ЭКОЛЕКСИКАНИНГ ТАДҚИҚИ МУНДАРИЖА
КИРИШ 3
I БОБ. ЭКОЛОГИК ТЕРМИНЛАР ТАДҚИҚИНИНГ НАЗАРИЙ АСОСЛАРИ
1.1. Терминларнинг ўрганиш объекти сифатида 7
1.2. Экология лингвистик тадқиқот объекти сифатида 17
1.3. Экотерминларнинг ўрганилиши ..... 21
1-боб бўйича хулосалар 34
II БОБ. ИНГЛИЗ ВА ЎЗБЕК ТИЛЛАРИДА ЭКОТЕРМИНЛАРНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ
2.1. Экотерминларнинг семантик ва функционал хусусиятлари 37
2.2. Турли тизимли тиллардаги эколексиканинг лексик миқёсда ясалиш йўллари 43
2-боб бўйича хулосалар 53
III БОБ. ИНГЛИЗ ВА ЎЗБЕК ТИЛЛАРИДА ЭКОЛОГИК ЛЕКСИКАГА ОИД НОМИНАЦИЯЛАР
3.1. Экологик терминларни номинация орқали ясалиши 56
3.2. Экотерминларнинг синтактик ва аналитик жиҳатдан ясалиши 65
3-боб бўйича хулосалар 67
УМУМИЙ ХУЛОСАЛАР 71
АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ 75
КИРИШ
Бугунги глобаллашув ва интеграция жараёнида илм-фанни янада юксалтириш муҳим аҳамият касб этади. Юртбошимиз Ислом Каримовнинг таъкидлашича, “Маданият, санъат, фанни ривожлантириш, уни янги давр, янгича дунёқараш нуқтаи назаридан тараққий топтириш давлатимиз ва жамиятимиз истиқболининг устувор йўналишларидан биридир”1. Ушбу дастуруламалнинг тилшунослик фанидаги ижросини таъминлаш мақсадида фузия лисоний типини янгича ёндашувлар асосида тадқиқ қилишни лозим топдик.
Маълумки, тил жамиятнинг қай даражада тараққий этганини кўрсатиб берувчи ўзига хос кўзгу саналади. Халқнинг миллат даражасига кўтарилишида, шу халқни ташкил этувчи кишиларнинг орзу-мақсадлар йўлида жипслашишида, шубҳасиз, тилнинг роли беқиёсдир. Мамлакатимизда ҳам, миллий мустақилликка эришиш учун қилинган ҳаракатларнинг дебочасида айнан тил масаласи тургани барчага маълум.
Дарҳақиқат, фақат мустақиллик туфайлигина ўзбек тили давлат миқёсидаги тилга, бошқа давлатлар билан музокараларда қўлланиладиган, қонунлар яратиладиган, илмий тадқиқотлар ёзиладиган тилга айланди. Зеро, юртбошимиз таъкидлаганидек: “Тилшунослик соҳасидаги илмий изланишлар, авваламбор, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши ва унинг қўлланиш соҳасининг анча кенгайтирилгани, халқаро муносабатларда ишлатиладиган тиллар қаторига киритилиши кейинги йилларнинг бу борадаги улкан ютуғидир” 2.
Тил ижтимоий ҳодиса бўлиб, у ўзи оид бўлган халқнинг ҳаёти билан боғлиқ ҳолда ривожланади ва бойиб боради. Шундай экан, жамиятда бўладиган ҳар қандай ўзгариш, аввало, тилда ўз аксини топади. Тилда юз берадиган ўзгаришларни тартибга солиш, умуман, тилнинг тараққиётини тўғри йўлда бўлишини таъминлаш тилшунослик фани олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Аллақачон, инглиз ва ўзбек тилларига хос бўлган экологик лексикани пайдо бўлиш сабаблари ва ясалишини ўрганиш зарурати юзага келган. Ушбу лексикани яруслараро ва разрядлараро категория сифатида шу пайтгача ўрганилмаганлиги ушбу илмий муаммони мазкур тадқиқотнинг асосий мақсади қилиб олиш кераклигини тақозо этади.
Замонавий жамият олдида турган глобал экологик муаммоларнинг ечимини топишда илм-фаннинг кўп соҳаларига, шу жумладан, тилшуносликка оид билимлар ва тажрибага эга бўлиш биринчи даражали заруратга айланган. Экологияга қизиқиш атроф-муҳитни яхшилашга бўлган хохиш-истакнинг кучайиб бораётганлиги билан боғлиқ.
Маълумки, экология кенг маънода бутун дунёда долзарб муаммога айланган. Чунончи, у ҳақдаги фан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Олимлар бу борада инсоният тараққиёти йўналишини ўзгартириши, аниқроғи бошқа хилдаги, яъни Она табиат билан уйғунликка олиб келувчи эволюцион каналга ўтиб олиши кутилмоқда деган фикрни ҳам билдиришмоқда.
Экология деганда биз табиат иқтисодиётига оид билимлар йиғиндисини тушунамиз, яъни жониворнинг уни ўраб турган муҳит билан ўзаро муносабатлари йиғиндисини ўрганиш назарда тутиляпти. Бунда ҳам органик, ҳам ноорганик муҳит, жонивор бевосита ёки билвосита алоқага киришадиган ҳайвон ва ўсимликлар билан дўстона ёки душманлик муносабатлари ҳам назарда тутилади.
Инглиз ва ўзбек тилларидаги эколексиканинг ясалиш, тузилиш ва номинатив хусусиятлари ҳам шу тиллар миқёсида ҳам типология нуқтаи назаридан ёритилмаганлиги билан биргаликда танланган мавзунинг долзарблигини белгилайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |