Умумий маълумот. Маълумки, пўлат заготовкаларни термик ишлашда уларни зарур ҳароратгача қиздириб, шу хароратда маълум вақт сақлангач, турли тезликда совитилади. Бунда уларнинг кимёвий таркиби ўзгармаса ҳам тузилиши ўзгариши ҳисобига механик ва технологик хоссалари ўзгаради. А.А.Бочвар таснифига кўра термик ишлаш 1-хил юмшатиш, 2-хил юмшатиш, тоблаш ва бўшатишларга ажратилади 1-хил юмшатишда фазада ўзгаришлар бормайди. Бу хил юмшатишларга диффузион, қайта кристалланиш ва ички зўриқиш кучланишларини камайтириш учун олиб бориладиган юмшатишлар киради. 2-хил юмшатиш фаза ўзгаришлар билан боради. Бу хил юмшатишларга тўла ва чала юмшатишлар, нормаллашлар киради. Тубанда углеродли пўлатларни термик ишлашда тузилиш ўзгаришларини Fe-Fe3C холат диаграммасининг тегишли сохаларини кузатайлик. Маълумки, перлит тузилишли эвтектоид пўлат заготовкани уй ҳароратида аста-секин қиздириб борсак, у Ас1, критик харорат (727°С) да аустенитга ўтади. Феррит билан перлит тузилишли эвтектоидгача бўлган пўлатларни аста-секин қиздириб борсак, перлит фаза Ac1 критик ҳароратда аустенитга ўтади, ҳароратнинг янада кўтарилишида феррит фаза аустенитда эрий бошлаб, Ас3 критик хароратда эса батамом эрийди.
Агар перлит билан иккиламчи цементит тузилишли эвтектоиддан кейинги пўлатларни аста-секин қиздириб борсак, перлит фаза Ас1 критик хароратда аустенитга ўтади. Ҳарорат янада кўтарилишида иккиламчи цементит аустенитда эрий бошлаб, у Аст критик хароратда батамом эрийди.
Юқоридаги маълумотлардан маълумки, Fe-Fe3C холат диаграммасидаги GSE чизиқли критик ҳароратдан юқорироқ хароратда пўлатлар аустенит тузилишли бўлади. Савол туғиладики, нима учун пўлатларни тўла юмшатишда, тоблашда, нормаллашда уларни Ас3 критик хароратдан 30–50°С градус юқорироқ қиздириш зарур. Кузатишлар кўрсатадики, пўлатларни қиздиришда уларнинг донлари, ўлчами қайтарилганлик даражасига кўра турли тезликда йириклашади. Масалан, яхши қайтарилмаган эвтектоид пўлатларнинг донлари ўлчами Ac1+30:50°C ҳароратгача ўзгармасада бу ҳароратдан юқорироқ хароратда кескин йириклашади. Яхши қайтарилган пўлатларда эса донлар ўлчамининг кескин ўзгариши 900–950°С ҳароратга тўғри келади. Бунинг боиси шундаки, донлар аро жойлашган оксидлар, нитридлар, сульфидлар ва бошқа бирикмалар шу хароратга қадар донлар ўсишига қаршилик кўрсатади, лекин ҳарорат 900–950°С га етганда уларнинг аустенитда эриши юз беради. Бинобарин улар донлар ўсишига қаршилик кўрсата олмайдилар. Пўлатларнинг бу хусусиятини қиздириш ҳароратларини белгилашда эътиборга олиш керак.
Агар пўлатларни бу критик ҳароратдан ўта қиздирилса масалан, 1000–1100°С гача аустенит донлар йириклашиб кетади.
Маълумки, донлар бирқанча йирик бўлса, улар шунча мўрт бўлади. Агар пўлатларни АЕ чизиққа (Fe-Fe3C диаграммасига қаранг) яқин ҳароратда қиздирилса, йирик донли пўлат хаво кислороди хисобига куйиб, заготовка ишга яроқсиз холга келади. Демак, пўлатларни термик ишлашда киздириш хароратини пўлат маркасига кўра тўғри белгилашнинг ишлаш сифатига ва иш унумдорлигига аҳамияти ғоят катта.
1-расм. Металларни қиздиришда уларнинг чўғланиш ранглари.
Термик ишлашда печлар терможуфтли потенциометр билан жихозланган бўлиб, печни зарур хароратда сақлайди. (Шу билан бирга баъзан амалда металларни қиздиришда уларнинг чўғланиш рангларидан ҳам фойдаланиш мумкин) (1-расм).
Иккинчи томондан, масалан, эвтектоид пўлатни аустенит холатидан, секин совитишда аустенитда углероднинг эриш қобилияти камайиши сабабли ундан углерод ажралиб, цементит хосил бўладиган марказларни юзага келтиради. Аустенитларнинг совиш тезлигини ростлаш ила перлит донлари ўлчамини ўзгартириш мумкин. Тубанда пўлатларни термик ишлаш усуллар ва уларни қандай бажариш хақида маълумотлар келтирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |