10-Мавзу. Илмий – техник тараққиётнинг ривожланиш жараёнини прогнозлаш.
10.1 Ўзбекистонда билимлар иқтисодиётига асосланган миллий инновацион тизим ва унинг аҳамияти.
10.2. Давлатнинг мақсадли дастурлари.
10.3. Ўзбекистонда билимлар иқтисодиёти асосида миллий инновацион тизимларнинг ривожланишидаги ўзига хос хусусиятлар.
10.4. Иқтисодиётда интеллектуал капитал.
10.5. Минтақаларнинг инновацион ривожланиш цикллари.
10.1. Ўзбекистонда билимлар иқтисодиётига асосланган миллий инновацион тизим ва унинг аҳамияти.
Бозор муносабатларига ўтиш даврида давлат илмий-техника сиёсатининг моҳияти республика ички талабини тез қондирадиган, жаҳон бозорида рақобатбардош бўла оладиган, иқтисодиёт тармоқларини тубдан янгиланишига имкон берадиган илмий ва технологик тадқиқотларга кўмаклашишдан иборат.
Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримов таъкидлаганидек “Ўзбекистон инновацион ривожланиш турининг ҳозирги замон моделига ўтиш учун ҳамма зарур шароитларга эга. Бу модел вужудга келтирилган илмий-техникавий салоҳиятдан кенг ва самарали фойдаланишга, фундаментал ва амалий кенг жорий этишга, юқори малакали, иқтидорли илмий кадрлар сонини кўпайтиришга асосланади”39.
Илм оламида илмий (илмий-тадқиқот), илмий-техник фаолият ва экспериментал (тажриба-конструкторлик) ишлаб чиқариш йўналишлари мавжуд. Жумладан, фундаментал илмий-тадқиқот ишлари, экспериментал ва назарий фаолиятжамият ва табиат ривожланишининг асосий қонуниятлари тўғрисида янги билимлар яратишга қаратилган бўлади. Илмий-техник фаолиятда технологик, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ечиш ва янги билимни яратиш, қўллаш ва кенг жорий этишга қаратилган бўлиб, илмни, техникани, ишлаб чиқаришни ягона тизим сифатида фаолият кўрсатишни таъминлашга кўпроқ эътибор берилади.
Илмий фаолият давлат сиёсатининг энг фаол соҳаси бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Айтиш жоизки, илмий ғоя бевосита хўжалик фаолиятида қўлланилиши мумкин эмас. Шунинг учун ташкилотлар тадқиқотларни молиялаштиришга секинлик билан ёндошади, унга катта эҳтиёж сезса ҳам. Ҳозирги шароитда давлат бизнеснинг таъминлаш функциясини, аниқроғи илмий билимлар ва ғоялар билан таъминлашни ўз зиммасига олмоқда. Айнан шунинг учун илғор мамлакатлар расмий ҳужжатларида илмий-техника тараққиёти ягона занжир, илмий ғоя ишлаб чиқариш, инновация бизнесини кенг кўламда қўллаш ёки фойдаланиш сифатида қаралади.
Бозор иқтисодиёти шароитида нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам харидоргир, илм талаб ва юксак технологияларга асосланган маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг ўрни катта. Шу боис бутун дунёда янги ва илғор технологияларнинг бозор қиймати ошмоқда. Ўзбекистон бу борада катта салоҳиятга эга. Давлатимиз раҳбарининг илм-фанни ривожлантиришга катта эътибор қаратаётгани туфайли ушбу салоҳият юксалиб бормоқда. Ҳар йили истиқболли илмий ғоя ва лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат грантлари ажратилмоқда. Давлат илмий-техник дастурлари доирасида рўёбга чиқарилаётган фундаментал ва амалий тадқиқотлар жаҳон илм-фани учун ҳам катта аҳамиятга эгадир. Олимлар ўз ишларини, биринчи навбатда, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар олдида турган аниқ вазифаларни ҳал этишга йўналтираётир. Бунда янги, истиқболли ишланмаларни ҳаётга татбиқ этиш ишлаб чиқариш ва илм-фанни ривожлантиришга ёрдам беради. Яъни, интеллектуал маҳсулотларни синовдан ўтказиш, янада такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқариш базаси ҳамда илмий изланишларни чуқурлаштиришга йўналтириладиган қўшимча маблағларга эга бўлиш имконияти кенгаяди. Илм-фан ва ишлаб чиқариш жамиятимизнинг барча жабҳаларида ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнининг ўзаро боғлиқ ҳамда зарур бўғинлариги айланади.
Мамлакатнинг миллий инновацион тизими илмий тадқиқот ва тажриба конструкторлик ишларига (ИТТКИ) жалб қилинган илмий ходимларнинг фаолият юритишлари учун зарур бўлган инфратузилма, ахборот-коммуникация технологиялари ва мамлакатда интеллектуал шахсий мулкни ҳимоя қилиш, ишбилармонлик шароитини яратиш, инновацион жараённи ташкил этиш, янги лойиҳаларни вужудга келиши учун зарур бўлган шароитни яратади
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси илмий-текшириш институтларининг олимлари ва тармоқ институтларининг олимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси халқ хўжалигининг барча тармоқлари учун бажарилган илмий-тадқиқот ишлари, импорт ўрнини босувчи локализация қилинган (маҳаллийлаштирилган), экспортбоп товарлари билан ҳамда республикамиз ва хорижий тармоқ ишлаб чиқарувчи саноат, агросаноат вакиллари ярмаркада қатнашувчи вакиллар билан ўзаро ҳамкорлик шартномаларини тузиш ва ҳамкорлик ўрнатиш бўйича истиқболли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўтказилаётган ярмаркаларнинг бош мақсади фан сиғими юқори бўлган, юқори технологик ишлаб чиқаришларнинг ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан кичик инновацион тадбиркорликнинг барқарор ривожланиши учун шароит яратиш; республиканинг илмий, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ташкилотлари илмий-техник салоҳиятидан мамлакат иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасини ривожлантиришнинг долзарб муаммоларини ҳал қилиш йўлида самарали фойдаланиш; корхоналарнинг инновация фаоллигини ошириш, инновация фаолиятини кенгайтириш учун инвестицияларни жалб қилишга кўмаклашишдан иборат.
Ярмаркада тақдим этилаётган ишланмаларнинг аксарияти мамлакат иқтисодиётининг асосий тармоқлари учун бевосита аҳамият касб этади ҳамда ушбу маҳсулотнинг истеъмолчилари ва буюртмачиларини қизиқтиради, ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорларнинг кенг доираси учун фойдали бўлади. Маҳсулотларни ишлаб чиқариш тўғрисидаги келишувлар ва янги хўжалик шартномаларини тузиш учун хизмат қилади.
Юқоридаги мақсаддан келиб чиққан ҳолда қуйидаги вазифалар белгилаб олинади:
- инновация ғоялари ва лойиҳаларини тақдим этиш;
- саноатнинг рақобатбардошлигини ошириш манфаатларидан келиб чиқиб, фан, ишлаб чиқариш ва сармоялар интеграциясини таъминлаш;
- илмий-техника соҳасидаги корхоналар ва ихтисослашган фирмаларнинг инновацион фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш;
- илмий ва амалий тадқиқот натижаларини ишлаб чиқаришга жорий қилиш, корхоналарнинг технологиялари ва маҳсулотларини ватанимиз ва хориж бозорларига олиб чиқиш бўйича тармоқлараро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашиш;
- бюджетдан ташқари молиявий маблағларни тўплаш ва инновацион маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳамда уларни бозорга чиқариш жараёнига жалб қилиш.
Намойишга қўйилаётган амалий, инновацион ва илмий-техник лойиҳалар ҳамда ишланмаларнинг асосий қисми экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босувчи ҳамда юқори самарали маълумотлар, машиналар, препаратлар ва дунё тажрибаларига мос келувчи бошқа фан сиғими юқори бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга имкон берувчи маҳсулот ва технологияларни яратишга қаратилиши лозим.
Мамлакатимиз олдига қўйилган бу вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш йўлида иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ишлаб чиқариш учун янги инновацион ғоя ва технологияларни яратиб беришнинг назарий асосларини ўз ичига олган мазкур фан муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикасида истиқлол йилларида иқтисодий ва ижтимоий муносабатлар тизимида чуқур ва сифатли ўзгаришлар амалга оширилди, миллий иқтисодиётнинг тармоқ тузилиши инновация ҳисобига янгиланди. Бугунги кунда мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва мавқеи тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Дунёни бугунги фан-техника тараққиёти, қолаверса жаҳон бозорида рўй бераётган инновацион ўзгаришлар эришилаётган ютуқлар билан чегараланиб қолишга имкон бермаяпти. Шу боис, Ўзбекистонда жаҳон бозоридаги инновацион ўзгаришларни ўрганиш, тадқиқотларни олиб бориш, назария ва услубларини яратиш, уларни амалга оширишнинг йўлларини ишлаб чиқишни тақозо этади. Бу эса, иқтисодий мустақилликка эришишда ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда имкониятлар эшигини очади.
Мамлакатимиз иқтисодиётининг ҳозирги ҳолати миллий иқтисодиётда инновацион ўзгаришларни амалга ошириш суръатларини жадаллаштиришни талаб этади. Иқтисодиёти ривожланган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, фаол, самарали инновация ва маркетинг стратегиялари мамлакат иқтисодий ва табиий омилларидан оқилона фойдаланиш орқалигина амалга оширилиши мумкин. Бозор иқтисодиёти шароитида иқтисодиётнинг инновацион шаклланиши, энг аввало, иқтисодий ўсишни таъминловчи тармоқлар ҳисобига юз беради, бу эса ўзнавбатида мамлакат иқтисодиётини хомашё экспорт қилишини камайтириш билан бирга уни қайта ишлашни ривожлантиришга, валюта маблағларининг тежалишига ва аҳоли бандлигининг ошишига сабаб бўлади. Ушбу омиллар ўз навбатида мамлакатнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини мустаҳкамланишига олиб келади.
Инновация у ёки бу фаолият соҳасида самарадорликни ошириш учун инсоннинг интеллектуал мулк ютуқлардан (кашфиёт, ихтиро, илмий ва конструкторлик лойиҳалари ва ҳоказо) фойдаланиш натижасида олинган моддий ва номоддий маҳсули бўлиб, у моc равишда технологик, иқтисодий, экологик, бошқарув, ҳарбий, сиёсий, ижтимоий-маданий, ҳуқуқий ва бошқа турларга бўлинади. Инновациялар дунёси инсон фаолияти соҳалари каби ранг-баранг ва турли-туман кўринишга эга.
Янгилик даражаси бўйича технологик инновацияларни базис, яхшиловчи ва сохта инновацияларга ажратиш мумкин. Замонавий технологик янгиликлар бошқа мамлакатларда киритилган янгиликларни такрорловчи имитация ва дунёда илк бора амалга оширилаётган янги инновациялар бўлиши мумкин.
Ҳозирги замонавий нуқтаи-назардан, базис инновациялар янги техника (технология) авлодлари ва технологик укладларни ўзлаштиришга йўналтирилган бўлади; яхшиловчи инновациялар эса авлодларнинг тарқалиши ва улар қўлланувчи турли соҳаларнинг ўзига хосликларидан келиб чиққан ҳолда тақсимланишига хизмат қилади; сохта инновациялар эскирган техника ва технологияларнинг хизмат қилиш муддатини узайтиришга хизмат қилади.
Инсон интеллектуал билимларининг ривожланишидаги асосий ўсишлар узоқ муддатли ўсишнинг асосий манбаи бўлиб, дунёда кенг тарқалган ва даврга хос янгиликлар деб аташ мумкин.
Инновацион ўзгаришлар амал қилиш майдонига кўра инсон фаолиятининг барча соҳалари ва жамиятнинг ҳар бир жабҳасини қамраб олади. Бошланғич, энг кўп ўрганилган технологик инновациялар қуйидагилар ҳисобланади: ишлаб чиқариш янги технологик усулининг шаклланиши асосида ётувчи инновациялар; технологик укладлар ва техника (технология) авлодларини ўзгартиришга турки бўлувчи базис инновациялар; янги техника моделлари ва технология модификациялари ёрдамида янги бозорларни ўзлаштиришга хизмат қилувчи яхшиловчи инновациялар.
Do'stlaringiz bilan baham: |