Нюрнберг сабоқлари 23 нафар етакчи немис тиббиётчи-олимларининг иши бўйича ўтказилган Нюрнберг жараёни 1947 йил 20 августда ўз ишини якунлади. Тиббиётчи-олимлар одамларда ўтказган тиббий тажрибалар, камчилик билан туғилган чақалоқлар, сил касали ёки давосиз ўсма касалликлари билан оғриган беморлар, ногиронлар ва қариялар, руҳий хаста ва жисмоний камчиликларга эга одамларнинг Гиппократ қасамёдига зид равишда совуққонлик билан ўлдирилиши, ҳарбий асирларда ва оккпуация қилинган мамлакатлардан депортация қилинганларда тажрибалар ўтказилиши жараён иштирок этган айбловчилар ва судьяларни даҳшатга солди. Нацистлар газ камералари, крематорийлар ва ҳ.к. шаклида одам ўлдириш махсус саноатини ташкил этган эди. Нюрнбергдаги халқаро ҳарбий трибунал мазкур ҳаракатларни инсониятга қарши жиноят деб таснифлади. 1947 йилги Нюрнберг жараёни эзгуликни ёвузликдан ажратувчи маънавий-ахлоқий чегара омонат ва ишончсиз эканлигини биринчи марта намойиш этди. Ҳарбий асирлар устида шафқатсиз тажрибалар ўтказишда немис врачларига Гиппократ қасамёди монелик қилмади. Инсоннинг ихтиёрий розилигисиз унда тажриба ўтказиш тақиқланиши Нюрнберг кодексининг муҳим қоидаларидан биридир. Мазкур тажрибаларнинг объекти (тўғрироғи - қурбони) бўлган шахсларнинг кўп сонли гувоҳлик кўрсатувлари, шунингдек тажрибаларнинг нацистлар томонидан тўпланган ва умумлаштирилган натижалари судда даҳшатли манзарани намойиш этди. +уйида жараёнда бош айбловчи сифатида иштирок этган америкалик прокурор Телфорд Тэйлорнинг кириш нутқида қайд этилган бир нечта фактларни келтириб ўтамиз. Гиммлернинг розилиги билан ўтказилган тажрибаларда катта баландликлар ва сийраклаштирилган ҳаво организмга қандай таъсир кўрсатиши ўрганилди. Дахау концлагерида маҳбус яҳудийлар, поляклар ва русларда 12 км баландликка хос бўлган атмосфера шароитида кислород тақчиллиги организмга қандай таъсир кўрсатиши синовдан ўтказилди. Тажриба ўтказилаётган одам одатда ярим соатга бормай жон берарди; бунда тажриба баённомасида унинг азоб-уқубатлари босқичлари (масалан, «спазматик конвулсиялар», «талвасали конвулсив нафас олиш», «додлаш», «чинқириш», «қўл ва оёқни талвасали безгак тутиши», «афтининг бужмайиши, ўз тилини тишлаши», «нутққа жавоб беришга лаёқатсизлик») изчил ва муфассал қайд этиб борилди ҳамда электрокардиограмма маълумотлари рўйхатга олинди. Немис учувчиларига ёрдам бериш мақсадида ўтказилган бу тажрибалар кейинчалик совуққа чидамлиликни ўрганиш натижалари билан тўлдирилди. Унда ҳарбий асирлар яланғоч ҳолатда 29 даражагача совуқда 9-14 соат мобайнида сақланди ёки муздай сувга бир неча соатга ташлаб қўйилди. Худди шу концлагерда ўтказилган тажрибалар жараёнида 1200 дан ортиқ соғлом одамлар (шу жумладан католик дини руҳонийлари)га безгак касали юқтирилди. Бевосита безгакдан 30 киши, унинг асоратларидан – 300-400 киши, бошқа кўпчилик – организмга неосалварин ва пирамидон ҳаддан ташқари кўп киритилишидан ҳалок бўлди. Заксенхаузен, Натцвейлер ва бошқа лагерларда иприт гази билан тажрибалар ўтказилди. Одамларга аввал атайлаб шикаст етказилиб, сўнг уларнинг яралари иприт гази билан ишлов берилди. Бошқалар мазкур газни ҳидлашга ёки уни суюқ ҳолда ичишга мажбур қилинди. «Тажрибачилар» ўз қайдларида қўлдаги ярага газ билан ишлов берилганида, қўл қаттиқ шишиб кетиши ва кучли оғриқ туришини кўрсатганлар. Равенсбрюк лагерида асосан хотин-қизларда ўтказилган тажрибалар жараёнида яра инфекциялари, шунингдек суяк, томир асабларни регенерация қилиш ҳамда суякни кўчириб ўтказиш имкониятлари ўрганилди. Масалан, маҳбусларнинг оёқлари кесилиб, яраларга бактериялар, ёғоч пайраҳасининг бўлаклари ёки шиша майдаси киритиларди. Орадан бир неча кун ўтгач, яраларни даволашга киришилар, муайян усуллар синаб кўриларди. Бошқа ҳолларда яраларга қорасон юқтирилар, шундан сўнг кимларнидир даволашар, назорат гуруҳини эса давосиз қолдиришарди. Трансплантация билан боғлиқ тажрибалар масаласига келсак, масалан, Равенсбрюкдаги маҳбусларнинг биридан кўчириб ўтказиш учун курак суяги ажратиб олинган. Дахауда денгиз сувидан ичиш учун фойдаланиш имкониятлари ўрганилган. Бунда маҳбусларнинг бир гуруҳига сув берилмаган, бошқа гуруҳга оддий денгиз суви берилган, учинчи 35 гуруҳ таркибида туз бўлган, аммо шўр таъми олинган денгиз сувини ичган, тўртинчи гуруҳга эса чучуклантирилган денгиз суви ичирилган. Тажриба 40 маҳбусда 4 ҳафта мобайнида ўтказилган. Кимда – яҳудийлар ёки лўлиларда тажриба ўтказиш ўринлилиги масаласи махсус муҳокама қилинган, чунки айрим «синовчилар» лўлиларда ўтказилган тажриба натижаларини немисларга татбиқ этиш самара бериши мумкинлигига шубҳа билдирган. Пировард натижада Гиммлер тажрибани лўлиларда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилган. Бошқа тажрибаларда маҳбусларда юқумли сариқ касал ўрганилган; келажакда немисларни поляклар ва руслар яшаётган ҳудудларга жойлаштириш учун одамларни «оғриқсиз» стериллаштиришнинг арзон усуллари ишлаб чиқилган; маҳбусларга оммавий тарзда терлама юқтирилган; заҳарлар қанча тезликда, қандай таъсир қилиши ўрганилган, бу мақсадда Бухенвалдда рус ҳарбий асирларининг овқатига заҳар қўшиб берилган; Англия ёндирувчи бомбаларининг таркибидаги фосфор аралашмалари организмга қандай таъсир қилиши ўрганилган. Страсбург университетидаги антропология коллекциясини тўлдириш учун Освенцим лагерида 79 яҳудий эркак, 30 яҳудий аёл, 2 поляк ва 4 осиёлик танлаб олинди. «Тадқиқотчилар» жами 1200 яҳудийни танлаб олдилар. Суратга туширилганидан ва антропологик ўлчашлар ўтказилганидан кейин уларнинг барчаси ўлдирилди, уларнинг мурдалари эса Страсбургга юборилди. Нюрнберг трибунали жиноятчиларни жазолаш билангина чекланмади. Ҳукмга «ўтказиш мумкин бўлган тиббий тажрибалар» бўлими киритилди. Мазкур бўлим кейинчалик «Нюрнберг Кодекси» номи билан довруқ қозонди ва мустақил аҳамият касб этди, инсонда тиббий тажрибалар ўтказишни тартибга солувчи биринчи халқаро ҳужжатга айланди. Унинг муқаддимасида шундай дейилади: «Ихтиёримизда мавжуд далиллардан шундай хулоса чиқариш мумкинки, инсонда ўтказиладиган тиббий тажрибаларнинг айрим турларини ўтказиш тегишли, қатъий белгиланган доиралар билан чеклаб қўйилган тақдирдагина улар тиббиёт соҳасининг ахлоқ нормаларига жавоб бериши мумкин». Кодекс суд ҳукми шаклида қабул қилинганлигига қарамай, у юридик кучдан ҳам кўра кўпроқ ахлоқий кучга эга. Кодекс ўн принципни ўз ичига олади. Биринчи принципнинг мазмуни қуйидагича: «Тажриба ўтказилаётган одамнинг ихтиёрий розили мутлақо зарур шартдир». Бу тажриба ўтказишга жалб қилинаётган шахс қонунда белгиланган розилик бериш қобилиятига эга бўлиши лозимлигини билдиради; у бирон-бир зўравонлик, алдов, фирибгарлик, ҳийла-найрангсиз ёки тазйиқ кўрсатиш ва мажбурлашнинг бошқа яширин шаклларисиз эркин танлаш ҳуқуқига, тажриба тартиб-таомилларининг тафсилотларини тушуниш ва пухта ўйланган қарор қабул қилиш учун етарли билим ва тушунчага эга бўлиши лозим. «Нюрнберг кодекси»да инсоният тарихида биринчи марта фан ва жамиятнинг манфаатларидан алоҳида инсоннинг манфаатлари устунлиги ғояси илгари сурилди.
Мазкур бир қарашда содда ғояни инсоннинг маънавий тажрибасида эришилган катта ютуқ деб ҳисоблаш мумкин. «Нюрнберг кодекси»нинг биринчи моддасида ифодаланган ихтиёрий розилик қоидаси тажриба ўтказилаётган одамларни ҳимоя қилишнинг муайян механизмига айланди. Кейинги йилларда биотиббий тажрибалар ўтказиш амалиётини янада муфассал ва қаттиқ тартибга солувчи бир қанча ҳужжатлар қабул қилинди (жумладан, бугунги кунда юридик ва ахлоқий кўрсатмаларда ихтиёрий розилик ҳақида эмас, балки хабардорликка асосланган розилик ҳақида сўз юритиладики, бу янада қаттиқроқ нормадир), аммо «Нюрнберг кодекси» ўзининг асосий модел функциясини ҳозиргача сақлаб келмоқда. Кейинчалик «хабардорликка асосланган розилик» тушунчаси АҚШ суд иш юритуви амалиётида нотўғри даволаш оқибатида етказилган зиённи қоплаш тўғрисидаги ишлар билан боғлиқ ҳолларда қўлланила бошланди. 50-60-йилларда informed consent атамасининг ўзи ва унга мос тарзда бемор тиббий даволашга розилик беришидан олдин врачнинг тиббий аралашиш таваккаллари, даволашнинг муқобил шакллари тўғрисида унга ахборот бериш мажбурияти қабул қилинди. Агар 50-йилларда ахборот профессионал хусусиятга эга бўлса, 70-йилларда ахборот учун «беморга йўналтирилган» мезон (patient-oriented) жорий этилди. Мазкур мезонга кўра, ахборот ҳаммага тушунарли шаклда берилиши, даволаш мақсадини, таваккални ва таклиф этилаётган даволаш усулининг мавжуд муқобилларини тавсифлаши лозим. АҚШ суд амалиётида хабардорликка асосланган розилик ҳозирги вақтда врач беморга қандай ва қай даражада ғамхўрлик қилганлигининг ҳуқуқий мезони ҳисобланади. Хабардорликка асосланган розилик принципига беморни ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг узоқ вақт қидирилган ва ниҳоят топилган шакли деб қараш мумкин. У врач – бемор муносабатларидаги азалий табиий ва амалдаги тенгсизликни бартараф этади. Зотан, тиббиёт соҳасида махсус билимларга эга бўлмаган бемор врачга қарамликка маҳкумдир. Бу тенгсизлик натижасида бемор таваккал қилади ва ўз соғлиғи, ҳаёти ва қадр- қимматини врач қўлига ишониб топширади. Бошқа томондан, врач ҳам таваккал қилади, чунки у даволаш жараёнида хатога йўл қўйиш эҳтимоли, яъни «врач хатоси»дан кафолатланмаган. Ҳуқуқий жиҳатдан бу «эҳтиётсизлик ва совуққонлик бўлмаган тақдирда жазога тортилмайдиган янглишиш» ёки «врачнинг жавобгарлигини енгиллаштирувчи ҳолат» деб аталади. Беморни тўлақонли ҳуқуқий ҳимоя билан таъминлаш мазкур «табиий тенгсизлик»ни бартараф этишнинг ўзига хос усулидир. Унинг асосий шаклларига қуйидагилар киради: тиббий аралашишга розилик бериш ва ундан воз кечиш ҳуқуқи; беморнинг ўз соғлиғи ҳақида ахборот олиш ҳуқуқи; врач ва даволаш муассасасининг мазкур ҳуқуқни таъминлаш мажбурияти. Бир неча ўн йил муқаддам врач ва бемор муносабатларида «патернализм» Европа ва Америка цивилизацияси учун анъанавий идеал ҳисобланар эди. Бу «оталарча ғамхўрлик» модели врачнинг бемор ҳолатини муфассал ўрганишини, ҳар бир муайян ҳолат учун оғриқ ва унинг сабабларини бартараф этишга йўналтирилган даволаш усулини тайинлашини назарда тутарди. Мўлжалланаётган аралашишга беморнинг розилиги врач танлаган даволаш усуллари билан белгиланарди. Тиббиёт фанида содир бўлган, инсон ҳаётига таъсир кўрсатиш ва уни бошқариш соҳасида мутлақо янги имкониятлар яратган инқилобий ўзгаришлар XX асрнинг иккинчи ярмида патернализм принципидан чекинишга олиб келган сабаблардан бири бўлди. Бу чекиниш АҚШда айниқса енгил кечди, чунки бу ерда тиббий хизмат кўрсатишга юридик ҳуқуқ мавжуд бўлмаган ва ҳанузгача мавжуд эмас, яъни соғлиқни сақлаш ҳуқуқи давлат томонидан кафолатланмайди (инсон ҳаётига қаттиқ хавф туғилган фавқулодда ҳоллар бундан мустасно).
Do'stlaringiz bilan baham: |