Таянч тушунчалар
Гомеомерия, ақл, материя.
5.3. Софистика
Эр.авв. V асрда Грециянинг кўп шаҳарларида кўхна аристократия ҳокимияти ва тирмания ўрнига қулдорлик демократияси келди.
Афинача демократия сиёсий институтларининг шаклланиши ўзига хос тарзда кечди. Грек полиси аҳолисининг сонига кўра ва ҳудудининг ҳажми бўйича унчалик катта жамият эмас. Бундай ўзига хос хусусиятлар, милодлан аввалги 4-асрда Афинада демократия пайдо бўлиши учун шарт-шароитларни яратди. Барча, эркин афиналик фуқаролар (тахминан 300минг аҳолидан 40мингга яқини) шаҳар йиғилишида қатнашиш ҳуқуқига эга эдилар. Уларнинг 15-20% ҳар хил қўмиталар ёки кенгашларда бир нечта лавозимларни эгаллаган.Афиналикларнинг кўпчилиги сиёсий фаолиятда фаол иштирок этгани учун, халқ ўз-ўзини бошқаришга қодир деб ҳисоблашган. Шунинг учун махсус тайёрланган сиёсатчилар ва экспертларга эҳтиёж йўқ эди. Сиёсат кундалик турмушнинг таркибий қисми ҳисобланарди.
Йиғилиш –ёши 20дан ошган ҳамма Афиналик эркин эркак фуқаролар иштирок этиши мумкин бўлган сиёсий институт. Йиғилиш бир йилда ўн марта ташкил этилар, Кенгаш, халқ қонун суди (маслаҳатчилар суди-гелиэй) ва ҳарбий ҳайъат аъзоларини сайлар ва назорат қилар эди. Улар асосий сиёсий органлар ҳисобланар эди. Бундан ташқари, кичик этник гуруҳлар муайян даражада ўзини-ўзи бошқариши ҳуқуқига эга эдилар. Ҳарбий ишлар учун маъсул бўлган ўнта моҳир лашкарбоши қуръа бўйича сайланмас, Кенгаш аъзолари эса қуръа бўйича сайланар эди. Етарли билимга эга бўлмаганлар қуръа ташлашгача етиб бормаганлар.
Кенгаш 500 кишидан иборат бўлган. Агар Кенгаш конгресс ёки парламент билан қиёс қилинса, унда Кенгаш ҳукумат ролини бажаради. Йиғилиш Кенгаш киритган таклифларни ўзгартириш ва ман қилиш ҳуқуқига эга бўлган. Йиғилишнинг ўзи қонун чиқарувчилик ташаббусига эга бўлмаган, бироқ Кенгашдан қонун чиқарувчилик таклифини ишлаб чиқишни сўраш мумкин бўлган.
Кенгашнинг 500 аъзоси Афинадаги ўнта ҳудудий округдан тенг-баравар равишда сайланган, яъни уларнинг ҳар биридан 50 вакил қатнашган.
Қўмиталар 59 нафар аъзодан (50+9) иборат бўлиб, ўз ваколатларининг ўндан бир қисми ўтгач, алмашиниб туришган. Қўмитанинг раҳбари қайта сайланиш ҳуқуқисиз бир кунлик муддатга сайланган.
50та округ аъзоси
+
9таси бошқа округдан
келган назоратчилар
10та округ навбат билан
ҳар бир йиғилишда қўмитани ташкил этган
Юқоридаги кўрсатиб ўтилган тартибда ҳокимиятнинг ташкил этилиши, айниқса янги, сайланадиган муассасалар ва судларнинг (улар озод, эркин аҳоли партиялари ва табақаларининг курашида муҳим рол ўйнаган) яратилиши суд ва сиёсий нотиқлик санъатини яхши эгаллаган, сўз кучи ва исбот билан ишонтира оладиган, ҳуқуқ, сиёсий ҳаёт ва дипломатия амалиётининг турли масалаларини эркин тушуна оладиган ва ҳал этадиган кишиларни тайёрлашга бўлган эҳтиёжини келтириб чиқаради. Бу соҳада анча кўзга кўринган кишилар – сўз санъати усталари, ҳуқуқшунослар, дипломатлар сиёсий билим ва нотиқлик санъати ўқитувчилари бўлиб қолдилар. Билимларнинг фалсафий ва хусусий илмий соҳаларга ажралмагани, аммо фалсафий билимларга бўлган қизиқишининг кучлилиги, бу билимларнинг саводхонлик, ўқимишлилик мезони сифатида юқори баҳоланиши сабабли янги пайдо бўлган ўқитувчилар фақат сиёсий ва хуқуқий фаолият техникасини ўргатиш билан чекланмай, уни фалсафа ва дунёқарашнинг умумий масалалари билан боғлашган. Шу тариқа Қадимги Юнонистонда софистлар (грекча sophistes-донолар) мактаби шаклланган. Унинг ўзагини ўқитувчилар, шоирлар, мусиқачилар, қонуншунослар, файласуфлар ташкил этишган.
