5-боб. Кўп квартирали уйни бошқариш 20-модда. Кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши Кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши (бундан буён матнда умумий йиғилиш деб юритилади) кўп квартирали уйнинг юқори бошқарув органидир.
Умумий йиғилиш ушбу Қонунда белгиланган тартибда йилига камида бир марта чақирилади.
Ҳар йилги умумий йиғилиш календарь йил тугаганидан кейин олтмиш кундан кечиктирмай чақирилади.
Навбатдан ташқари умумий йиғилиш кўп квартирали уйни бошқариш органининг ташаббуси билан ёки жойлар мулкдорларининг камида ўн фоизининг ташаббуси билан чақирилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг. Кўп квартирали уйни бошқариш органи томонидан қонунчилик бузилишига йўл қўйилган ҳолларда Уй-жой фонди инспекциясининг мансабдор шахси навбатдан ташқари умумий йиғилишни чақириш ташаббуси билан чиқиши мумкин.
(20-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон) Жойлар мулкдорларини умумий йиғилиш ўтказиладиган жой, сана, вақт ва унинг кун тартиби тўғрисида хабардор қилиш йиғилиш ташаббускорлари томонидан умумий йиғилиш ўтказилишидан камида ўн кун олдин амалга оширилади.
Жойлар мулкдорларини умумий йиғилишни ўтказиш тўғрисида хабардор қилиш тегишли эълонни уйларнинг ҳар бир кириш йўлагига осиб қўйиш ёки эълонни мулкдорларга имзо қўйдириб топшириш орқали амалга оширилади.
Жойларнинг мулкдорлари бўлган юридик шахсларни хабардор қилиш тегишли хабарни буюртма хат билан юридик манзилга юбориш, электрон хабар қилиш ёки хабарни ваколатли вакилга имзо қўйдириб топшириш орқали амалга оширилади.
21-модда. Умумий йиғилишнинг ваколатлари Умумий йиғилиш:
кўп квартирали уйни бошқариш усулини белгилайди;
умумий мол-мулкни бошқариш, унга хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш учун танлов асосида юридик ҳамда жисмоний шахслар билан шартнома тузиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;
тижорат банкларининг кредитларини олиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;
кўп квартирали уйларнинг бошқариш органлари фаолияти устидан назоратни амалга оширади;
кўп квартирали уйларнинг бошқариш органлари томонидан ҳисобот бериш тартибини белгилайди.
Умумий йиғилишда қарор қабул қилиниши учун барча жойлар мулкдорларининг ёки улар вакилларининг эллик фоизидан кўпроғи ҳозир бўлиши керак. Умумий йиғилишнинг қарори, агар уни ёқлаб жойлар мулкдорларининг ёки уларнинг умумий йиғилишда ҳозир бўлган вакилларининг эллик фоизидан кўпроғи овоз берса, қабул қилинган деб ҳисобланади.
Умумий йиғилиш қарори баённома билан расмийлаштирилади. Баённома жойларнинг мулкдорлари орасидан сайланадиган йиғилиш раиси ва котиби томонидан имзоланади. Баённомага йиғилишда иштирок этган шахсларнинг рўйхати ҳар бир муҳокама этилаётган масала бўйича уларнинг хоҳиш-иродаси акс эттирилган, уларнинг имзолари билан тасдиқланган ҳолда илова қилинади.
Умумий йиғилиш қарори барча жойларнинг мулкдорлари, шу жумладан овоз беришда иштирок этмаганлар ёки қарши овоз берганлар томонидан ҳам бажарилиши мажбурийдир.