1.3. Харажатларни бошқариш ва назорат қилишнинг мақсад ва вазифалари. Иқтисодиётни таркибий ўзгартириш ва диверсификация қилиш шароитида республикамизда фаолият олиб бораётган хўжалик юритувчи субъектларда, шу билан бирга кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида ҳам ҳозирги кундаги энг устувор вазифалардан бири бу фойдани максималлаштириш мақсадида харажатларни энг минимал ҳолатга келтиришдир. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлар фаолиятида ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш учун энг аввало сарфланган харажатларни самарали бошқариш ва уни назоратини амалга ошириш ётади.
Бу борада бир қанча назарий ва амалий изланишлар олиб борилишига қарамай, фан-техниканинг ривожланиши натижасида ушбу муаммонинг очилмаган қирралари вужудга келмоқда. Шу билан бирга мамлакатимиз иқтисодиётининг негизи бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий натижаларини аниқ ҳисоблаш, асоссиз ва ноҳақ тўловлар ҳамда солиқлардан асрашда асосий омиллардан бири бўлган харажатлар ҳисобини тўғри ташкил этишда бир қанча муаммолар ҳам йўқ эмас.
Шундай муаммолардан бири - бу кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида ишлаб чиқариш харажатларини замонавий ва самарали усуллар асосида бошқариш ва назорат қилишдир. Ишлаб чиқариш харажатларини бошқариш ва назорат қилишда уларнинг келиб чиқиш жойларини аниқлаш, тақсимлаш, мақсади, йўналиши, ҳисобга олиниши, ҳисобдан чиқарилиши, яъни маҳсулот таннархига тақсимлашни тўғри белгилаб олиш муҳим аҳамиятга эга.
Харажатлар ҳисобини бошқариш ва назорат қилишдан мақсад уларнинг йўналишларини белгилаб олиш ҳисобланади. Ишлаб чиқаришдаги харажатлар учун алоҳида аниқ бир мақсадга қаратилган ва маълум даражада ҳисоб - китоб талаб қиладиган соҳа ёки жараён харажатлар ҳисоби йўналишларини белгилаб беради. Оддий қилиб айтганда, бухгалтерия ҳисоби маълумотларидан фойдаланувчилар харажатларни қандай мақсадларга сарфланишини билишлари керак.
Харажатларни самарали бошқариш ва назорат қилиш учун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида қуйидагиларга эътибор қаратишлари лозим деб ҳисоблаймиз:
фаолият туридан келиб чиқиб сарфланган харажатларни тўғри таснифлаш;
харажатларнинг келиб чиқиш жойлари ва қандай мақсадда сарфланганлигини аниқлаш;
хўжалик фаолиятида содир бўлган харажатлар тўғрисида аниқ ва ишончли маълумотларни ўз вақтида бошқарув ходимларига тақдим этиш;
харажатларни маҳсулот таннархига калькуляция қилишда самарали ва замонавий усуллардан фойдаланиш.
Шундай экан, харажатларни бошқариш ва назорат қилишда юқорида келтирилган фикр ва мулоҳазалар асосида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида бошқарув ҳисоби тизимини ташкил қилиш ва ривожлантириш лозим. Бунинг учун субъектнинг ҳисоб сиёсати ҳам унинг ўзига хос технологик хусусиятларидан келиб чиқиб олиб борилиши мақсадга мувофиқдир.
“Харажатларни бошқариш - ресурсларни тежай олиш ва улардан олинадиган самарани максималлаштириш қобилиятидир”6. Хўжаликлар фаолиятида харажатларни самарали бошқариш ва назорат қилиш олинаётган фойдани энг юқори даражага кўтариш мақсадида амалга оширилади. Иқтисодиётни модернизациялаш шароитида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлар фаолиятида харажатларни самарали бошқариш орқали қуйидаги имкониятларга эришиш мумкин деб ҳисоблаймиз:
субъект фаолиятида сарф қилинган ресурсларни қачон, қаерда ва қай тартибда амалга оширилганлиги тўғрисидаги ахборотларга эга бўлиш;
субъект фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун зарур бўлган қўшимча молиявий русурсларни қачон зарур бўлишини олдиндан башорат қилиш;
субъект фаолияти учун сарфланган ресурслардан фойдаланиш натижасида юқори самара олишни таъминлаш мумкин.
Шунинг учун ҳозирги иқтисодий шароитида хўжаликларда иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида уларнинг бухгалтериясида харажатларни бошқариш тизимини жорий қилиш зарур деб ҳисоблаймиз. Чунки субъект фаолиятида олинадиган ҳар қандай фойда замирида, шу фаолият учун зарур бўлган моддий ва молиявий ресурслар ётади. Бу дегани қандайдир миқдорда сарф бўлмаса фойда ҳам бўлмаслигини англатади. Хўжаликлар фаолиятида харажатларни бошқариш тизимини жорий қилиш орқали қуйидаги истиқболли самараларни қўлга киритиш мумкин:
Субъект активларини оптималлаштириш: товар-моддий захираларини ва дебиторлик қарзларни камайтириш.
Субъектлар фаолиятида содир бўладиган харажатлар тузилмасини
оптималлаштириш: ишлаб чиқариш таннархини пасайтириш, ўртача харажатларни
камайтириш.
Ҳар бир кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида харажатларни бошқариш тизимини жорий қилиш улар бажариши мумкин бўлган вазифаларнинг барчасини битта тизимда умумлаштиради ва бу вазифалар қуйидагиларни ташкил этади:
бошқарувнинг асосий функциялари бўйича харажатларни аниқлаш;
алоҳида маҳсулот турлари ва бутун субъект бўйича харажатларни ҳисоб-китоб қилиш;
маҳсулот таннархи тузилишини баҳолаш, маҳсулот таннархига таъсир этувчи омилларни аниқлаш, ишлаб чиқариш жараёнининг барча босқичлари ва хўжаликнинг барча бўлинмаларида харажатларни камайтириш захираларини излаб топиш;
ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бирлигига тўғри келадиган харажатларни ҳисоб-китоб қилиш, маҳсулот таннархини ҳисоблаш;
ишлаб чиқариш жараёнини такомиллаштириш ва харажатларни баҳолашга имкон берадиган ахборот базасини тайёрлаш;
бутун маҳсулот номенклатурасига асосланган (рақобатбардош) нархни шакллантириш;
харажатларни ўлчаш ва назорат қилишнинг оқилона усулларини аниқлаш;
барча харажат турларини танлаб олинган таснифларга мувофиқ ҳисобга олиш;
харажатларни режалаштириш ва харажатлар моддалари бўйича асосий (таянч) меъёрларни белгилаган ҳолда даромад ва харажатлар бюджетини шакллантириш ва бошқалар.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлар иқтисодий фаолиятида юқорида санаб ўтилган харажатларни бошқаришнинг барча вазифаларидан умумий фойдаланиш натижасида хўжаликлар иқтисодий фаолиятининг ўсишига эришиш ҳамда умумий бошқарув тузилмаси - харажатларни башорат қилиш, режалаштириш, тартибга солиш, рағбатлантириш, ҳисобга олиш, назорат қилиш ва таҳлил қилишни битта яхлит тизимга бирлаштиришга эришиш мумкин.
Ҳозирги иқтисодиётни модернизация ва ишлаб чиқаришни диверсификациялаш даврида субъектлар фаолиятида харажатларни бошқариш тизимини жорий қилиш орқали ахборотларни қайта ишлаш ва маълумотларни таҳлил қилишнинг мураккаб механизмларидан фойдаланишга асосланади. Харажатларни самарали бошқариш асосан бошқарув функциялари ёрдамида амалга оширилиб, уларнинг ўзаро алоқалари ва ўзаро боғлиқликдаги харакатлари ёпиқ, такрорланадиган бошқарув жараёнларини ташкил қилади ва улар қуйидаги кетма-кетликда амалга оширилади (1-расм).