушбу муоммо мутахассислар, олимлар, амалиётчи ходимлар, жамоатчилик жалб қилинган ҳолда узоқ вақт мобайнида ва кенг кўламда муҳокама қилинди, кейинчалик Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 11-июльдаги “Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг судларга ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни билан ҳуқуқий тартибга солинди. Ушбу қонун 2008 йил 1-январьдан кучга киритилди.
“Хабеас корпус” институтининг жорий этилиши, яьни 2008 йилдан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг прокурордан олиниб, судга ўтказилиши демократия йўлидаги жуда муҳим қадамлардан бири бўлди. Чунки, янги тартибга асосан одил суд фаолияти батфсил тартибга солинган, қарор қабул қилиш тартиби аниқ баён этилган, қабул қилинган қарорлар устидан шикоятларни кўриб чиқиш тарафлар иштирокида амалга оширилади. Бу эса муайян мансабдор шахснинг яккабошчилик асосидаги ваколатига чек қўйилиши натижасида ушбу институтнинг ҳуқуқий мақсадларини тубдан ўзгартирди ва жиноят судлов ишларининг оммавий мақсадларига мувофиқлик даражасини оширишга хизмат қилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2005 йил 1-августдаги “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида”ги ҳамда 2005 йил 8- августдаги “Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш тўғрисида”ги фармонлари ҳар бир судья зиммасига алоҳида маьсулият юксалиши таькидланиб, бу борада судья кадрларни тайёрлаш ва ягона суд амалиётини шакллантириш механизмини барпо этиш бўйича чора тадбирлар белгилаб чиқилди.
2006 йилда умумий юрисдикция судлари томонидан мамлакатимизда қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таьминлаш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амлга оширилди. Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 420 мингдан ортиқ иш кўриб чиқилиб, уларнинг 96 фоизи бўйича даьво талаблари қаноатлантириб, фуқаролар ҳамда ташкилотларнинг бузилган ҳақ-ҳуқуқлари тикланган ва уларнинг фойдасига 26,2 миллиард сўм моддий, 3,6 миллиард сўм маьнавий зарар, шунингдек, республика буджетига 455,3 миллион сўм давлат божи тўлдирилган. Шу жумладан, тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тиклаш юзасидан 300 дан ортиқ даьво қаноатлантириб, 40,3 миллион сўм моддий ва 24,8 миллион сўм маьнавий зарар ундирилган.
2008 йил 7-январьда Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. 2008 йил 1- майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг иккита фармони – “Ўзбекистон Республикасида Адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган “Тадбирлар дастури тўғрисида”ги фармонлари суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш жараёнининг мантиқий давоми бўлди.
Мамлакатимизда умрбод қамоқ жазоси фақат иккита жиноят тури учун – жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш ва терроризм учун қўлланилади. Умрбод қамоқ жазоси Германия ва Полшада – 5 та, Белгия ва Россияда – 6 та, Данияда – 9 та, Грузияда – 11 та, Швецияда -13 та, Белоруссияда – 14 та, Япония ва Озарбайжонда – 16 та, Қозоғистон ва Кореяда – 17 та, Франсияда – 18 та, Голландияда – 19 та, Молдовада – 24 та жиноят тури бўйича белгиланган.
Биринчи президентимиз И.Каримов Республика Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12-ноябрьдаги қўшма мажлисида “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш консепцияси” ҳақида қилган маьрузасининг иккинчи қисми айнан юртимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларига бағишланган9.
Ушбу маьрузада суд-ҳуқуқ соҳасидаги вазифаларни самарали ҳал қилиш мақсадида қуйидаги ташкилий – ҳуқуқий чораларни амалга ошириш таклиф этилган.
Биринчи. Амалдаги “Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни қабул қилишни таклиф қилган. Яьни, ўтган даврда қонун ижодкорлиги жараёни кенгайгани ва мураккаблашгани, норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг асослаганига ва сифатига нисбатан талаблар сезиларли даражада ошгани бу соҳада қонунийликни таьминлашнинг янги ва самарали механизмларини яратишни, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қонунларга, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар эҳтиёжларига мос бўлишини тақозо этмоқда.
Иккинчи. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 29- ва 31- бобларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилган. Бу ўринда судга қадар иш юритув босқичида қўлланадиган чоралар, яьни лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини фақат судьянинг санкцияси асосида қўллаш тартиби назарда тутилган. Ушбу ваколатларнинг прокурордан суд органларига ўтказилиши суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида суд назоратини кучайтириш, жиноят процессида “Хабеас корпус” институтини қўллаш соҳасини янада кенгайтириш имконини берди. Энг муҳими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида умуэьтироф этилган принциплар ва халқаро ҳуқуқ нормаларининг амалга оширилишини таьминлайди.
Учинчи. Ўзбекистон Республикаси Жиноят- процессуал кодексининг 439-моддасига ўзгартириш киритиш ва унга мувофиқ биринчи инстанция судида иш бўйича айблов хулосасини ўқиб эшиттириш мажбуриятини фақат прокурор зиммасига юклашни назарда тутадиган норма ўрнатиш таклиф этилган. Чунки амалдаги қонунчиликда давлат айбловчиси, яьни прокурорнинг суд мажлисида айблов хулосасини ўқиб эшиттириш бўйича мажбурияти аниқ белгиланмаган. Шунинг учун айблов хулосаси кўпинча судьялар томонидан ўқиб эшиттирилади. Бу эса суднинг вазифа ва мақсадларига мос келмайди. Жиноят-процессуал қонунчилигига юқорида кўрсатиб ўтилган норманинг киритилиши суднинг мустақиллиги, холислиги ва беғаразлигини таьминлашга, жиноят процессида тортишув принципини кучайтиришга хизмат қилди.
Тўртинчи. Ўзбекистон Республикаси Жиноять процессуал кодексининг 321-моддасидан суднинг жиноят иши қўзғатишга доир ваколатини чиқариш илгари сурилган. Маьлумки, жиноят ишини қўзғатиш аввало суриштирув ва дастлабки тергов органлари, жиноий таьқибни амалга оширадиган бошқа ҳуқуқ-тартибот органларининг вазифаси ҳисобланади. Суддан эса шахсга қўйилган айбловнинг қонуний ва асосли эканини холис баҳолаш талаб этилади.
Бешинчи. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш принциплари, асослари, шакл ва услублари, уни олиб борадиган органлар тизимини белгилаб берадиган “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш таклиф этилади. Ушбу қонуннинг мақсади тезкор-қидирув хусусиятидаги тадбирларни ўтказишда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таьминлаш, қонунийликка риоя қилишнинг реал ҳуқуқий кафолатларини яратишга йўналтирилган. Бу қонуннинг қабул қилиниши демократик давлатларнинг умумэьтироф этилган амалиётига мос келади. Таькидлаш керакки, бу қонун жиноятлар содир этилишининг дастлабки босқичларидаёқ уларнинг олдини олиш ва ўз вақтида тўхтатиш бўйича чораларнинг самарадорлигини, шунингдек, суриштирув ва дастлабки терговнинг сифатини оширишга хизмат қилди. Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, фаолиятини янада либераллашувини таьминлашга олиб келди.
Олтинчи. Фаол ривожланиб бораётган демократлаштириш жараёнларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Маьмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексини ҳар томонлама қайта ишлаш ва янги таҳрирда қабул қилиш зарур. 1994 йилда қабул қилинган амалдаги мазкур кодексга ўтган давр мобайнида 60 мартадан кўп ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Унинг янги таҳрири суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш муносабати билан маьмурий қонунчилик ва жиноий ҳуқуқий сиёсатда юз берган катта миқёсдаги принципиал ўзгаришларни ўзида тизимли ва кенг кўламли тарзда акс эттирилиши лозим. Бунда авваламбор жиноят қонунчилигини тобора либераллаштириш, яьни айрим қонунбузарлик ҳолатларини жиноий юрисдикциядан маьмурий юрисдикцияга ўтказишни кўзда тутиш зарур. Кодекснинг янги таҳрирда қабул қилиниши ўнлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз аксини топган маьмурий жавобгарликка оид қонунчиликнинг унификациялашувини яьни бирхиллашувини таьминлайди.
Еттинчи. Ривожланган демократик давлатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда, давлат ҳокимияти идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар, шу жумладан, прокуратура фаолиятида қонунчилик талабларига риоя қилиш ва қонун устуворлигини таьминлаш бўйича адлия органларининг ролини янада кучайтиришга қаратилган янги ҳуқуқий механизмларни ўрнатадиган ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш талаб этилмоқда.
Адлия органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги соҳаси ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида ягона давлат сиёсатини ўтказишдаги ролини кучайтириш учун уларга зарур бўлган тегишли ваколатларнинг берилиши малакатимизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари тизимида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали механизмини яратиш имконини беради ҳамда ушбу органлар фаолиятида қонунийлик ва қонун устуворлигини таьминлашга хизмат қилади.
Саккизинчи. Жамиятнинг демократия йўлидан жадал ривожланиши ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффаққияти кўп жиҳатдан одамларнинг ҳуқуқий онгги ва ҳуқуқий маданият даражасига боғлиқдир. Юксак ҳуқуқий маданият – демократик жамият пойдевори ва ҳуқуқий тизимнинг етуклик кўрсаткичидир.
Шу муносабат билан, бугунги сиёсий-ҳуқуқий воқеликни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимизда ҳуқуқий таьлим ва маьрифатни, жамиятда ҳуқуқий билимлар тарғиботини тубдан яхшилашга йўналтирилган мақсадли кенг кўламли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш зарур. Ушбу дастурнинг амалга оширилиши аҳолининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишини, фуқароларда қонунга итоаткорлик туйғусининг янада ортишини таьминлайди.
2010 йилга келиб, биринчи Президент И.Каримов ва парламент саьй-ҳаракатлари билан учинчи ҳокимият – суд тизими соҳасида қуйидаги ислоҳотларни амалга оширишга эришилди:
Жиноий жазога санкция бериш ҳуқуқи прокуратура органларидан суд тизимига ўтказилди;
Адвокатларнинг мавқеи ва роли оширилди; адвокатура институти ислоҳ қилинди;
Жиноий жазо тизими либераллаштирилиб, ўлим жазоси Жиноят кодексдан олиб ташланди ва унинг ўрнига узоқ муддатли, умрбод қамоқ жазоси белгилаш тартиби ўрнатилди; прокуратура фаолияти такомиллаштирилди;
Суд мустақиллиги таьминланди;
Фуқаролик ва жиноий ишлар бўйича судлар ташкил қилинди;
Судлар фаолияти моддий-техник ва молиявий жиҳатдан мустаҳкамланмоқда;
Суд соҳаси учун кадрларни танлаш ва тайинлаш механизми мустаҳкамланмоқда;
Do'stlaringiz bilan baham: |