Консерватив ва реакцион тарзда фикрловчи ёзувчилар, айниқса уларнинг демократияни танқид қилувчи қисми кейинчалик ёшларни баҳс- мунозара чоғида қандай бўлса-да ютиб чиқиш, ҳақиқатга эришиш учун нопок усуллардан фойдаланишга ўргатишга интилиши, хусусан ёлғонни ҳақиқат, мантиқан кучсиз аргументни кучли аргумент билдирилган фикрни ишончли ҳақиқат, юзаки қарашни – билим қилиб кўрсатишга уринишлари сабабли нафратга лойиқ бўлдилар. Софизмнинг моҳиятини “Мугуз” софизми мисолида тушунтирсак, унда муҳокаманинг қуйидагича схемада қурилишини кўрамиз:
Йўқотмаган нарсанг ўзингда бор
Сен мугузингни йўқотган эмассан
Демак, сенинг мугузинг бор
Бу каби софизмларнинг пайдо бўлиш сабаблари қуйидагилардан иборат:
тезисни алмаштириш;
хулоса чиқариш қоидаларини бузиш;
хато фикрларни тўғри деб қабул қилиш;
турли хил маъноли тушунчаларни қўллаш.
Масалан, ер деганда, тупроқ, қуруқлик, майдон каби 8та нарса тушунилади. Юқоридаги мисолда муҳокама шаклига кўра силлогизмнинг биринчи фигураси кўринишида қурилган, у шаклан тўғрига ўхшаб кўринади, лекин унинг қоидаларидан бири: кичик асос тасдиқ ҳукм бўлиши керак деган қоида бузилган, мулоҳаза инкор ҳукм бўлиб қолган (Сен мугузингни йўқотган эмассан).
Кўриб турибмизки, софизм-суҳбатдошни алдаш усули. Сенека уни фокусчиларнинг санъатига қиёс қилади. Аристотель эса, уларни “қалбаки донишмандлар” деб атаган.
Лекин софистларни фақат салбий жиҳатдан кўриш ҳам нотўғридир. Улар сиёсий фаол фуқоралар бўлиб, билим ва маданиятни оммалаштиришга муҳим ҳисса қўшишган. Хусусан, уларнинг нотиқлик санъати назариётчилари сифатида нутқ маҳотати қонун-қоидаларини ишлаб чиқишдаги хизматлари каттадир. Уларнинг диққат марказида сўз бўлган ва сўз ҳақида фан яратишган. Мантиқ ривожида ҳам уларнинг алоҳида хизматлари бор. Ҳали ўрнатилмаган мантиқ қонун-қоидаларини бузгани ҳолда, уларни очишга туртки берганлар.
Илк софистлар мактаби Сицилияда пайдо бўлди. Афинада демократиянинг ривожланиши ҳалқаро алоқаларининг кучайиши натижасида қатор софистлар – Абдерлик Протагор, Элидалик Гитий, Кесосдан Продика, Леонтиндан Горгий ва бошқалар етишиб чиқдилар.
Афинада ҳукмдорлар софистларни ёқтиришмаган. Протагорни худолар мавжудлигига шубҳа билан қарагани учун қамаб қўйишган.
Фалсафий оқим сифатида софистика турли хил қарашларга эга вакиллардан ташкил топган. Улар учун умумий нарса тушунчалар, ахлоқ ва баҳолаш нормалари бўйича якдиллиги бўлиб, уни Протагор ўзининг машҳур фикрида ифода этган: “Инсон барча нарсаларнинг меъёри: мавжудларини мавжуд, мавжуд эмасларини мавжуд эмас деб фарқлайди”142.
Фалсафада софистлар инсон, жамият, билиш масалаларига эътибор қаратишган. Гносеологияда онгли равишда бир қанча муҳим масалаларни савол тарзида қўйишган: 1) Борлиқ тўғрисидаги фикр борлиққа қандай муносабатда? 2) Бизнинг тафаккуримиз борлиқни билишга қодирми? Бу саволларга улар салбий жавоб беришган. Лекин, улар агностицизми позитив релятивизм билан чегараланган: ҳақиқатнинг нисбийлигини таъкидлашган.
Софистлар фикрича, ҳақиқат ҳар бир одам учун алоҳида, ўзига хос тарзда мавжуд. Ҳақиқат макон, замон, вазиятга ҳамда инсонга боғлиқ. Демак, софистлар объектив ҳақиқатни инкор қилганлар, уни субъектив ҳақиқатдан иборат деб ҳисоблашган.
Софистлар физика билан ҳам шуғулланишган. Улар табиатан мавжуд нарсаларни пайдо бўладиган нарсалардан, табиат қонунларини жамият қонунларидан фарқ қилишган. Илк бор улар инсонни дунёқараш борасидаги изланишлар марказига қўйишган.
Улар релятивизмни диний догмалар таҳлилига ҳам ёйишган. Догматизм авторитетларга мурожаат қилишни тақоза этади. Софистлар эса исбот қилишни талаб этишади. Шу сабабли софистларда “ҳақиқат ўзи қаерда?” деган савол пайдо бўлган.
Софистларни кичик ва катта гуруҳларга бўлиш қабул қилинган. Протагар, Горгий, Гиппий, Продик, Антифонт катта гуруҳга, Алкидам, Критий, Калликл кичик гуруҳга мансуб.
Софистлар катта гуруҳи вакиллари яхши сиёсатдон, хуқуқшунос бўлганлар. Протагор Жанубий Италиянинг Фурш Колониясида бошқарувнинг демократик образини белгилаб берган қонунларни ёзган.
Софистларнинг кичик гуруҳи вакиллари Ликафрон, Алкидамант ижтимоий табақаланишни танқид қилишган. Алкидамант, табиат ҳеч кимни қул қилиб яратмаган, дейди. Фразимах фикрича ҳар бир ҳокимият ўзи учун фойдали қонунларни яратади: демократияда демократик, тиранияда унга мос қонунлар яратилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |