8. Ҳисобварақ-фактурани тўлдириш тартиби
Ҳисобварақ-фактура товарларнинг юклаб жўнатилиши, ишларнинг бажарилиши ва хизматлар кўрсатилиши санасидан кечиктирмасдан ёзилади.
Ҳисобварақ-фактурада кўрсатилиши лозим:
1) ҳисобварақ-фактуранинг тартиб рақами ва ёзилган санаси;
2) ҳисобварақ-фактура илова қилинадиган, юклаб жўнатиладиган товарлар ҳужжатлари (шартномалар) рақами ва санаси;
3) солиқ тўловчи ва харидорнинг номи, манзили ва СТИРи, халқ хўжалиги тармоқлари умумдавлат таснифномаси (ХХТУТ) бўйича тармоқ коди;
4) комиссия шартномаси асосида ёзиладиган ҳисобварақ-фактуралар бўйича, ҳисобварақ-фактура юк жўнатувчининг қўшимча реквизитлари билан тўлдирилади, бунда ҳам номи, манзили ва СТИРи, халқ хўжалиги тармоқлари умумдавлат таснифномаси (ХХТУТ) бўйича тармоқ коди кўрсатилади.
Жадвалли шаклни тўлдиришда қуйидагиларни қайд этиш керак:
1-устунда - товарлар номи (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар баёни);
2-устунда - мазкур товар бўйича қабул қилинган ўлчов бирлиги (дона, килограмм, метр ва шу кабилар) ва ишлар, хизматлар бўйича ўлчов бирлиги;
3-устунда - ҳисобварақ бўйича юклаб жўнатиладиган товарнинг миқдори (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар ҳажми), у юзасидан қабул қилинган ўлчов бирликларидан келиб чиқиб;
4-устунда - товарнинг шартнома (контракт) бўйича ўлчов бирлигида ҚҚСсиз нархи;
5-устунда - ушбу номдаги товар жами сонининг ҚҚСсиз қиймати (3-устун х 4-устун);
- агар ҳисобварақ-фактура бажарилган ишлар (кўрсатилган хизматлар)га ёзиб бериладиган бўлса, унда бу ишлар (хизматлар)нинг қиймати ҚҚСсиз кўрсатилади ва 3 ҳамда 4-устунлар тўлдирилмайди;
- агар корхона акцизланадиган маҳсулот ишлаб чиқарса, ҳисобварақ-фактурага қўшимча устун киритилади, унда акциз ставкаси ва суммаси акс эттирилади;
6-устунда - қўшилган қиймат солиғи ставкаси (20 ёки 0 фоиз); агар товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚСдан озод қилиш мавжуд бўлса, оддий чизиқ тортиб қўйилади;
7-устунда ушбу товар (иш, хизмат) бўйича тегишли ставкаларга кўра ҳисобланган ҚҚС суммаси; агар товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚСдан озод қилиш мавжуд бўлса, оддий чизиқ тортиб қўйилади.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ солиққа тортишнинг алоҳида тартиби кўзда тутилган юридик шахслар 6 ва 7-устунларда қўшилган қиймат солиғи суммаларини кўрсатмайдилар ва "Қўшилган қиймат солиғи суммасисиз" штампини қўядилар (ёки ёзиб қўядилар) ва 8-устунни тўлдирмайдилар.
8-устунда - товар (иш, хизмат) ҳар бир турининг ҚҚС қўшилган қиймати (ёки солиқдан озод қилинадиган ёки ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиганлари бўйича - ҚҚСсиз) кўрсатилади, амалдаги солиқ қонунчилигига мувофиқ солиқ солишнинг алоҳида тартиби кўзда тутилган юридик шахслар 8-устунни тўлдирмайдилар.
Ҳисобварақ-фактуранинг якунловчи сатрида 5, 7 ва 8-устунлар бўйича суммалар жамланади. Ҳисобварақ-фактура раҳбар ва бош бухгалтер томонидан имзоланади ва корхона муҳри билан тасдиқланади.
Агар хўжалик юритувчи субъектлар товарлар олиб чиқишда юкхатларни ҳисобварақ-фактурага алмаштирса, "ишончнома бўйича товар олиш" тўғрисида белги тўлдирилади.
Бунда, агар хўжалик юритувчи субъектлар, товарларни етказиб беришга ҳисобварақ-фактураларни ёзишдан ташқари, "ишончнома бўйича олингани" тўғрисида белги қўйилган юкхатларни тўлдирсалар, ҳисобварақ-фактурада мазкур белгилар тўлдирилмайди. Уларнинг ҳақиқатда олинганлиги далолатномалар, маълумотномалар ёки бошқа шундай ҳужжатлар билан тасдиқланадиган бажариладиган ишлар, кўрсатиладиган хизматлар бўйича ҳам мазкур белгилар тўлдирилмайди.
Агар битим шартларига кўра мажбурият хорижий валютада кўрсатилса, ҳисобварақ-фактурада кўрсатиладиган суммалар хорижий валютада кўрсатилиб, Ўзбекистон Республикаси пул бирлиги - ҳисобварақ-фактура ёзилган санада Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курси бўйича қайта ҳисобланган сўмларда акс эттирилиши мумкин.
Асосий воситалар, номоддий активлар ва тугалланмаган қурилиш объектларини (тугалланмаган қурилишни ҳисобга олувчи ҳисобварақларда ҳисобга олинадиган) сотиш чоғида ҳисобварақ-фактуранинг жадвал шаклини тўлдиришнинг хусусиятлари:
1-устун "Товарлар (ишлар, хизматлар) номи"да - асосий воситалар, номоддий активлар ёки тугалланмаган қурилиш объектларининг номи кўрсатилади;
2-устун "Ўлчов бирлиги"да - ўлчов бирлиги кўрсатилади;
3-устун "Миқдори" - тўлдирилмайди;
4-устун "Нархи"да - асосий воситалар ёки номоддий активларнинг қолдиқ қиймати кўрсатилади. Тугалланмаган қурилиш объектлари учун уларнинг ҳақиқий таннархи кўрсатилади;
5-устун "Етказиб бериш қиймати"да – солиқ қонунчилигига биноан белгиланган солиқ солинадиган айланма миқдоридан ҳисоблаб чиқилган қўшилган қиймат солиғи суммасини унга киритган ҳолда сотиш нархи кўрсатилади;
6 ва 7-устунлар "ҚҚС"да - солиқ ставкаси ва солиқ қонунчилигига биноан белгиланганини ҳисобга олган ҳолда солиқ солинадиган айланма миқдоридан ҳисоблаб чиқарилган сумма кўрсатилади.
Бунда 7-устун, агар солиқ қонунчилигига мувофиқ солиқ солинадиган айланма мавжуд бўлса, тўлдирилади. Агар солиқ солинадиган айланма мавжуд бўлмаса, яъни 4-устун суммаси 5-устунда кўрсатилган суммадан катта ёки унга тенг бўлса, 7-устун тўлдирилмайди;
8-устун "Етказиб беришнинг ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда қиймати"да - солиқ қонунчилигига биноан белгиланган солиқ солинадиган айланма миқдоридан ҳисоблаб чиқарилган қўшилган қиймат суммасини унга киритган ҳолда сотиш нархи кўрсатилади. Бунда 8-устун, агар 5-устунда кўрсатилган нарх 4-устунда кўрсатилган суммадан катта бўлган тақдирда тўлдирилади.
Асосий воситалар, номоддий активлар ва тугалланмаган ишлаб чиқариш объектлари текинга берилганида ҳисобварақ-фактураларни тўлдириш юқорида баён этилган тартибга айнан ўхшаш тарзда амалга оширилади.
Ишлар (қурилиш, таъмирлаш-қурилиш, лойиҳа-қидирув, илмий-тадқиқот ва бошқа ишлар) бажариш ёки хизматлар (транспортга доир, мол-мулкни ижарага бериш, алоқа хизматлари ва бошқалар) кўрсатиш билан шуғулланадиган корхоналар ҳисобварақ-фактура ёзиш чоғида белгиланган шаклга мувофиқ, ишлар (хизматлар) ижрочиси ҳамда буюртмачи сифатида барча реквизитларни тўлдиришлари керак.
Юқорида айтилган корхоналар томонидан жадвал шакли тўлдирилганида қуйидагилар акс эттирилиши керак:
1-устунда: товарлар (ишлар, хизматлар) номи - бажарилган ишлар (кўрсатилган хизматлар) тавсифланади;
2-устунда - пул ифодасида ўлчов бирлиги кўрсатилади;
3-“Миқдори” ва 4-“Нархи” устунлари тўлдирилмайди;
5-“Етказиб бериш қиймати” устунида бажарилган ишлар (кўрсатилган хизматлар) ҳажми қўшилган қиймат солиғисиз кўрсатилади;
6-устунда ҚҚС ставкаси кўрсатилади;
7-устунда ҚҚС суммаси кўрсатилади;
8-устунда бажарилган ишлар (кўрсатилган хизматлар) ҳажми қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олган ҳолда кўрсатилади.
Агар ишлар бажараётган, хизматлар кўрсатаётган корхоналар кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлашни назарда тутадиган солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимига ўтса, 6 ва 7-устунларда қўшилган қиймат солиғи суммасини кўрсатмайди ҳамда “ҚҚСсиз” штампини қўяди (ёки ёзиб қўяди) ва 8-устунни тўлдирмайди.
Агар ишлар бажараётган корхоналарда буюртмачига имзо чекиш учун тақдим этилган, бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) қиймати тўғрисидаги маълумотнома-ҳисобварақ-фактурада ҳисобварақ-фактуранинг белгиланган шаклида акс эттирилган барча мажбурий реквизитлар (ушбу ҳужжатни ёзишга асос бўлган шартноманинг рўйхат рақами ва санаси, номланишлар, манзиллар, СТИР, ХХТУТ бўйича тармоқ коди) мавжуд бўлса, ҚҚС ставкаси ва суммаси алоҳида ажратилган, ҚҚС тўламайдиганлар бўйича “ҚҚСсиз” белгиси қайд этилган бўлса, бундай корхоналар қўшимча равишда ҳисобварақ-фактура ёзмаслиги керак. Бунда “бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) қиймати тўғрисидаги маълумотнома - ҳисобварақ-фактура” ҳисобварақ-фактура бўлиб ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |