«Биоэтика» атамасини илмий муомалага киритган В.Р. Поттер баъзан инсонпарварликдан анча узоқ бўлган фан-техника тараққиётига қаршилик кўрсата оладиган экологик этиканинг алоҳида варианти зарурлигига эътиборни қаратган эди. «Биоэтика» атамаси биотиббиётнинг авваламбор пациентларнинг ҳуқуқлари ва қадр- қимматини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ахлоқий муаммоларини фанлараро тадқиқ қилишни белгилаш учун қўлланилади. У амалий этиканинг бир қисми бўлиб, касбий фаолиятни ичдан эмас, балки сиртдан тартибга солишни назарда тутади. Тирик мавжудот сифатида фақат инсонгина қимматли бўлиб, жонли ва жонсиз табиатнинг исталган объектларидан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эга, деган қараш асрлар мобайнида ҳукм суриб келди (ҳайвонларга этика қоидаларидан келиб чиқиб муносабатда бўлиш зарурлиги тўғрисидаги масала нисбатан яқинда узил-кесил ҳал қилинди).
Мазкур дунёқараш антропоцентризм деган ном олди. Этика фалсафий тафаккурининг, айниқса, XIX аср охирида ва XX асрда ривожланиши, антропоцентризмнинг бир ёқламалилигига қарши инсоният энг яхши вакилларининг кураши инсониятнинг атроф муҳитга нисбатан ўз қарашларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини тушуниб етишига олиб келди. Мазкур қараш биоцентризмда ўз аксини топди. «Биоэтика ва таълим» (Сидней, Гамбург, 1990) китобида Ж.Р. Мейер инсоннинг маънавий бурчи ғоясини тушуниш билан фарқ қиладиган дунёқарашнинг ҳар хил типлари схемасини келтиради. Агар шахснинг маънавий бурчи гуруҳнинг барча аъзоларига нисбатан амал қилса, айни ҳолда социоцентризм мавжуд бўлади. Агар инсон ер юзидаги барча ақлли мавжудотларни ҳимоя қилиши лозим бўлса, бундай этика патоцентризм деб аталади.
Бордию инсон ва унинг эҳтиёжлари диққат марказида турган, фақат инсон қимматга эга, бинобарин, инсон фақат одамлар олдидагина маънавий бурчлидир, деб эътироф этилган бўлса, бундай фалсафий концепция антропоцентризм деб аталади. Ниҳоят, инсон ер юзидаги барча тирик мавжудотлар олдида маънавий бурчли, барча жонзотлар, ҳайвонлар ва ўсимликларни авайлаб асраши лозим, деб эътироф этилган бўлса, бундай дунёқараш биоцентризм деб аталади, яъни «биос» – ҳаёт, тириклик диққат марказида туради.
Антропоцентризм асрлар мобайнида инсониятнинг етакчи дунёқараши бўлиб келди. Инсон ер юзидаги бошқа барча тирик мавжудотларга қарши қўйилди, фақат инсоннинг манфаатлари ва эҳтиёжларигина муҳим, қолган мавжудотлар мустақил қимматга эга эмас, деб қаралди. «Ҳамма нарса инсон учун» сўзлари мазкур дунёқарашнинг моҳиятини ифода этади. Антропоцентризм дунёқараш концепцияси сифатида антик даврда юзага келди. Қадимги Грецияда бир нечта фалсафий мактаблар мавжуд бўлиб, улардан бири – Аристотел асос солган мактаб одамлар ўртасидаги тенгсизликнинг, жумладан, қулдорликнинг қонунийлигини эътироф этар, одамлар билан ҳайвонлар ўртасида катта фарқ мавжуд деб қарар, ҳайвонлар инсоннинг равнақи учун яратилган деб ҳисоблар эди.
Инсонни табиатга қарши қўймайдиган янгича дунёқарашлар зарурлиги инсониятга аён бўлиб қолди. Тирикликка нисбатан ахлоқий муносабатга асосланган янги билим соҳаси – биоэтиканинг пайдо бўлиши, инсон ва ер юзидаги бошқа жонзотларнинг ўзаро муносабатлари соҳасида этика тафаккурининг ривожланиши янги дунёқараш концепцияси – биоцентризмнинг ўз мавқеини мустаҳкамлашига кўмаклашди.
Биоцентризм бир тур ёки бир нечта тур эмас, балки барча жонзотлар яшаш ҳуқуқига эга эканлигини, фақат инсон эмас, балки бутун биос диққат марказида бўлиши кераклигини назарда тутади. Биос ҳуқуқлари қонун ҳужжатлари билан ҳимоя қилиниши лозим. Инсоннинг табиатдаги ўрни ва аҳамиятини тушунишга нисбатан биоцентрик ёндашув экологик хусусиятга эга масалаларни ҳам тўғри ҳал қилишга ёрдам беради. Истеъмол қилишга бўлган муносабатни ўзгартириш биоцентризм принципларини ҳаётга татбиқ этиш шаклларидан бирига айланиши лозим, чунки «ҳамма нарса инсон учун» концепцияси ўз кучини йўқотмоқда. Бошқача қилиб айтганда, инсон истеъмолчи сифатида бошқа турларнинг манфаатларини ҳам эътиборга олиши, жумладан: ҳайвонларнинг яшаш жойлари ва шароитларини сақлаб қолиши, инсон эҳтиёжларини қондириш учун ердан аёвсиз фойдаланишга, ўрмонларни кесиб ташлашга чек қўйиши лозим.
А. Швейцернинг универсал этикаси
Биоэтика тафаккури фақат XX асрга келиб, инсон ўзини қуршаган ҳамма нарсаларга ахлоқий муносабатда бўлиши зарурлиги асослаб берилганидан кейингина теран мазмун касб этди. Мазкур ғояни XX асрнинг буюк инсонпарвар олими доктор Алберт Швейцер (1875-1965) асослаб берди. У замонавий дунёқарашнинг бир қисмига айланган изчил этик-фалсафий тизим – универсал этикани яратди. «Инсоннинг инсонга муносабатини кўриб чиқиш керак, деган ғоя мавжуд барча этикаларнинг хатоси бўлган. Ваҳоланки, амалда инсон ўзини қуршаган барча нарсаларга қандай муносабатда бўлиши ҳақида сўз юритиш лозим», деб кўрсатди у.
1924 йилда Алберт Швейцер қаламига мансуб «Маданият ва этика» китобининг чоп этилиши этиканинг муқобил концепцияларини яратиш соҳасида муҳим ҳодиса бўлди. Мазкур китобда олим янги этика – универсал этикани, «ҳаётни ҳурмат қилиш этикаси»ни асослаб берди. Барча тирик мавжудотларга ахлоқий муносабатда бўлиш талаби, инсоннинг барча тирик жонзотлар учун маънавий масъулияти мазкур этика назариясининг асосий қоидасига айланди. А. Швейцернинг универсал этикаси «ҳаётни ҳурмат қилиш» принципини асослайди. Инсоннинг маънавияти қанчалик юксак бўлса, у ҳар қандай ҳаётга шунчалик масъулият билан муносабатда бўлади, деб ҳисоблайди А. Швейцер. Швейцер ишлаб чиққан ҳаётни ҳурмат қилиш принципи уч ҳолат билан тавсифланади.
Биринчидан, мазкур принцип умумийдир. Швейцер ҳаётни ҳурмат қилишни ҳатто энг муҳим принциплардан бири деб ҳам ҳисобламайди. Унинг фикрича, бу маънавият замирида ётувчи бирдан-бир принципдир. Ҳатто ўта муҳим тушунчалар - муҳаббат ва ҳамдардлик ҳам ҳаётни ҳурмат қилиш тушунчасининг таркибий қисмларидир. Ҳаётни ҳурмат қилиш этикаси тирик жонзотларнинг сезгилари, яшаш шароитлари, қувончи, яшашга ва ўзини ўзи такомиллаштиришга интилишларини ҳам кўриб чиқади.
Иккинчидан, мазкур принцип -универсалдир. Швейцернинг фикрича, ҳаётни ҳурмат қилиш принципи ҳаётнинг барча шаклларига: инсонларга, ҳайвонларга, ҳашаротларга, ўсимликларга тааллуқли. Одоб-ахлоқли одам у ёки бу мавжудот қай даражада муҳим ёки диққатга сазовор ёхуд у қай даражада сезишга қодир, деб сўрамайди. «Ҳаёт унинг учун муқаддасдир», деб қайд этади Швейцер. Одоб-ахлоқли одам дарахтнинг пўстлоғини кўчирмайди, гулни беҳуда узиб олмайди, ҳашаротларни босмасликка ҳаракат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |