Математикага ўқитиш услубининг асосий масалалари қуйидагича:
– математикага ўрганишнинг синфлар, мавзулар ва дарслар бўйича аниқ мақсадини белгилаш;
– ўқув предметининг мазмунини мақсад ва ўқувчиларнинг тушуниш имкониятларига қараб танлаш;
– ўқитишнинг мақсадга эришишга йўналтирилган рационалроқ усули ва ташкилий шаклини ишлаб чиқиш;
– ҳар бир математика ўқитувчиси амалда қўллай оладиган зарурий ўқитиш воситаларини танлаш.
–Математикага ўқитиш услубияти учта саволга жавоб топишга қаратилган: Нима учун математикага ўқитиши керак? Нимани ўрганиш керак? Математикага қандай қилиб ўқтиш керак?
Тузилиш жиҳатидан математикага ўқитиш услубияти уч бўлимдан иборат:
-умумий (масалан, математикага ўқитиш усуллари);
-махсус (масалан, мактаб курсида функуия ҳақида ўқитиш);
-аниқ (масалан, “Векторлар” мавзусини ўқитиш услуби).
Дастурда кўзда тутилган мактаб математикаси мазмуни, узоқ йиллардан буён рўй бераётган ўзгаришларга қарамасдан, ўзининг асосий ўзагини йўқотмай келаяпти. Дастур асосий мазмунининг бундай барқарорлиги, математика ўз ривожланишида кўплаб янгиликларга эришганига қарамай, аввалдан тўпланган илмий билимларни эскирган ёки кераксиз бўлиб қолди деб, четга чиқариб ташламасдан ҳамон сақлаб келмоқда. Бу ўзакка кирувчи ҳар бир бўлим, ўрта мактабда ўқитишнинг предмети сифатида ўз ривожланиш тарихига эга. Ўрганиш масалалари математикага ўқитишнинг махсус услубиятида атрофлича кўриб чиқилади.
Мактаб курси математикасининг ажратиб олинган ўзаги базавий дастурнинг асосини ташкил этади ва, у мавзули дастурлар ишлаб чиқишда ҳужжатли манба ҳисобланади. Ўрта мактабга мўлжалланган мавзули дастурда ўқув материалларини синфлар бўйича тақсимлашдан ташқари, ўқувчиларнинг билимига, уқуви ҳамда кўникмасига нисбатан талаблар баён этилади, фанлараро алоқалар очилади, баҳолашнинг намунавий нормалари берилади.
Ўрни келганда эслатиб ўтиш мумкинки, ривожланган хорижий мамлакатлар мактабларида математика дастурларида нисбийлик назарияси ва статистикага кўпроқ аҳамият берилади. Масалан, Японияда биринчи синфдан бошлабоқ, “Статистика” асосий бўлим саналади. Нисбийлик назарияси элементлари Бельгия ва Франция мактабларининг юқори синфларида қатъий математик асосда ўқитилади. Геометрия кўплаб мактабларда мустақил ўқув предмети сифатида ўқитилмайди, чунки унинг айрим масалалари арифметика, алгебра ва математик таҳилилнинг бошланғич курсига киритилган.
Бир қатор ривожланган мамлакатларда катта босқичдаги умумтаълим тайёргарлиги маълум бир йўналиш бўйича дифференцияланган.Ўқитишнинг барча босқичларида функционал тасаввурларни ривожлантириш, математик усулларни эгаллаш тадқиқий кўникмаларнинг шаклланиши катта рол ўйнайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |