Мембраналарнинг компонентлари
Мембраналар кўриниши ва биологик вазифалари ҳар хил бўлишига қарамай, уларнинг таркибига кирувчи компонентлар асосан липидлар, оқсиллар ва углеводлар ҳисобланади.
Мембраналар таркибига кирувчи оқсилларнинг таркиби ва тузилиши. Мембраналар таркибига кирувчи оқсиллар асосан ферментлар ҳисобланади. Улар ўз фаолиятлари билан, таркиб ва тузилишлари жиҳатидан ҳар хил бўладилар. Масалан, асосан фақат изоляторлик функциясини бажарувчи ва ниҳоят икки хил активликка эга бўлган миелин мембранаси таркибида асосан 20 %, цитоплазмаптик мембрана ҳисобланадиган, тўсувчилик хоссасини бажарувчи ва жуда кўп активликка эга бўлган ҳайвонлар хужайраси мембраналари таркибида 50 %, ва жуда катта активликка эга бўлган митохондриялар ички мембраналарида эса 75% оқсиллар бор. Бу оқсилларнинг полипептид занжир тузилишлари ҳар хил узунликка эга ва молекула оғирликлари 10000 дан то миллион дальтонга тенг бўлади. Уларнинг аминокислотали таркиблари ҳам ҳар хил. Мембраналар таркибига кирувчи оқсиллар ҳам худди бошқа оқсиллар каби бирламчи, иккиламчи, учламчи ва тўртламчи тузилишларга эга ва асосан улар ўз таркибларида ўзига хос активликларга эга бўлган функциональ гурухларни ушлайдилар.
Мембрана таркибига кирувчи липидлар
Мембрана липидлари кичик молекулали ёғсимон хоссага эга бўлган моддалардир. Ҳар қандай липид молекуласининг характерли томони шундан иборатки, у икки қисмдан тузилган: электр заряди тутувчи (поляр), молекулани тўртдан бирини ташкил қилувчи бош қисмдан ва электр зарядини тутмайдиган узун дум қисмдан иборатдир. Липид молекуласининг дум қисми асосан углерод ва водород атомларидан тузилган бирикмалардан иборат бўлади, бош қисми эса ҳар хил қурилмалардан иборат бўлиши мумкин, аммо липид мембранаси учун қандлар ва фосфор кислотаси ҳосилалари характерли ҳисобланади. Уларни глико- ва фосфолипидлар деб юритилади. Ҳамма липидларнинг поляр қисми манфий ёки нейтраль, яъни бир вақтнинг ўзида манфий ва мусбат зарядланган бўлади, алоҳида мусбат зарядланган қисми учрамайди. Липид молекулаларида уларни бош қисми билан дум қисми орқали боғловчи халқа глицерин қолдиғи ҳисобланади. Бундай липидлар глициролипидлар деб аталади. Уларни бошқа бир турларида боғловчи халқа бўлиб сфингозин аминоспиртлари ҳисобланади. Бундай липидларни сфинголипидлар дейилади.
Липидлар ичида холестерин алоҳида ўрин эгаллайди. Унинг молекуласи узун тўғри занжирга эга эмас, тўртта халқадан иборат, ундаги охирги олти аъзоли халқа поляр гидроксил гурухига эга.
Организмда холестерин липид кўпайса ҳар хил касалликларга олиб келиши мумкин. Масалан, у сийдик йўлларида кўпайса буйрак ва жигарни хасталайди. Холестерин тошлари деб аталувчи тошлар пайдо бўлади.
Артеросклероз касаллигида эса қонда холестерин кўпаяди ва қон томирларига ўтириб уни торайтиради ва ҳатто беркитиб қўйиши ҳам мумкин.
Периферик ва интеграль оқсиллар. Мозаик моделга мос келадиган мембраналарда иштирок қиладиган оқсиллар икки турга бўлинади. Биринчи турга мембраналарнинг ташқи сиртига электростатик куч ёрдамида бириккан оқсиллар мансуб, уларни периферик оқсиллар дейилади. Иккинчи турга липид оқимида сузиб юрувчи оқсил глобулалар киради. Бу глобулаларнинг бир қисми мембранага, иккинчи қисми сув муҳитида ботган бўлади, уларни интеграль оқсиллар деб юритилади. Бу икки турга кирувчи оқсилларнинг ҳоссаларини иккита эритроцитлар таркибига кирувчи оқсиллар периферик спектрин ва интеграль гликоферин мисолларида кўриб чиқамиз. Эритроцит мембраналари таркибига 20-30% гача спектрин тўғри келади. Спектрин эритроцитларда кучсиз тузли эритма билан ишланганда осонлик билан ажралиб чиқади. Демак, уни мембрананинг сиртқи қисмидан поляр ионлар билан боғланган деб қараш мумкин.
Гликоферин эритроцит мембранасига уланган ҳисобланади. Эритроцит оқсили таркибининг тахминан 10% ни гликоферин ташкил қилади. Унинг молекуляр массаси 50000, бу оқсил 200 та аминокислота қолдиқларидан иборат бўлган битта полипептид занжирига эга. Унга 20 дан 30 тагача олигосахарид занжирлари бириккан. Уларнинг учлари жигар ва қоражигарларнинг устки қобиқлари билан уланган бўлиб, эскирган эритроцитларни организмдан чиқариб юборишда қатнашади.
Do'stlaringiz bilan baham: |