Халқаро ташкилотлар ҳуқуқи – халқаро оммавий ҳуқуқнинг тармоғи бўлиб, халқаро ташкилотларнинг яратилиши, тузилиши, ваколатлари ва фаолияти масалаларини, халқаро ҳуқуқнинг бошқа субъектлари билан ўзаро ҳамкорлиги, халқаро-ҳуқуқий муносабатларда иштирокини тартибга солувчи норма ва принциплар йиғиндисидан иборат.
XX асрда халқаро ҳукуматлараро ташкилотларнинг сони тезда ортиб кетди. Юридик жиҳатдан ҳар бир халқаро ташкилотларниг яратилиши халқаро шартнома тузиш йўли билан амалга оширилди, бу эса халқаро ҳуқуқда халқаро ташкилотларнинг ташкил этилиши ва фаолиятини тартибга солувчи муайян нормалар мажмуини шакллантирди. Юқоридагилар натижасида халқаро ҳуқуқнинг мустақил тармоғи – халқаро ташкилотлар ҳуқуқи вужудга келди.
Халқаро ташкилотлар ҳуқуқи предмети – халқаро ташкилотлар ҳуқуқи нормалари билан тартибга солинадиган ташкилотларнинг ташкил этилиши, ҳуқуқий ҳолати, фаолияти, халқаро ҳуқуқнинг бошқа субъектлари билан ўзаро алоқаси, халқаро муносабатлардаги иштироки билан боғлиқ ижтимоий муносабатлардан иборат.
Халқар ташкилотлар ҳуқуқий табиати асосида унга аъзо-давлатларнинг умумий мақсад ва манфаатлари ётади. Халқаро ташкилотларнинг ҳуқуқий табиати учун унинг мақсад ва принциплари, ваколатлари, тузилиши ва бошқалар келишилган шартномавий асосга эгалиги хосдир. Давлатлар халқаро ташкилотни тузиш орқали уларга муайян ҳуқуқий ва муомила лаёқатини беради, ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиш, халқаро ҳуқуқ нормаларини яратиш ва қўллашда иштирок этиш, халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя этилишини муҳофаза этиш лаёқатини тан олади3. Бу орқали давлатлар халқаро ҳамкорлик соҳасида ҳуқуқ ижодкорлик, ҳуқуқ қўллаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш функцияларини амалга оширувчи халқаро ҳуқуқнинг янги субъектини яратади.
Халқаро ташкилотлар ҳуқуқи тушунчаси мазкур соҳа томонидан ўрганиладиган, тартибга солинадиган масалалар доирасини аниқлаб олиш имконини беради.
Халқаро ташкилотлар ҳуқуқининг манбалари
Халқаро ташкилотлар ҳуқуқининг алоҳида тармоқ сифатида ўрганишимизнинг муҳим белгиларидан бири бу унинг манбалари ҳисобланади. Мазкур соҳага, ҳам халқаро ҳуқуқ принциплари (масалан, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш), ҳам махсус тармоқ принциплари (масалан, ҳуқуқбузарлик учун ташкилотларнинг жавобгарлиги принципи, халқаро ташкилотларга аъзоликнинг ихтиёрийлиги принципи) ҳосдир.
Халқаро ташкилотлар ҳуқуқининг нормалари асосан шартномавий нормалар бўлиб ҳисобланади. Халқаро ташкилотлар фаолиятини белгилаб берувчи нормалар йиғиндисининг ифодаланиш шакли халқаро ташкилотлар ҳуқуқининг манбаларини ташкил этади. Бундан ташқари, халқаро ташкилотлар ҳуқуқи халқаро ҳуқуқнинг кодификациялашган соҳаси ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |