Судларда иқтисодий ва маъмурий ишларни кўришда прокурор ваколатини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 118-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси худудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширади.
Асосий Қонунимизда белгиланган прокуратура органларининг ушбу конституциявий ваколатини амалга оширишдаги асосий вазифалари эса қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси “Прокуратура тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасида прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишлари белгиланган бўлиб, ушбу йўналишлар орасида судларда ишлар кўрилишида прокурор ваколатини таъминлаш йўналиши алоҳида аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 49-моддасига мувофиқ прокурор барча иқтисодий ишлар бўйича суд мажлисида иштирок этишга ҳақли.
Ўз навбатида, ушбу қоида Ўзбекистон Республикасининг “Прокуратура тўғрисида”ги Қонунининг 33-моддаси ҳамда “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг 9-моддасида ҳам белгилаб қўйилган.
Чунончи, Ўзбекистон Республикаси “Прокуратура тўғрисида”ги Қонунининг 33-моддасига мувофиқ фуқароларнинг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари суд йўли билан самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида барча инстанция судларида ишлар кўрилаётганда прокурор қонунда белгиланган тартибда иштирок этади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг 9-моддаси 2-қисмига мувофиқ фуқароларнинг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари суд йўли билан самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида суд муҳокамасининг барча босқичларида ва қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти тўғрисидаги масалалар судлар томонидан кўрилаётганда прокурор иштирок этади.
ИПК 49-моддасининг 4-қисмига кўра қонунда назарда тутилган ёки суд мазкур ишда прокурор иштирок этиши зарур деб топган ҳолларда, шунингдек прокурорнинг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишларда прокурор иштирок этиши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2017 йилнинг 20 декабридаги 179-сонли буйруғи билан ўзгартишлар киритилган 2015 йилнинг 17 ноябридаги 125-сонли “Иқтисодий судларда ишлар кўрилишида прокурор иштирокининг самарадорлигини янада ошириш тўғрисида” ги буйруғи талабларига кўра иқтисодий судларда ишлар кўрилишида прокурор иштироки шарт бўлган ишлар тоифалари белгиланган бўлиб, булар:
– суд ишда прокурорнинг қатнашишини зарур деб топган ҳолларда;
– прокурорнинг аризалари бўйича қўзғатилган ишларда;
– давлат мулкини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ишларда;
– юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишларда;
– мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги ишларда;
– халқаро ва давлатлараро шартномалар, келишувлар тўғрисидаги ишларда;
– банкрот деб топиш тўғрисидаги ишларда;
– ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати ёки бошқа ҳужжатни ижро этилиши мумкин эмас деб топиш тўғрисидаги ишларда;
– атроф муҳитни муҳофаза этиш ҳақидаги қонунчилик бузилиши билан боғлиқ ишларда;
– давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги ишларда.
Шунингдек, апелляция ва кассация инстанцияларида ҳамда Олий суднинг барча инстанцияларида кўрилаётган ишларда прокурор иштироки қатъий таъминланиши белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 125-сон соҳавий буйруғининг 5-бандига асосан прокурор бошқа тоифадаги ишларнинг кўрилишида уларнинг долзарблиги, мураккаблиги, ижтимоий аҳамияти ҳамда ҳудуддаги қонунийлик аҳволидан келиб чиқиб иштирок этиши мумкин.
ИПКнинг 41-моддасига асосан ишда иштирок этувчи шахслар, яъни тарафлар, учинчи шахслар, давлат органлари ва бошқа шахслар қаторида прокурор ҳам ишда иштирок этувчи шахс бўлиб ҳисобланади.
Прокурор ИПКнинг 42-моддасига асосан ишда иштирок этувчи шахслар қаторида умумий ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиб, чунончи:
иш материаллари билан танишиш;
улардан кўчирмалар олиш;
кўчирма нусха олиш;
рад қилиш тўғрисида арз қилиш;
далиллар тақдим этиш;
далилларни текширишда иштирок этиш;
саволлар бериш;
илтимосномалар киритиш;
арз қилиш;
судга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш;
ишни кўриш давомида юзага келадиган барча масалалар бўйича ўз важларини, хулосаларини тақдим қилиш;
ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномалари, важларига эътироз билдириш;
суд ҳужжатлари устидан протест келтириш ҳамда ўзига берилган бошқа процессуал ҳуқуқлардан фойдаланишдан иборат.
Шу билан бирга, ИПКнинг 3-моддаси талабларига кўра прокурор қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда судга ўзга шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида даъво аризалари (аризалар) билан мурожаат қилишга ҳақли.
Амалдаги қонунчилик прокурорнинг иқтисодий судлардаги иштирокини қуйидаги йўналишлар бўйича мустаҳкамлаб берган:
биринчидан, прокурорнинг фуқаролар ва юридик шахсларнинг, шунингдек жамият ва давлатнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиб судга даъво аризаси (ариза) билан мурожаат қилиш ҳуқуқи ва ваколатлари;
иккинчидан, прокурорнинг биринчи суд инстанциясида ўзининг даъво аризаси (аризаси) бўйича қўзғатилган, шунингдек бошқа шахсларнинг аризалари бўйича қўзғатилган ишларни суд жараёнларида кўрилишида иштирок этиши ва ваколатлари;
учинчидан, прокурорнинг апелляция, кассация ва назорат суд инстанцияларидаги иштироки ва ваколатлари;
тўртинчидан, қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш жараёнида прокурорнинг иштироки ва ваколатлари;
бешинчидан, йўқолган суд иши юритишни тиклаш жараёнида прокурорнинг иштироки ва ваколатлари.
Қуйида прокурор томонидан судларга фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида даъво аризалари (аризалари) киритиш тартиби, прокурор томонидан киритилган даъво аризаси (аризаси) ва шу билан бирга ўзгаларнинг аризаси асосида қўзғатилган ишларни биринчи инстанция судларида кўрилиши жараёнидаги ваколатлари, прокурор музокара сўзининг тузилиши, суд қарорларига апелляция, кассация, назорат тартибида протест келтириш тартиби ва қоидалари, суд қарорига протест келтириш ҳақида юқори турувчи прокурорга тақдимнома юбориш қоидалари хусусида сўз юритилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |