Назорат саволлари
Оптимал лойиҳалашга тизимли ёндашувнинг асосий принципларига таъриф беринг.
Лойиҳалаш учун қандай бошланғич маълумотлар керак бўлади?
Лойиҳалашнинг асосий босқичлари нималардан иборат?
Трассанинг оптимал вариантини танлаш қайси мезонлар бўйича олиб борилади?
Аппаратуранинг техник пасспортида одатда қандай маълумотлар келтирилади?
Рақамли толали оптик узатиш тизимининг линия трактлари қандай баҳоланади?
Тўлқин узунлиги бўйича ажратилган толали оптик узатиш тизимларига таъриф беринг.
Рақамли сигналларни узатишнинг қандай сифат мезонларини биласиз?
Толали оптик узатиш линияси участкасини ҳисоблашда нималарга эътибор бериш керак?
Рақамли толали оптик узатиш тизимининг линия тракти параметрлари қандай баҳоланади?
Оптик трактнинг регенераторининг қарор қабул қилиш нуқтасида сигнални ҳалақитлардан ҳимояланганлиги қандай ҳисобланади?
Толали оптик узатиш линияси тезкорлигини ҳисобланг.
Тўлқин узунлиги бўйича ажратилган толали оптик узатиш тизим линияларини лойиҳалаш хусусиятлари нималардан иборат?
17 – МАЪРУЗА
ОПТИК АЛОҚА ТИЗИМЛАРИНИНГ ТЕХНИК ЭКСПЛУАТАЦИЯСИ
Режа:
17.1. Техник эксплуатация жараёнини ташкил этиш.
17.2. Техник эксплуатация ва бошқариш тизимини ташкил этиш.
17.3. Рақамли толали оптик алоқа тизимлари ва тармоқларини эксплуатация қилишга оид нормалар.
17.1. Техник эксплуатация жараёнини ташкил этиш
Замонавий ТОАТ (толали оптик алоқа тизими) жиҳозларининг кўп функционаллиги (сигналларни генерациялаш ва ўзгартириш, уларни фильтрлаш ва кучайтириш, коррекциялаш ва регенерациялаш ва бошқалар), кўплаб ўзаро боғлиқ элемент ва қурилмаларнинг мавжудлиги, уларнинг иш сифати даражасининг турлилиги ва мураккаблиги билан фарқ қилади. Узатиш тизимларининг бир ёки бошқа тугунларида битта ёки хаттоки, бир нечта элементларнинг рад этиши тизимнинг ишга қобилиятлилигини бутунлай йўқотишига олиб келмайди, фақатгина унинг иш сифатини ва самарадорлигини камайтиради.
ТОАТ жиҳозларнинг мураккаблашуви, уларнинг ўтказиш қобилиятининг ўсиши, канал ва трактлар сонининг кўпайиши, уларнинг иш механизмига ахборот технологияларининг киритилиши, уларнинг эксплуатациясини ташкил этишга бўлган талабларни аниқлайди.
Эксплуатация сўзи нимадандир фойда олишни ёки ишлатишни англатади (кенг маънода инсон томонидан ишлаб чиқарувчи кучларни талаб ва эҳтиёжларни қондирувчи бирор бир амалий мақсадлар учун тизимли ишлатилишини англатади). Эксплуатация - ТОАТ иш даврининг хаётий босқичи бўлиб, ўзида ТОАТ қурилмаларини созлаш ва монтаж қилишни, уни вазифаси бўйича ишлатишни, профилактик техник хизмат кўрсатишни, рад этишлардан кейин қайта тиклаш ва таъмирлашни мужассамлайди. ТОАТ ва узатиш линиялари қурилмалари ишининг максимал самарадорлигига эришишга йўналтириган ташкилий-техник тадбирлар ва ахборот–дастурий воситалар мажмуаси техник эксплуатация (ТЭ) тизимини ташкил этади. Эксплуатация жараёни инсон томонидан тўғридан тўғри ёки воситалар орқали техник эксплуатация объекти (ТЭО)га таъсир этиш йўли билан амалга оширилади. ТЭ жараёнида амалга ошириладиган кўплаб эксплуатацион операциялар хизмат кўрсатувчи ёки техник ходим томонидан бажарилади.
ТЭ жараёни, унинг қонуниятлари, характеристикалари, ташкил этиш ва амалга ошириш усулларини ўргатувчи фан техник эксплуатация назарияси ҳисобланади.
ТЭ назариясининг асосий тушунчалари:
- эксплуатация шароити – ТОАТ жиҳозларига таъсир этувчи омиллар мажмуаси. Эксплуатация шароитларига иқлим шароитлари, механик ва электрик юкламалар, хизмат кўрсатувчи ходимнинг малакаси, метрологик таъминоти, заҳира қисм ва асбобларнинг холати ва бошқалар киради;
- иш режими – ТОАТ вазифаси бўйича қўлланилганда, уларнинг эксплуатацион параметрлари қийматларининг мажмуаси. Иш режимларига қуйидагилар киради: гурух ва линия трактларини турли ахборот сигналлари билан юклаш; турли иерархияларнинг рақамли оқимларини ажратиш, узатиш, қабул қилиш ва транзити, регенерациялаш пунктларининг иш шароити, тракт ва секцияларни заҳиралаш тизими ва бошқалар;
- эксплуатация воситалари – ТОАТ ва унинг элементларининг эксплуатацияси учун зарур бўлган эксплуатация материаллари ва асбоблари, заҳира блок ва техник қурилмалар мажмуаси;
- техник хизмат кўрсатиш (ТХК) – вазифаси бўйича хизмат муддати давомида ТЭОнинг ишга қобилиятлилигини ва созлигини таъминлаш бўйича бажариладиган ишлар комплекси.
Техник эксплуатация – алоқа корхоналарининг ишлаб чиқариш фаолиятининг асосий қисми ҳисобланади. Тармоқнинг техник эксплуатацияси техник хизмат кўрсатиш усуллари ва алгоритмлари мажмуасини намоён этиб, исталган техник эксплуатация объектининг ўрнатилган нормаларини талаб даражасида сақлайди ва ташкил этади.
Техник эксплуатациянинг асосий мақсади – рад этиш ҳолатларининг ҳосил бўлишини ва уларнинг таъсирини камайтириш ҳисобланади.
ТЭ қуйидаги холларда амалга оширилади:
- объектни эксплуатацияга киритишда (паспорт тайёрлашда);
эксплуатация жараёнида созлик ҳолатини сақлаш (техник хизмат кўрсатиш);
объектни ишга қобилиятлилигини қайта тиклаш (таъмирлаш-созлаш ва таъмирлаш-қайта тиклаш ишлари).
ТЭ жарёнига қуйидагилар киради:
ишчи характеристикаларни ўлчаш;
рад этишларни топиш;
ишчи характеристикалар ва рад этишларда сигнализация;
заҳиралаш;
ишга қобилиятлилигини қайта тиклаш;
назорат қилиш (қайта тиклашдан сўнг).
ТЭОга узатиш каналлари ва трактларида улашларнинг таркибий қисми ҳисобланган, назорат ва бошқарув сигналлари билан алмашиниш учун уланиш жойларига эга бўлган ТОАТ нинг техник воситалари киради. Техник эксплуатация объекти уланиш жойлари орасида маълум функцияларни бажариш учун мўлжалланган (11.1-расм).
Эксплуатацион назорат қурилмалари томонидан назорат қилинувчи, ТЭОни ишчи характеристикаларининг тахлил натижалари баъзан рад этиш юзага келгандан сўнг ёки иш сифати ёмонлашгандан сўнг автоматик, баъзан техник эксплуатация ахбороти ҳақидаги сўров бўйича ТЭ уланиш жойлари бўйлаб маълум қилинади.
Техник хизмат кўрсатиш (ТХК)нинг қуйидаги усуллари тавсия этилади:
- профилактик техник хизмат кўрсатиш (ПТХК), маълум вақт оралиғидан кейин ёки олдиндан белгиланган мезонларга мос равишда бажарилади ва рад этиш юзага келиши ёки ТЭО функцияларнинг ёмонлашуви мумкинлиги хақида ўз вақтида огоҳлантиришга йўналтирилган;
- тўғриловчи техник хизмат кўрсатиш (ТТХК), ТЭОнинг ишга ноқобилиятлилик ҳолати аниқлангандан кейин бажарилади ва ТЭОнинг сифат параметрларини ўрнатилган доирада бўлишига йўналтирилган;
- бошқариладиган техник хизмат кўрсатиш (БТХК), ТЭО ишчи характеристикаларини назорат қилувчи, узатиш сифатини бошқариш ва носозликларни бартараф этиш воситаларини қўллаб, ТЭО ҳолатини тахлил қилувчи усулларни тизимли ишлатиш йўли билан бажарилади ва профилактик хизмат кўрсатишни минимумга етказишга ва тўғриловчи техник хизмат кўрсатишни қисқартиришга йўналтирилган.
17.1-расм. Узатишнинг бирикиш жойларида маълум функцияларни бажаришга мўлжалланган техник эксплуатация объекти
Профилактик техник хизмат кўрсатиш қуйидагиларни ўзида намоён этади:
даврий эксплуатацион назорат;
ишчи характеристикаларни режали ўлчаш;
аппаратура компонентларини режали алмаштириш.
Тўғриловчи техник хизмат кўрсатиш қуйидагиларни ўзида намоён этади:
узлуксиз эксплуатацион назорат;
эпизодик эксплуатацион назорат;
оператив – техник назорат;
ишчи характеристикаларни ўлчаш.
Бошқариладиган техник хизмат кўрсатиш ўзида қуйидагиларни намоён этади:
узлуксиз эксплуатацион назорат;
оператив – техник назорат;
ишчи характеристикаларни ўлчаш.
Рақамли ТОАТ учун ТТХК афзалроқ ҳисобланади, чунки уларга алоқани узмаган ҳолда хатолик коэффициент (ёки хатолик кўрсаткич)лари бўйича рад этишларни аниқлаш мумкин. ТТХКда техник хизмат кўрсатишга кетадиган вақт, яъни рад этиш жойини аниқлаш ва қайта тиклаш бўйича ишларни бошлашга кетадиган вақт камайтирилади. Бунга, айниқса, оптик кабелли рақамли узатиш тизимлари учун самарали бўлган, оптимал қайта тиклаш стратегиясини қўллаш билан эришилади. Рад этишларни бартараф этиш (қайта тиклаш) билан боғлиқ ишлар, ТТХК учун хос бўлган, алоқани узган ҳолда амалга оширилади.
ТОА воситалари ва уларни бошқариш тармоғи ривожланишининг замонавий босқичида БТХК биринчи аҳамиятга эга, чунки ПТХК ва ТТХК га нисбатан, юзага келиши мумкин бўлган рад этишларни топиш ва бартараф этиш, шунингдек ТХКни алоқани узмасдан амалга ошириш ва ишга қобилиятлилигини қайта тиклаш имконини беради. Шунинг учун замонавий ТОАТ да юқори сифатли ТЭни таъминловчи БТХК қўлланилади.
ТЭО билан биргаликда ёрдамчи ТЭО (ЁТЭО) ҳам мавжуд, улар бевосита маълумотларни узатиш функциясини бажармайди (рад этишларни аниқлаш, хизмат сигналларини узатиш, авария сигнализациялари, ташқи назорат ва бошқарув тизимлари билан мувофиқлаштирувчи қурилмалар).
Бир ёки бир неча ЁТЭОга эга, бир ёки бир неча ТЭО тармоқ элементини ташкил этади. БТХКдан фойдаланишга асосланган, замонавий ТОА воситалари учун тармоқ элементи таркибига кирувчи ТЭОлари бошқарилувчи объектлар ҳисобланади.
Эксплуатацион назорат ТЭ жараёнида ТЭОларини ўрнатилган талабларга мослигини аниқлашни намоён этади.
Эксплуатацион назоратда амалга ошириладиган, ТЭОнинг иш сифатини баҳолаш, ТЭО ишчи характеристикаларининг нормага мослигини аниқлашни ва иш сифати бузилганлигини ёки ишчи характеристикаларни нормадан оғганлигини аниқлашни таъминлайди.
Рад этишларни синфлаш учун аномалия ва дефект тушунчалари ишлатилади.
Аномалия – бу объект параметрининг жорий қиймати ва талаб этиладиган қиймати орасидаги фарқ. Аномалия объектнинг талаб этиладиган функцияларини бажариш қобилиятига таъсир этиши ёки таъсир этмаслиги мумкин.
Объектнинг талаб этиладиган функциясини бажариш қобилиятини чегараланиши дефект ҳисобланади. У қўшимча тахлил натижаларини баҳолашга боғлиқ ҳолда ТЭ бўйича фаолиятни талаб этиши ёки талаб этмаслиги мумкин.
ТЭОнинг талаб этиладиган вазифасини бажариш қобилиятини камайишига олиб келувчи аномалиялар кетма-кетлиги дефект сифатида кўрилади.
Эксплуатацион назорат ТЭО таркибига кирувчи дастурий-техник воситалар ва назорат қурилмалари, ёки автоном ўлчов воситалари, шунингдек ўлчашларни автоматлаштириш ва уларнинг натижаларини қайд этишни таъминловчи қурилмалар ёрдамида амалга оширилади.
Назорат узлуксиз ва биргаликда олиб бориладиган уч жараёндан иборат:
аномалияларни аниқлаш учун назорат жараёни (қисқа муддатли давр);
дефектларни аниқлаш учун назорат жараёни (ўрта муддатли давр);
сифат ёмонлашувларини аниқлаш учун назорат жараёни (узоқ муддатли давр).
Ҳар бир жараён аномалия ва дефектлар ҳақидаги маълумотларни тўплаш билан олиб борилади. Аномалия ва дефектларнинг назорат жараёнлари мос равишда аномалия ва дефектларни юзага келишини кўрсатади. Сифат ёмонлашувини назорат жараёни ТЭОнинг сифат даражасини аниқлайди ва сифат норма даражасидами, ёмонлашганми ёки норма даражасидан чиқиб кетганлигини аниқлайди. Бу сифат сатҳлари берилган вақт оралиғида олинган ва тахлил қилинган аномалия ва дефект ҳақидаги маълумотлар асосида аниқланади. Ёмонлашув ва норма даражасидан чиқиб кетган сифат кўрсаткичларини ажратувчи чегаралар ва кузатиш даври ҳар бир дефект учун тасдиқланган ишга ноқобилиятлилик ҳолати, аномалия ёки дефект пакетлари ҳар бир ТЭО учун аниқланади. Ишчи параметрларнинг ёмонлашган ва нормадан чиқиб кетган қийматларининг индикацияси, ҳар бир чегарадан ошиш аниқланганда берилади. Бу жараён 17.2 – расмда кўрсатилган.
Турли датчиклардан бирламчи ахборат сигналлари ҳар бир ТЭО дан қайта ишлаш блокига берилади ёки жойида қайта ишланади. Ишчи характеристика кўрсаткичлари шу ахборот асосида аниқланади. ES ва SЕS хатолик кўрсаткичлари деб аталадиган ҳар бир ишчи характеристика кўрсаткичлари, ТЭОнинг иш сифати кўрсаткичини ҳисоблаш учун алоҳида қайта ишланади.
Назорат қилинувчи объектлар (НҚО) сифатида узатиш тизимлари, типли канал ва трактлар мураккаб тизимни намоён этиб, кўплаб параметр ва характеристикаларга эга.
Аҳамиятлилиги бўйича параметрларнинг қуйидаги турлари мавжуд:
- аниқловчи – унинг назорати ТЭО умумий иш қобилиятини баҳолаш имконини беради;
- башоратловчи – ТЭОнинг техник ҳолатини башорат қилиш учун зарур бўлса ахборотни сақлайди;
- авария – ТЭО ишида авария режими яқинлашишини аниқловчи параметр.
Назорат қилинувчи параметрларни танлашда қуйидагиларни ҳисобга олиш керак:
ТЭО иш самарадорлигига параметрларнинг таъсир даражаси;
параметрларнинг номинал қийматлардан оғиш катталиги;
назорат қилинувчи параметрларнинг тақсимот қонуни;
боғлиқ эмаслик (корреляциянинг мавжуд эмаслиги) ёки параметрларнинг созлик даражаси;
назорат нархи, яъни ушбу турдаги назорат ёки ўлчашларни ўтказишни таъминлаш учун сарф этиладиган харажатлар.
Алоқа операторининг бирламчи тармоғида оператив – техник назорат - бу назорат объектлари (НО) деб аталувчи, қуйидаги ТЭОларнинг ҳолатларини умумий баҳоланишларга мослигини аниқлаш жараёни демакдир:
- тармоқ (станция) тугунлари – НО – ТТ (СТ);
- узатиш линиялари – НО – УЛ;
- плезиохрон рақамли иерархия (ПРИ) рақамли узатиш тизимлари (РУТ)нинг линия трактлари ва синхрон рақамли иерархия (СРИ) РУТнинг мультиплексорлаш ва регенерациялаш секциялари – НО –ЛТ;
- СРИ РУТ виртуал контейнер трактлари ва уларнинг участкалари, ПРИ РУТнинг тармоқ трактлари – НО – ТТР;
- узатиш каналлари – НО –УК.
Замонавий рақамли ТОАТ учун ҳолатларнинг умумий баҳоланишини аниқлаш, барча ТЭО учун амалга оширилиши керак.
НО (замонавий РУТ ТЭО) лари ҳолатларнинг қуйидаги баҳоланишлари билан характерланади:
НОРМА – сифат параметрлари ва НО элементлари ўрнатилган доирада бўлади;
ОГОҲЛАНТИРИШ – сифат параметрлари ўрнатилган доирада бўлади, НО элементларининг параметрлари, режим ва иш шароити НО рад этиши мумкин бўлган қийматлардан ошишидан далолат беради (маъқул сифат).
БУЗИЛИШ – НО режимининг бузилиши натижасида сифат параметрлари ўрнатилган доирадан чиқади ёки уларда носозликлар вужудга келади, бироқ НО ишга қобилиятлилик ҳолатини сақлайди (ёмонлашган сифат);
АВАРИЯ – НО режимининг бузилиши натижасида сифат параметрлари ўрнатилган доирадан чиқади ёки уларда носозликлар вужудга келади, бунинг оқибатида НОнинг рад этиши кузатилади (норма даражасидан чиқиб кетган сифат).
Оператив – техник назорат бевосита НО (замонавий РУТ ТЭО) ни эксплуатациядан чиқармасдан амалга оширилади. НОнинг НОРМА, БУЗИЛИШ ва АВАРИЯ турдаги ҳолатлари ҳақидаги маълумотлар бошқариш тизимига узатилади.
НО–УЛ, НО–ЛТ, НО–ТТР (УЛ, ЛТ, ТТР)нинг носоз участкалари ТЭ марказида НО холатининг ўзгарганлиги ҳақидаги ахборотни тахлил қилиш йўли билан аниқланади.
17.3–расмда ТЭО ҳақида ТЭ ахборотини қайта ишлаш жараёни кўрсатилган, бунда нотўғри ишлашни топиш назорат жараёнидан бошланган.
ТЭОда ОГОҲЛАНТИРИШ ахборот сигнали ёки БУЗИЛИШ ва АВАРИЯ каби ахборот сигналлари берилиши ёки берилмаслиги мумкин. Қачон сигнал ТЭОдан ташқарида берилса, авария ахборотларини қайта ишлаш жараёни, авария ҳолати индикацияси сигнали (АҲИС) ёки олдинги участкадаги рад этишни кўрсатувчи сигнал (ОРКС) ларни, шунингдек бошқа манбалардан (масалан, бошқа ТЭОдан, сутка вақти ҳақида, юклама интенсивлиги ҳақида ва б.қ.) бериладиган маълумотлар бирлаштирилиши мумкин. Бу ТЭ ахборот сигналларини ёки авария сигналларини бериш кераклигини ҳал қилиш учун амалга оширилади.
АҲИС – ТЭОнинг ишга ноқобилиятлилигини билдирувчи сигнал бўлиб, ишчи сигналларни алмаштириш мақсадида шикастланган йўналишда узатади ва рад этиш оқибати ҳисобланган, ТЭнинг бошқа авария сигналларини блокировкалаш кераклигини бошқа ишга қобилиятли бўлган ТЭО кўрсатади.
АҲИС қабул қилинганда, ТЭОдан хизматнинг авария сигнали (ХАС)ни бериш талаб этилиши мумкин.
Хизматнинг авария сигнали – ТЭОдан берилиб, хизматни тақдим этиш бошланиши ёки тугатилишини англатади. Хизматнинг ишчи параметри катталиги талаб қийматларидан пастга тушиб кетганда ХАС берилиши керак. Бу қиймат АВАРИЯ сигнали берилгандаги қийматга мос келиши мумкин.
Рад этиш ҳақидаги маълумот (11.2–расмга қаранг), рад этган ТЭОни аниқлашда ишлатилади. ТЭ ахборотлари жойида, ёки авария сигналларини йиғиш тизими орқали дистанцион тарзда узатилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |