Мавзу: Конларни очик усулда казишда хавфсизлик коидалари. Режа:
Умумий қоидалар.
Карьерлар ходимларига оид талаблар.
Очиқ кончилик ишларининг хавфсизлигини таъминлаш.
1.Умумий коидалар. Фойдали қазилма конларини очиқ усул билан қазиб олишни бажарувчи ҳар бир корхонада (ташкилотда) қуйидагилар бўлиши керак:
а) фойдали қазилма конларини қазиб олиш учун ер ости бойликларидан фойдаланишга оид лицензия (махсус рухсатнома
б) карьернинг тасдиқланган лойиҳаси;
в) кон бўлагини гувоҳловчи далолатнома;
г) ердан фойдаланиш ҳуқуқига оид далолатнома;
д) хавфсизлик сертификати;
е) давлат комиссиясининг карьер ёки унинг навбатини фойдаланишга қабул қилиш ҳақидаги далолатномаси;
ж) кончилик ишларини олиб бориш ҳуқуқига оид лицензия (рухсатнома);
з) белгиланган маркшейдерлик ва геологик ҳужжатлар;
и) «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси билан келишилган кончилик ишларини режаси;
к) кончилик ишларини бехатар олиб боришни таъминловчи техник воситалар;
л) бузилган ерларни қайта тиклаш ишлари режаси;
м) кончилик ишларини бошқариш ва бехатар олиб боришни таъминловчи ходимлар;
н) Ўзбекистон Республикасининг «Экологик экспертиза тўғрисида»ги Қонуни 11,15 ва 21- моддаларига мувофиқ равишда давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси;
о) атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича тадбирларнинг йиллик ва истиқболли режалари;
п) чиқиндиларнинг шаклланиши, уларни рўйхатга олиш, жойлаштириш лимитлари ва чиқинди паспорти.
Фойдали қазилма конларини қазиб олиш учун ер ости бойликларидан фойдаланишга оид Лицензия Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси томонидан белгиланган тартиб асосида берилади, хамда унинг эгасига кончилик корхонасини (карьерни) лойихалаш, кон бўлагини олиш ва ер бўлагини бериш учун асос бўлади.
Карьер лойихаси, шу жумладан конни тажриба-саноат асосида қазиб олишга оид лойиха хам, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда бериладиган лицензияларга эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан, шу жумладан хорижликлар томонидан хам ишлаб чиқилиши керак.
Лойихани ишлаб чиқиш, лойиха ташаббускори ёки уни буюртмасига кўра лойихалаш ташкилоти томонидан тузиладиган, хамда «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси билан келишиладиган пудрат шартномаси ва лойихалаш топшириғига асосан бажарилади.
Карьернинг асосий лойихавий ечимлари ва технологик параметрларини қайта кўриб чиқиш заруриятини туғдирувчи кон-геология ва кон-техник шартлар ўзгарганда, янги лойиҳалашга оид топшириқ асосида лойиха қайта ишлаб чиқилиши ва белгиланган тартибда қайта тасдиқланиши керак.
Агар аниқланган ўзгаришлар асосий лойихавий ечимларни қайта кўриб чиқишни талаб этмаса, унда лойихаларни ишлаб чиқувчи корхона билан келишилганидан кейин карьернинг айрим технологик параметрлари ўзгартирилиши ва корхонанинг бош мухандиси томонидан тасдиқланиши керак.
Агар аниқланган ўзгаришлар карьернинг асосий лойихавий ечимларни ва технологик параметрларини қайта кўриб чиқишни талаб этмаса, унда ишлар корхона-нинг бош мухандиси томонидан тасдиқланган махаллий лойиҳалар асосида олиб борилиши мумкин.
Фойдали қазилмаларни, шу жумладан техноген тусдагиларни ҳам қазиб олиш учун ажратилган кон бўлаги, фойдали қазилма конларини қазиб олиш учун ер ости бойликларидан фойдаланишга оид лицензия эгасига «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси томонидан берилади.
Кон бўлаги корхонани қуриш, қайта қуриш ва кенгайтиришни бошлашдан олдин амалдаги «Фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ажратилган кон бўлаги бериш ҳақидаги низом»га мувофиқ равишда расмийлаштирилиши керак.
Кон бўлаги чегарасидан ташқарида фойдали қазилмаларни қазиб олиш тақиқланади. Корхона томонидан унга берилган кон бўлагини бошқа корхонага беришга рухсат этилмайди.
Конни ёки унинг қисмини тажриба-саноат асосида қазиб олиш, «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси билан келишилган ва корхона раҳбари томонидан тасдиқланган кончилик ишлари лойиҳаси ва режалари, фойдали қазилма конларини қазиб олиш учун ер ости бойликларидан фойдаланишга оид лицензия асосида кон бўлаги берилмасдан амалга оширилади.
Кончилик корхонасини қуриш учун ажратилган ер участкасини (ер бўлаги) расмийлаштириш, давлат хокимияти худудида корхона қуриш кўзда тутилган туманнинг органлари қарори билан кон бўлаги олинганидан кейин, белгиланган тартибда амалга оширилади, хамда далолатнома бериш, шунингдек топографик хаританинг нусхасига тегишли уст хат ёзиш ва унда ер бўлагининг чегаралари кўрсатиш билан гувохлантирила-ди.
Кон ва ер бўлаги лойиҳалари лойиҳаловчи ташкилот ёки корхона томонидан тайёрланган бўлиши керак.
Янги қурилган ёки қайта қурилган карьерлар ва унинг объектларини фойдаланишга қабул қилиш, ШНК 3.01.04-04 билан белгиланган тартибда тайинланган қабул комиссия томонидан «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, санитария назорати, ёнғин назорати, Меҳнат ва аҳолинини ижтимоий ҳимоя қилиш давлат техник инспекцияси, корхона касаба қўмитаси вакиллари иштирокида КМК 3.01.04-99 талабларига мувофиқ белгиланган тартибда бериладиган хавфсизлик сертификати мавжуд бўлгандагина амалга оширилиши керак.
Даврий тўхтатилиши ёки фойдаланишга топширилиши кончилик ишларини бажариш технологияси (кўчма темир йўллари, конвейер линиялари, электр узатиш линиялари, улашиш тармоқлари, сув тўкиш қурилмалари, қувур ўтказгичлар ва бошқалари) билан боғлиқ бўлган объектларда қабул комиссиясини тузиш зарурияти корхона (карьер) бош муҳандиси томонидан белгиланади.
Нормал фойдаланишга ҳалақит қиладиган, ходимларни меҳнат хавфсизлигини ва санитар-гигиена шароитларини ёмонлаштирадиган чалалар, шунингдек ёнғинга қарши қурилмалар ва меҳнатни муҳофаза қилиш объектлар бўйича чалалар билан қурилган ёки қайта қурилган карьерлар ва карьер объектларини фойдаланишга қабул қилиш тақиқланади.
Кончилик ишларини олиб боришга оид лицензия «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси томонидан корхонага, фойдали қазилма конларини қазиб олиш учун ер ости бойликларидан фойдаланишга оид лицензия эгасига ёки кончилик ишларини олиб боришга жалб этиладиган ихтисослаштирилган ташкилотга берилади.
Лойиҳада кўзда тутилмаган жиҳоз корхона бош муҳандисининг қарорига кўра карьерда ишлатилиши мумкин, бунда карьернинг техник раҳбари томонидан уни асосида ундан хавфсиз фойдаланиш тартиби ва шартларини белгиловчи лойиҳа, паспорт ёки йўриқномалар ишлаб чиқилиши керак.
Чет элдан жиҳоз олиб келишга оид шартномани тузишдан олдин «Саноатконтехназорат» давлат инспекциясининг Сертификациялаш марказидан Ўзбекистон Республикаси давлат стандартларига, уни мувофиқлиги ҳақида сертификат олиниши керак.
Агар жиҳозни лойиҳаловчи ва етказиб берувчи мамлакатнинг хавфсизлик қоидалари меъёрлари ва талаблари Ўзбекистонда амал қилувчи қоидалар нуқтаи назаридан хавфсизлик даражасини пасайтирса, унда мавжуд фарқлар олдиндан Ўзбекистон Республикаси «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси билан келишилган бўлиши керак. Жиҳоз билан бирга етказиб берладиган техник ҳужжатлар, паспортлар, йўриқномалар ва бошқа фойдаланишга оид ҳужжатлар ўзбек ва рус тилларига таржима қилиниши, ҳамда Ўзбекистонда амал қилувчи Қоидаларга мувофиқ бўлиши, электрик, гидравлик ва бошқа схемаларнинг шартли белгилари давлат стандартларига жавоб бериши керак. Қоидаларга оид мумкин бўлган четланишлар шартномани тузишдан олдин Ўзбекистон Республикаси «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси билан келишилган бўлиши керак. Қоидалар ва мувофиқлик сертификатига оид четланишларни келишиш тўғрисидаги ҳужжатларнинг нусхалари жиҳоз паспортига илова қилиниши керак.
Кончилик корхонаси саноат майдони атрофида амалдаги санитария меъёрларига мувофиқ ўлчамлари аниқланган санитария-ҳимоя зонаси белгиланиши керак.
Санитария-ҳимоя зонасида корхонанинг ишлаб чиқариш-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ҳолда қишлоқ хўжалиги ва бошқа мақсадларда ердан фойдаланиш учун санитария назорати ва Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органлари билан келишув бўйича рухсат этилади.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2000 йил 6 июндаги 300-сонли буйруғига мувофиқ равишда кончилик корхонасига ишга кираётганлар барча ходилар (меҳнат шартномасини тузиш пайтида) дастлабки тиббий кўрикдан, кончилик ишларида ишловчилар ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари таъсирида бўлганлар эса даврий тиббий кўрикдан ўтишлари лозим.
Тиббий гувоҳлаш ва кўриклар натижаларига кўра корхонага ишга кираётган ёки ишлаётган шахсларнинг касби бўйича, шу жумладан хавфли, зарарли моддалар ва ёмон ишлаб чиқариш омиллари таъсиридаги шароитларда ишлашлари учун, уларни соғлиғи ва яроқлилик даражаси ҳақида хулоса берилади.
Ходимни касбий касалланиш пайдо бўлишнинг потенциал хавфи юқорилиги шубҳасиз бўлган ишга қабул қилиш ёки ўтказиш пайтида маъмурият уни бу тўғрисида огоҳлантириши, яъни иш шароитлари, зарарли ишлаб чиқариш омилларининг таъсирини профилатика қилиш усуллари, шахсий муҳофаза воситалари, шунингдек унга бериладиган имитёзлар ва компенсациялар билан таништириши, ҳамда унинг шундай шароитларда ишлашга розилигини ёзма равишда олиши керак