3-боб. Кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулк
13-модда. Умумий мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи
Умумий мол-мулк жойларнинг мулкдорларига умумий улушли мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлади.
Умумий мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқи жой мулкдорининг умумий мол-мулкдаги улушига боғлиқ бўлмайди. Жойларнинг мулкдорлари умумий мол-мулкдан ҳамда уйга туташ ер участкасидан фойдаланишда тенг ҳуқуқларга эга.
Умумий мол-мулкнинг айрим қисмлари, бундан ушбу модданинг еттинчи ва саккизинчи қисмларида кўрсатилганлари мустасно, жойларнинг мулкдорларига ёки бошқа шахсларга жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши қарорида белгиланган тартибда фойдаланишга берилиши мумкин.
Умумий мол-мулкнинг айрим қисмларидан фақат ўз манфаатлари учун фойдаланувчи жой мулкдори жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши қарорида белгиланган миқдорда умумий мулкни сақлаш учун ҳақ тўлаши шарт.
Жой мулкдорининг умумий мол-мулкдаги улуши натура ҳолида ажратилиши мумкин эмас.
Умумий мол-мулкнинг айрим қисмлари, бундан ушбу модданинг еттинчи ва саккизинчи қисмларида кўрсатилганлари мустасно, умумий улушли мулкнинг барча иштирокчилари томонидан бир овоздан қабул қилинган қарор асосида бошқа шахсга берилиши мумкин.
Умумий мол-мулк, агар унинг бошқа шахсга берилиши ёки фойдаланиш учун ўтказилиши бошқа мулкдорларнинг ўз мулк ҳуқуқларини амалга оширишини чеклайдиган бўлса, бошқа шахсга берилиши ёхуд бир ёки бир нечта мулкдорга ёки бошқа шахсларга фойдаланиш учун ўтказилиши мумкин эмас.
Таянч ва тўсиқ конструкцияларни, квартиралар оралиғидаги иҳоталанган (ўрама) пиллапоялар, зинапоялар, лифтлар, лифтнинг шахталари ҳамда бошқа шахталар, уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, жойларнинг ташқарисида ёки ичида жойлашган ҳамда биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ҳамда қурилмалари ва бошқа ускуна ҳамда қурилмаларни бошқа шахсга бериш тақиқланади.
14-модда. Умумий мол-мулкдаги улушли мулк иштирокчиси
Ҳар бир мулкдорнинг умумий мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқидаги улуши мазкур кўп квартирали уй барча мулкдорларининг турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг умумий майдонида ўзига тегишли бўлган жой майдони улушига мутаносибдир. Кўп квартирали уйдаги жойнинг умумий майдони ўлчами ушбу жойнинг кадастр ҳужжатига мувофиқ аниқланади.
Агар, алоҳида жой бир неча мулкдорларга тегишли бўлса, унда улар кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкни бошқаришда умумий мажбуриятлардаги солидар жавобгарлиги билан бирга битта улушли мулк иштирокчиси сифатида қатнашадилар. Бундай мулкдорлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар улар ўртасидаги келишув билан тартибга солинади.
Ёзма келишув мавжуд бўлмаган тақдирда мулкдорлардан ҳар бири бўлинмас тенг ҳуқуқларга ва умумий мол-мулкдаги кўрсатилган улушга мулкдорлик билан боғлиқ ҳолда келиб чиқадиган мажбуриятларга эга бўлади.
Умумий мулкка бўлган мулк ҳуқуқидаги улуш турар жойларга ҳамда яшаш учун мўлжалланмаган жойларга бўлган мулк ҳуқуқидан ажратилиши мумкин эмас ва фақат ушбу ҳуқуқ билан бирга ўтади.
Do'stlaringiz bilan baham: |