4. Мустақил ҳуқуқ ва мажбуриятлар. Ташкилотнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари унга аъзо бўлган давлатларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларидан фарқ қилади. Халқаро ташкилотларнинг таъсис ҳужжатлари унинг Уставларида белгиланган бўлиб, баъзи моддалар бевосита аъзо бўлган давлатларга, бошқа моддалари эса, халқаро ташкилотнинг ўзига тегишлидир. Ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аъзо давлатларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларидан келиб чиқади. Фақатгина томонлар ушбу ташкилотга қандай ҳуқуқлар ва қай даражада мажбуриятлар берилишини хал этадилар. Ҳеч бир ташкилот ўз аъзо-давлатлари манфаатларига даҳл қилувчи ҳаракатларни амалга ошириш мумкин эмас. Ҳар қандай ташкилотнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари умумий тарзда унинг таъсис ҳужжатида, олий ва ижроия органлари резолюцияларида, ташкилотлар ўртасидаги битимларда белгиланган. Ушбу ҳужжатлар аъзо давлатларнинг мақсадларини акс эттириб, кейинчалик тегишли халқаро ташкилотлар томонидан имплементация қилинмоғи лозим. Давлатлар ташкилотга у ёки бу ҳаракатни амалга оширишни таъқиқлаб қўйишга хақлидир ва ташкилот ўз ваколати доирасидан четга чиқа олмайди.
5. Давлатларнинг суверен тенглиги.Халқаро ташкилотларнинг энг муҳим тамойилларидан бири аъзо давлатларнинг суверен тенглик тамойилидир. Мазкур тамойил,
- халқаро ташкилотни ташкил этиш тўғрисида келишувни тузган давлатларнинг юридик тенглиги;
- ташкилотнинг аъзоси бўлган ҳар бир давлат муҳокама қилиш учун таклифларни киритиш ва ташкилот доирасида муҳокамада иштирок этиш;
- ташкилот таркибий тузилмаларига сайланишда тенг ҳуқуқлилик;
- ҳар бир давлат битта овозга эга бўлишида намоён бўлади.
БМТ Устави 2-моддаси 1-бандига кўра ташкилот ўзининг барча Аъзоларининг суверен тенглиги принципига асосланади деб белгиланган. Бундан ташқари, ташкилотга аъзо ҳар бир давлат овоз беришда бир хил – битта овозга эга.Айрим ташкилотларда БМТ Хавфсизлик Кенгашида, Халқаро валюта фондида, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкида овоз беришнинг ўзига хос тартиблари ўрнатилган.
6. Халқаро ҳуқуққа биноан таъсис этилганлик. Ҳар қандай халқаро ташкилот халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ташкил этилиши шарт. Хусусан, ташкилотнинг таъсис этилиши алоҳида давлатнинг тан олинган манфаатларига даҳл қилмаслиги лозим. Ташкилотнинг таъсис ҳужжати халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига, jus cogens нормасига мос келишишарт. Агарда халқаро ташкилот мазкур нормаларга зид тарзда ташкил этилган бўлса, унинг таъсис ҳужжати ҳақиқий ҳисобланмайди ва шунга мувофиқ тарзда ташкилот халқаро ҳуқуқ субъектлилигига эга бўла олмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |