Музликларнинг ҳаракати. Музликлар бир қанча сабабларга кўра турлича тезликда ҳаракатланади. Жумладан музликларнинг ҳаракат тезлиги муз тоғи рельефининг қиялигига, музнинг қалинлигига, ҳароратнинг ўзгаришига ва бошқаларга (тектоник ҳаракатлар, зилзилаларга) боғлиқ. Уларнинг ҳаракат тезлиги суткасига 1 м дан 10 м гача, баъзан 20 м гача бориши мумкин. Энг тез ҳаракат қилувчи музликлар Гренландияда кузатилади. Упернивик музлиги суткасига 38 м гача ҳаракатланади. Музлик ҳаракат қилиши натижасида унда бўйлама ёриқлар ҳосил бўлади. Бу ёриқлар музликни бир неча бўлакларга бўлиб юборади. Денгизларда сузиб юрувчи музли тоғлар - айсберглар шу усулда пайдо бўлади.
Музликларнинг кўчириш фаолияти асосан тоғ музликларида ўрганилган. Музнинг ҳаракати унинг пластиклик хусусиятига боғлиқ. Музликлар ҳаракати давомида ўз заминидаги тоғ жинсларини синдириб майдалайди, муз ичида қотган жинс бўлаклари билан тубини тирнайди, сирпаниш юзасини силлиқлайди; емирилган материалларни ўзи билан катта масофаларга кўчиради. Музликлар билан кўчирилган материаллар гил зарраларидан тортиб, то улкан ўлчамдаги бўлакларгача бўлади.
Баъзи альп музликлари йилига 6000 м³ ҳажмдан ортиқ массани кўчиради. Ўтмишдаги материк музликлари материалларни юзлаб ва минглаб километр масофаларга кўчирган. Бундай ётқизиқлар Россияда ва Канадада кенг тарқалган.
Бўлакли материалларни кўчиришда сузувчи музлар – айсберглар ҳам катта аҳамиятга молик. Айсберглар ўзи билан кўп миқдордаги материалларни паст кенгликларга кўчиради.
Музликнинг босиб келиши ва чекиниши. Музликнинг охири доим бир жойда турмасдан дам пастга (олдинга), дам орқага (юқорига) силжиб туради, чунки иқлимнинг ўзгаришига қараб музнинг ҳажми ҳам ўзгаради. Иклимнинг ўзгариши кўп йиллар мобайнида ёки кутилмаган сабабларга кўра қисқа вақт ичида рўй бериши мумкин. Еғингарчилик мўл бўлган йили фирн ҳавзалари янги қор қатламлари билан қопланади, музлик ўсиб катталашади, унинг «тили» олдинга қараб силжийли, яъни музлик босиб келади.
Қурғоқчилик йиллари музликнинг ёппасига эриши туфайли музлик «тили» юқорига тортилади яъни музлик чекинади.
Музликнинг эриш - абляция (музнинг эриши, буғланиши) жараёни асосан музликларнинг олд қисмида - «тилида» кечади. Бу ҳодиса (абляция) арктика музликларида кўпроқ учрайди. Музликларнинг кам ёки кўп буғланиши қуёш радиациясига ва куруқ илиқ шамолларнинг таъсирига боғликдир. Музнинг устки қисми билан бирга ички қисми ҳам эрийди. Музнииг устки қисми қуёш нури, ёмғир, иссиқ шамоллар таъсирида эрийди. Музнинг ички қисми муз босимидан ва музнинг тоғ жинсларига ишқаланиши натижасида пайдо бўладиган иссиқлик энергияси таъсирида ҳам эрийди.
Музлик ҳаракатининг сустлигидан, фирн ҳавзасида бўлган қорнинг озайиб-кўпайиши натижасида музлик тилининг «узайиб-қисқаришига" фақат бир неча йилдан кейингина ўз таъсирини кўрсатади. Инсониятнинг табиатдаги фаолияти минтақадаги иқлимнинг анча вақтларга маълум томонга ўзгариб кетишига сабаб бўлади. Масалан, ўрмонларнинг кесилиб кетиши, кўлларнинг қуриб қолиши қурғоқчиликка олиб келади. Бу эса музликларнинг йилдан-йилга орқага чекинишига сабаб бўлади. Бу ҳол ҳозирги вақтда Швейцариядаги Альп тоғларида, Кавказ, Олтой ва Тиён-Шонда юз бермоқда.
Ўлканинг рельефи, музликнинг денгиз сатҳидан баландлиги ва ёғинларнинг миқдорига қараб музликлар ҳар хил катталикка ва ўринга эга. Унча баланд бўлмаган тоғларда доимий қор чизиғи чегарасидан юқорида фақат энг юксак чўққиларгина чиқиб туради.
Бу ерларда қор қоплаган жойлар кам бўлади, фирн ҳавзалари эса кичкинадир. Шу сабабли бу жойлардаги музлар ҳам анча узоққа бормасдан фирн ҳавзасининг этаги ёки тоғнинг ёнбағридаёқ тамом бўлади. Булардан биринчиси кар, кейингиси эса осма музликлар деб аталади.
Кар музликларини тоғ ёнбағирларидаги ярим доира шаклидаги катта пасқамликларни тўлдирган фирнлар таъминлаб туради. Карни афсонавий паҳлавонлар ўтирадиган кресло деб фараз қилиш мумкин. Алоҳида карларда жойлашган фирн ҳавзалари одатда унча катта эмас ва унда ҳосил бўлган музлик тоғ ёнбағрига зўрға чиқиб туради. Карлар кўпчилик тоғларда учрайди. Баъзи қатор жойлашган бирнеча карлар қўшилиб бир умумий фирн ҳавзасини ҳосил қилади ва бунинг натижасида катта музликни ҳам озиқлантириб туриши мумкин.
Тоғ водийси ичида жойлашган музлик - водий музлиги деб аталади.