Таянч тушунчалар
Эпикур боғи, Эпикур атомизми, фалсафанинг структураси, ҳақиқатнинг учта мезони, Эпикур этикаси, Тит Лукреций Кар эпикуреизми, атомизми, борлиқнинг физикавий элементлари.
СКЕПТИЦИЗМ
Скептицизмнинг асосчиси – Пиррондир. У Пелопонисдаги Элида шаҳрида туғилган. Диоген Лаэртскийнинг кўрсатишича у эр.авв. 365-275 йилларда яшаб ижод этган. Унинг фалсафий таълимотининг шаклланишига Мегар диалектикачилари, айниқса Демокрит ва унинг издоши Анаксарх қарашлари катта таъсир кўрсатган. Пирронининг Александр Македонскийнинг Осиёга қилган юришида иштирок этганлиги тўғрисида маълумотлар бор. Бу, эҳтимол, унинг ахлоқий идеали-қасоскор бўлмаслик (“атараксия”)нинг шаклланишига муайян даражада таъсир этган.
Скептицизм сўзи грекчадан ўзбек тилига ўгирилганда “нурланиш”, кўриниш бериш, шунингдек “тарозда тортиш”, “қатъиятсизлик” каби маъноларга эга бўлади.
Скептицизм мактаби номининг асосини энг кейинги маъноси ташкил этади: яъни билиш мумкинлигини догматик тарзда инкор этиш эмас, балки қатъий, узил-кесил мулоҳаза юритишдан, ўзаро тенг кучли бўлган зид фикрлардан бирига қатъий тарзда ён босишдан ўзини тийиш зарурлигини асослаш ётади.
Пиррон антик давр скептицизмига хос бўлган фалсафий муаммони қуйидагича ифодалайди: “Ким бахт-саодатга интилса, шу файласуфдир”69. Саодат эса, азоб-уқубатнинг йўқ бўлишидадир. Мана шундай талқин қилинган бахт-саодатга эришишни орзу қилган киши 3 та саволга жавоб бериши керак: 1) буюмлар нимадан ташкил топади? 2) бу буюмларга биз қандай муносабатда бўлишимиз керак? 3) бу муносабатдан қандай натижага эга бўламиз ва қандай фойда кўрамиз?
Биринчи саволга жавоб топиб бўлмайди. Чунки ҳар қандай буюм бошқасига нисбатан юқори даражада эмас. Шунинг учун ҳам ҳеч бир нарсани на гўзал, на хунук, на адолатли, на адолатсиз деб бўлмайди. Ҳеч бир буюмга нисбатан уни ҳақиқатга мувофиқ мавжуд, деб бўлмайди ва ҳеч қандай билиш усулини чин деб ҳам, ёлғон деб ҳам тавсифлаб бўлмайди. Бизнинг ҳар қандай предметга нисбатан билдирган фикримизга унга тенг кучли бўлган зид фикрни билдиришимиз мумкин.
Мана шундай ўй-фикрдан Пиррон ҳеч қандай предметга нисбатан ҳеч бир мулоҳазани билдириб бўлмайди деган хулоса чиқаради ва унга таянган холда иккинчи саволга жавоб беради. Файласуф учун предметга муносабатда бўлишнинг энг яхши усули – у тўғрисида мулоҳаза билдишдан ўзини тийиш.
Бу ўзни тийиш ишончли ҳеч нарса йўқлигини англатмайди. Демак, Пиррон агностицизм тарафдори эмас. Сўзсиз, ишончли нарсалар ҳиссий идрок, таассуротлардир. Чунки уларни биз фақат ҳодисалар сифатида қабул қиламиз. Масалан, бирорта нарса аччиқ ёки ширин бўлса, менинг “Бу менга аччиқдек ёки шириндек туюляпти деган фикрим чин бўлади. Хато фақат шунда келиб чиқадики, қачон фикр билдираётган киши туюлаётган нарса асосида ҳақиқатда мавжуд нарса тўғрисида хулоса чиқарса, ҳодисадан унинг ҳақиқий асосига ўтса70.
Тимон фалсафанинг бош масаласини амалиётда, инсон хулқ-атвори, у эриша оладиган саодатда деб тушунган. Пирронизм тарихида Тимон унинг тарғиботчиси, эҳтимол биринчи мантиқшуноси бўлган. Хусусан, у гипотезаларнинг мавжудлиги тўғрисидаги фикрларни танқид қилган, вақтининг бўлиниши ҳақидаги мулоҳазаларни рад этган. Шунингдек, Тимон нарсаларнинг ўз ҳолича мавжудлиги билан уларнинг хиссиётимиздаги ифодасини фарқлаган. Пиррон сингари, Тимон ҳам ишончли билим асосини ҳиссий мушоҳадада деб билган. Предмет тўғрисидаги турли фикр-мулоҳазаларни, улар қанчалик қарама-қарши бўлмасин, тенг кучли деб ҳисоблаган. Бундан у “ўзини тийиш” тўғрисида ўй-фикрларини келтириб чиқарган. Тимон ўлимидан кейин скептиклар мактаби фаолияти 1 асрга тўхтаб қолади. Кейинчалик бу мактаб анъаналари Птоломей шогирдлари Сарпедон ва Гераклит (Гелен ўз асарларида гувоҳлик берган врач-эмпирик) фаолиятларида қайта тикланган.
Ана шу Гераклитнинг шогирди Энесидем бўлган. У антик давр скептицизмининг кучли назариётчиси бўлган. У эр.авв. асрнинг охирида ёки эрамизнинг дастлабки даврида яшаган. Маълумотларга кўра, Энесидем ўзининг асосий асарини Цицеронга бағишланган. “Пиррон нутқларининг саккизта китоби” деб аталган бу асаридан ташқари “Донишмандлик тўғрисида”, “Тадқиқот тўғрисида” ҳамда “Пиррон очерклари” китоблари муаллифидир.
Тадқиқотчилар фикрига кўра, Энсидем скептицизми Гераклитнинг материалистик физикасига йўл бўлиб хизмат қилган.Энсидем даврига келиб скептицизм “янги академия”да ҳукмронлик қила бошлайди. Платоннинг ҳиссий билишнинг зиддиятлиги оқувчанлиги тўғрисидаги фикрларига асосланиб Аркесилай ва Карнеадлар билиш масалаларини янгича талқин этишади. Скептицизмнинг пирронизм ва “янги академия”даги кўринишлари ўртасидаги тафовутни фарқлашади. Бу фарқни антик дунё тарихчиси ва скептицизми назариётчиси Секст Эмперик ҳам ўрганади.
Академия скептиклари фикрича, қарама-қарши фикрлар, масалан, яхши ёки ёмон, эҳтимол ана шундай бўлиши мумкин. Бирорта нарсани яхши ёки ёмон деб тусмол қилишнинг шу давр урф-одатларидан зарурий тарзда келиб чиқиши шарт эмас. Бу шунчаки урф-одатларга “эргашиш” натижаси.
39-боб
Қадимий скептиклар (ҳар нарсага шубҳа билан қаровчилар)
Қадимий скептиклар
Скептицизм мактаби асосчиси Пирроннинг фалсафий тизимида стоиклар ва эпикурчилар тизимларидаги каби назария амалиётга бўйсунган, ваҳоланки бу таълимотлар орасида қатъий фарқ мавжуд. Стоиклар ва эпикурчилар фанни ёки ижобий билимларни қалб осойишталигига эришиш воситаси деб ҳисоблаган бўлсалар, скептиклар билимларни инкор қилган ва фанга шубҳа билан қараган ҳолда қалб осойишталигига эришмоқчи бўлганлар.
Айтишларича Искандар Зулқарнайннинг Ҳиндистонга қилган юришларида бирга юрган Элидалик Пиррон (эрамиздан аввалги 360-270 йилларда яшаган) Демокритнинг ҳиссий хусусиятлар ғоясига, сўфийларнинг релятивизмига ва киренаикларнинг гнеосологияга таянган ҳолда ўз назариясини яратди. У инсон онги нарсаларнинг ички моҳиятини англаш имкониятига эга эмас, деб таълим берган (биз барча нарсаларни “англай” олмаймиз): биз нарсаларни фақатгина улар бизга қандай кўринишда намоён бўлса, шундайлигича билишимиз мумкин. Айнан бир нарсалар турли одамларга турлича кўринади, ва биз кимнинг фикри тўғри эканлигини билмаймиз, чунки ҳар қандай фикрга ундан камроқ ноҳаққоний бўлган зид фикр чиқиши мумкин. Шу сабабли биз охиригача бир нарсага ишонч ҳосил қилишимиз мумкин эмас, ва донишманд киши – бу якуний мулоҳазалардан ўзини тийган кишидир. “Бу нарса шундай”, деб таъкидлаш ўрнига, “Менимча” ёки “Эҳтимол бўлиши мумкин” деб гапириш зарур.
Айнан шу скептизм ва ундан келиб чиқадиган мулоҳазага бўлган ишончсизлик амлий ҳаётга ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Ҳеч нима ўз-ўзидан хунук ёки гўзал, ҳақиқат ёки ёлғон бўлмайди, ёки ҳеч бўлмаганда биз ҳаётимиздаги барча ташқи нарсалар тўлақонли равишда индифферент эканлигига ишонч ҳосил қила олмаймиз. Донишманднинг ҳаёт мақсади қалбосойишталигига эришиш ва уни сақлай билишдан иборат. Бу тўғри, чунки ҳаттоки донишманд киши ҳам ҳаракатлардан қоча олмайди ва ҳаётдан четлаша олмайди, бироқ, эҳтимол у энг яқин фикрларга, анъана ва қонунларга таянган ҳолда яшаши ва мутлақ ҳақиқатга етишиб бўлмаслигини ёдда сақлаши даркор.
Диоген Лаэртскийнинг маълум қилишича, Пиррон ўз фалсафий қарашларини оғзаки тарзда баён қилган, ва биз улар ҳақида фақатгина унинг ўқувчиси бўлган Флиунтлик Тимон асарлари туфайлигина биламиз, Секст Эмпирик уни “Пиррон таълимотининг изоҳловчиси” деб номлаган. Тимон Гомер ва Гесиод пародия бўлган “Силлалар” асарини яратди, ва бу ерда у Ксеофан ва Пирроннинг ўзидан ташқари барча грек файласуфлари устидан кулди. Тимоннинг фикрига кўра на ҳиссий қабул қилиш, ва на онгга таяниш мумкин эмас. Шу сабабли биз барча фикр ва мулоҳазаларга шубҳа билан қарашимиз, ва ҳеч бир назарий фикрларга ишонмаслигимиз даркор, ва шундагина биз атараксия ҳамда ҳақиқий вазминликка эришишимиз мумкин.
(Цицерон афтидан Пиррон скептик эканлигини билмаган, ва уни кўпроқ ҳаётнинг ташқи кўринишларига бефарқликни тарғиб қилган ва амалиётга татбиқ қилган моралист (насиҳатгўй) деб ҳисоблаган. Эҳтимол Пирроннинг ўзи скептицизм назариясини яратмаган, бироқ у ёзма асарлар қолдирмаганлиги сабабли биз ишонч билан ҳеч нимани таъкидлай олмаймиз).71
Do'stlaringiz bilan baham: |