бозор иқтисодиёти омилини ҳам асло унутмаслик керак. Содда қилиб айтганда, бозор иқтисодиётибу ишлаб чиқариш эркинлиги, рақобат ва очиқ иқтисодиёт юргизишдир. Бундай шароитда кўп укладли иқтисодиёт, мулкчиликнинг турли шакллари ва рақобат, қулай инвестиция маконини вужудга келтириш, монополияга қарши кураш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, бозор иқтисодиёти омилини ишлаб чиқариш тармоқларини ҳудудий ташкил этишга нисбатан таҳлил этар эканмиз, унда бу борадаги илгариги анъанавий фикр юритишлар тамомила ўзгариб кетиши керак. Чунки, ҳозирги шароитда аксарият нарсани, шу жумладан, нимага ихтисослашувни ва қаерда жойлаштиришни пировард натижада бозор, рақобат, талаб белгилайди, давлат эса ўзининг минтақавий сиёсати орқали бу жараённи бошқариб, тартибга солиб туради.
Ҳозирги кунда инфратузилма тизимининг мавжудлиги ишлаб чиқаришни ҳудудий ташкил қилишда катта рол ўйнайди. Йўл, ер ости ва ер усти қурилмалари, электр узатувчи шахобчалар, турар жой, маиший хизмат кўрсатиш объектлари муҳайё бўлган жойлар янги ишлаб чиқаришни, қўшма корхоналарни ўзига жалб қилади. Республикамизда мустақиллик йилларида барпо этилган йирик автомобил заводининг айнан Андижон вилоятининг Асака шаҳрида жойлашганлиги энг аввало тайёр инфратузилманинг муҳайёлиги билан боғлиқ бўлган. Бундай жойлар ёки қурилиши совет даврида тугалланмай, чала қолган объектлар ҳам қўшма корхоналарни ташкил қилишга қулайлик яратади.
Инфратузилма тизимида хусусан транспортнинг ўрни юқори. Шунингдек, ижтимоий инфратузилма тармоқлари ҳам ишлаб чиқаришни жойлаштиришда муҳимдир. Ўтиш даврида айниқса бозор инфратузилмасининг аҳамияти катта. Бозор иқтисодиётининг ўзи эса ишлаб чиқаришни жойлаштиришда ҳал қилувчи омилдир. Сабаби бозорталаб соҳаларгина ривожланади; бозори чаққон маҳсулотларни ишлаб чиқарган тадбиркорлар енгади.
Бозор (талаб ва таклиф), эркин рақобат у ёки бу маҳсулот ишлаб чиқарадиган маконни, бозор муҳитини белгилайди. Талабнинг нафақат миқдор жиҳатдан ўсиб боришини, балки унинг хусусийлашувини, сифатини эътиборга олиш, ихчам, ҳаракатчан, бошқариши осон бўлган кичик корхоналарни жойлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳозирги кун учун айниқса хосдир. Бу даврда вақт ва макондан унумли фойдаланиш ўта зарур.
Шу билан бирга, қулай инвестиция маконини яратиш ва минтақаларнинг инвестицион жозибадорлигига эришиш катта мазмун касб этади. Инфратузилма ва бошқа шароитларнинг мавжудлиги, ҳуқуқий ва ташкилий масалаларнинг ҳал этилганлиги, кафолатланганлиги хорижий сармоядорларнинг кириб келишига қулайлик яратади. Кўпинча инвесторлар ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланган, ижтимоийсиёсий барқарорлик, арзон ишчи кучи бўлган ҳудудларни қидирадилар. Қурилган қўшма корхоналар эса минтақа ва миллий иқтисодиётни ривожлантиришга, унинг тармоқлар ва ҳудудий таркибига сезиларли ўзгаришлар киритади.
Бозор иқтисодиёти шароитида ишлаб чиқаришни жойлаштириш ўзига хос хусусиятларга эга. Бу борада тадбиркор албатта фойдани, қўшимча даромадни кўзлайди, давлат эса иш ўринларини кўпайтириш, меҳнат ресурсларини банд қилиш, ижтимоий ва экологик муаммоларни ҳал этиш, ҳудудлар ривожланиш даражасидаги фарқларни камайтиришга интилади. Демак, бундай вазиятда ҳар икки йўналишни мувофиқлаштирган ҳолда масалани ечиш талаб этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |