Табиий шароит ва агроиқлимий ресурслар. Хўжаликнинг барча тармоқлари, шунингдек, аҳолининг жойлашувида табиий шароитнинг роли катта. Бу борада айниқса ер, сув, ҳарорат, тупроқ кабилар муҳим аҳамият касб этади. Ернинг ишлаб чиқаришни жойлаштиришдаги ўрни унинг майдони, каттакичиклиги, геоморфологик хусусиятлари орқали тавсифланади (ерни баҳолаш билан ер кадастри шуғулланади).
Ер жамият ривожланишининг энг қадимий, энг бирламчи омилидир. Ксенофонт (э.а.430355 йй.) “Ер инсонни соғлом, тўқ ва адолатли қилади”, деб ёзган эди. Инглиз иқтисодиёти ва статистикасининг асосчиларидан бири У.Петти (16231687 йй.) фикрича, меҳнат бойликнинг отаси, ер эса унинг онасидир. Яна шуни таъкидлаш лозимки, агар ер кўпгина хўжалик тармоқларисаноат, транспорт ва бошқалар учун оддий шароит сифатида хизмат қилса, у (тупроқ) қишлоқ хўжалигида бебаҳо бойлик, муҳим ресурс ҳисобланади. Айни вақтда саноат корхоналарининг (йирик металлургия, кимё ёки машинасозлик заводлари) катта майдонларни эгаллашини ҳам унутмаслик керак. Бундай майдонлар аэропортлар, ботаника ёки ҳайвонот боғи, қўриқхоналар учун ҳам талаб этилади.
Сув ресурсларининг ҳам аҳамияти кўп функцияли. Саноатда сув хусусан сув ва иссиқлик электр станциялари, қора ва рангли металлургия, целлюлозақоғоз, гидролиз, синтетик тола ишлаб чиқаришда, тўқимачиликда кўп сарфланади (айрим маълумотларга кўра, саноат бутун халқ хўжалигида сарфланадиган сувнинг 40 фоизини истеъмол қилади). Масалан, 1 тонна синтетик тола ишлаб чиқариш учун 2000 м3, 1 тонна ип газламасига 1260 м3, 1200 минг кВт қувватга эга бўлган иссиқлик электр станцияси учун эса 1200 млн3 сув сарфланади. Демак, бу ва шунга ўхшаш саноат корхоналарининг сув сиғими жуда юқори. Мазкур омилнинг қишлоқ хўжалиги ва, айниқса, суғорма деҳқончиликдаги ўрни янада юқори. Зеро, дастлабки маданийлашган, ривожланган жойлар айнан Ер юзининг суғорма деҳқончилик районларида, воҳаларда вужудга келган (Нил дельтаси, Месопотамия, ҲиндГанг пасттекислиги, Хуанхэ дарёсининг ўрта қисми, Мовароуннаҳр ва б.).
Иссиқ иқлим шароитида саноат корхоналарини очиқ усулда қуриш, сув ва бошқа алкоголсиз ичимликлар, ип газлама ишлаб чиқаришга ўхшаш тармоқларни кўпроқ ривожлантириш талаб этилади. Обҳаво ва иқлим транспортнинг кўпгина турларини ривожлантириш ва жойлаштиришга ҳам таъсир қилади. Айни вақтда табиий географик шароитлар рекреация ва туризм соҳаларини ташкил этишда ҳам катта аҳамиятга эга.
Сув мўл бўлган ҳудудларда, одатда, шоли, сабзавот кабилар экилади; пахта ҳам анча сувталабдир. Қизиғи шундаки, ер майдони бор жойда, сув етишмайди ва, аксинча, сув кўп тоғли ҳудудларда суғорма деҳқончиликни ривожлантириш мушкул. Тўғри, ҳар иккаласи муҳайё бўлган жойлар ҳам йўқ эмас. Аммо бундай жойларда ҳаво ҳарорати етишмаслиги мумкин. Бинобарин, қишлоқ хўжалиги ва, айниқса, унинг сердаромад тармоғи деҳқончилик учун уч асосий омил: ер, сув ва ҳарорат зарур. Албатта, бу мазмунда ер фақат оддий экин майдони мазмунидагина эмас, балки унинг тупроқ қатлами билан аҳамиятлидир. Шу боис, агроиқлимий ресурсларни ҳарорат, сув ва тупроқ бирлигида кўриш янада тўғрироқ бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг ер бойлиги анча катта (майдони 448,9 минг кв.км.). Унинг иқлим шароитлари ҳам қулай-баъзи қишлоқ хўжалик маҳсулотларини бир йилда 2-3 марта ҳосилини олиш мумкин. Бироқ, қишлоқ хўжалигида мавжуд ерлардан унумли фойдаланиш учун ирригация ва мелиорация, агроинфратузилма тизимини ривожлантириш, экологик муаммоларни ҳал қилиб бериш талаб этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |