17.2. Муз қоплаш турлари
Музликларга эга бўлган тоғ ўлкаси ўзининг рельефи ва музнинг қалинлигига қараб уч хил муз қоплашни бошидан кечирган бўлиши мумкин. Агар тоғларнинг усти яланғоч тош чўққиларидан иборат бўлиб, шу билан бирга водий музликларига ҳам эга бўлса, бу турдаги муз қопламини Альп туридаги муз қопланиши дейилади. Бу муз шу хилдаги музликлар тараққий этган Швейцариядаги Альп тоғларининг номидан олинган.
Баъзи тоғларнинг усти ясси бўлиб, қор билан қопланган бўлади ва фирн ҳавзасини ташкил этади. Булардан анча катта музликлар ҳосил бўлади. Бу хол Скандинавиянинг шимолида куп тараққий этганлиги учун Скандинавия туридаги муз қопланиш деб аталади.
Агарда ясси тоғларнинг кенг сатҳи яхлит муз билан қопланиб, унинг остидан чўққилар камдан-камгина чиқиб турса, буни ялпи муз қоплаш тури деб атайдилар.
Хозирги замонда ялпи муз қоплаш ўлкаларига мисол қилиб Гренландияни, Шпицбергенни, Франц Иосиф ороллари, Янги Ерни ва Антарктика материгидаги муз саҳроларини кўрсатиш мумкин. Шу хилдаги музликлар бир замонлар Европа, Осиё ва Америка материкларининг шимолий қисмини бутунлай қоплаган эди. Бизнинг Ер тўртламчи даври давомида ўз бошидан музлик, тўғрироғи, кетма-кет тўрт музланиш эпохаларини кечирган эди. Ҳар бир музланиш (муз қоплаш) эпохаларида турли қалинликдаги муз қатлами ҳосил бўлар, кейин у секин-секин эрийбошлаб, қисқарар ёки тамомила йўқ бўлиб кетардида, сўнг яна қайта ўсабошлар эди.
Муз қоплаш эпохалари ўртасидаги муддатни муз қоплаш ораси деб аталади. Улар уч марта юз берган. Охирги муз қоплаш тугагандан кейинги вазиятни муз давридан сўнгги давр деб юритилади. Бу давр ҳозиргача давом этмоқда, чунки охирги муз қоплашнинг қолдиқлари ҳалигача йўқолиб кетмаган. Уларни биз Арктикада, Европанинг шимолида, Альпда, Кавказ, Олтой ва бошқа бир қатор тоғларда ҳозирги замон музликлари сифатида учратамиз.
Муз даврида шимолий ярим шарнинг иқлими ҳозирги замондагига нисбатан анча совуқ эди, ёғинлар кўп бўлиб, улар асосан қор ҳолида тушар, аммо ёққан қорларнинг барчаси ўша замоннинг қисқа ва салқин ёз мавсумида эриб улгураолмасди.
Охирги геологик даврда материкларнинг каттагина майдони муз билан қопланганлиги аниқланган. Бу материк музликлари эриб кетгандан кейин ётқизиқлар қолдирган.
Морена амфитеатрлари, марказий чуқур қисми кўлдан иборат бўлиб, бир томони конуссимон текисликка туташиб кетади, ён томонлари музлик ва дарёлар келтирган шағаллар билан қопланган бўлади.
Озлар, катта ва узун марзалар бўлиб, ёнлари яққол кўриниб туради. Улар музости сувлари келтирган ётқизиқлардан иборатдир. Шунингдек морена тепаликларидан кам, друмлин, тўлқинсимон қир - адирларни ҳосил қилади.
Ҳарсанг аралаш гиллар музлик суриб келган ҳарсанг ва гилдан иборат, қатлами аниқ бўлмаган жинслардир.
Флювиогляциал ётқизиқлар музлик сувлари олиб келтирган ётқизиқлар бўлиб, улар қалин қатламли қум ва гиллардан иборат.
Қўй пешаналар ва силлиқ қоя тошлар юзаси чизиқлар билан қопланган. Бу чизиқларга қараб қадимги музликнинг ҳаракат йўналишини аниқлаш мумкин, Улар Скандинавия яриморолида кўп учрайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |