7. Қўшилган қиймат солиғини Республика бюджетига ўтказиш тартиби
Қўшилган қиймат солиғининг тўланган суммалари ҳудудий божхона органларининг депозит ҳисобварақларига кирим қилиниб, кейин улар Республика бюджетининг даромадига қайд этилиши керак. Бунда, шу жумладан қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳисоблаб ёзилган бўнак тўловлари суммалари тўловчи томонидан ҳудудий божхона органларининг депозит ҳисобварақларига кирим қилиниши керак. Кўрсатилган суммалар юк келишига қараб тузатилади, сўнгра улар республика бюджетининг даромадига қайд этилади.
Божхона органлари уч кун давомида ундирилган қўшилган қиймат солиғи суммаларини республика бюджетининг даромадига ўтказадилар. Божхона органлари қўшилган қиймат солиғининг тўғри ҳисоблаб ёзилиши ва ўз ҳисобварақларидан республика бюджетининг даромадига ўз вақтида ўтказилиши учун жавобгардирлар.
Ортиқча тўланган ёки ундирилган қўшилган қиймат солиғи суммаси ўттиз кун ичида қайтарилиши ёки бўлғуси тўловлар ҳисобига қайд этилиши керак.
Тўловчи ортиқча тўланган ёки ундирилган қўшилган қиймат солиғи суммаларини қайтаришни талаб қилиб, улар тўланган ёки ундирилган пайтдан бошлаб бир йил давомида мурожаат қилиши мумкин. Ортиқча тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаларини қайтариш божхона органларига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилганда амалга оширилади:
тўловчининг ёзма аризаси, унда ортиқча тўлаш ёки ундиришнинг сабаблари кўрсатилади, шунингдек пул маблағлари қайтарилиши керак бўлган тўловчининг банк реквизитлари берилади;
унга мувофиқ қўшилган қиймат солиғи ҳисоблаб чиқарилган ва ундирилган божхона юк декларацияси;
ижро этилиши тўғрисида ваколатли банк белгиси қўйилган, тегишли қўшилган қиймат солиғи суммаларини тўлашга доир тўлов ҳужжати;
товарларнинг чегарадан ҳақиқатда олиб ўтилгани тўғрисида чегара божхонасининг белгиси қўйилган товарларга илова қилинувчи ҳужжатлар.
Ортиқча тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаларини қайтариш умумий тушумлар ҳисобига амалга оширилади.
Ортиқча тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаларини қайтаришнинг бошқа қоидалари Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси 2000 йил 29 июнда 02/8-27-сон билан тасдиқлаган Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларини қайтариш тўғрисида йўриқномага кўра (рўйхат рақами 947, 14 июль 2000 йил) тартибга солинади.
Қўшилган қиймат солиғининг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши ва ўз вақтида тўланиши учун жавобгарлик декларант (тўловчи) зиммасига юкланади. Қўшилган қиймат солиғи белгиланган тартибга мувофиқ тўланмаган тақдирда тегишли тўловларнинг суммалари божхона органлари томонидан уларни тўлаш учун жавобгар шахслардан сўзсиз тартибда, божхона қонунлари томонидан белгиланган миқдорда пеняни ҳисоблаб ёзиш билан ундирилади. Қўшилган қиймат солиғининг тўғри ҳисоблаб ёзилиши ва бюджетга тўланиши устидан назоратни божхона органлари божхона ва солиқ қонунларига мувофиқ амалга оширадилар.
Корхоналар қўшилган қиймат солиғининг тўғри ҳисобланиши ва ўз вақтида тўланиши учун Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
Солиқлар тўғрисидаги қонунларнинг тўғри қўлланилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикасининг "Давлат солиқ хизмати тўғрисида"ги Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади.
Қўшилган қиймат солиғини тўғри ҳисоблаб чиқарилгани ва ўз вақтида тўланиши бўйича жавобгарлик солиқ тўловчининг зиммасига юкланади. Қўшилган қиймат солиғи тўланмаган тақдирда белгиланган тартибга мувофиқ тўланиши лозим бўлган тўловлар суммаси солиқ қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда пеня ҳисобланган ҳолда солиқ органлари томонидан ундирилади. Қўшилган қиймат солиғини тўғри ҳисоблаб чиқариш ва бюджетга тўлаш устидан назоратни солиқ органи солиққа оид қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |