1.2. Экология лингвистик тадқиқот объекти сифатида
Экология тушунчаси олимлар томонидан жуда чуқур ва мукаммал тарзда талқин этилади.
“Экология” сўзининг ўзи ҳам қадимги грек тилидан келиб чиқиб, “oikos” – уй, истиқомат жойи, ватан, “logos” – фан маъносини билдиради. Сўзма-сўз таржима қилинганда, экология организмнинг “ўз уйидаги” ҳаёти, яъни табиий шароитлари ҳақидаги фан деган маънони билдиради1. Э. Геккельнинг таърифига кўра, тирик организмлар ва атроф-муҳит ўртасидаги ўзаро муносабатлар бошиданоқ экологиянинг диққат марказида бўлган. А.В. Мананков, “Геккель экологиясининг асосий камчилиги, тирик организмлар табиатдаги етакчи, хукмрон объектлари деб тасаввур этилганлиги, яшаш муҳити эса шунчаки ташқи ҳодиса деб қабул қилинганлигидир”, деб таъкидлайди. Шу тариқа, организм-муҳит муносабатига етарли эътибор қаратилмас эди. А.В. Мананков қайд этганидек “умуман олганда Геккель фанга экология деган янги тушунчани киритди, бироқ экологик даражанинг ўзига эриша олмади, чунки индивидуал организмларни ўрганиш доирасида қолди”2
Экология тушунчаси глобал кўлам касб этмоқда. Бугунги кунда экология – бу юздан ортиқ бўлимни бирлаштирган комплекс фан бўлиб, улардан кам деганда 30 та йўналиш биологияга оид бўлмаган соҳаларни қамраб олади.
А.Г. Шмальнинг таъкидлашича, экологияга нисбатан биологик ёндашув мукаммал эмас ва инсон феномени билан боғлиқ икки принципиал жиҳатни инобатга олмайди айнан инсон табиий муҳитни: экология объектини фаол тарзда ўзгартиради, шунингдек, атроф муҳит билан муносабатларни уйғунлаштиришда бош роль ўйнайди.1
Г.С. Розенберг томонидан “экология” терминининг таърифларини таҳлил қилиш натижасида экология фанини талқин этишнинг икки асосий тенденцияси намоён бўлди. Яъни, биринчиси – биологик тармоқ сифатида, иккинчиси эса инсон ва унинг фаолиятини ўрганувчи фан сифатида. “Бу вазиятда” деб ёзади муаллиф, “классик терминнинг анча сийқаси чиқиб қолган тушунчаларга берилган асосий таърифларини “биоэкология” ва “социоэкология” деб номлаш ўринлидир” 2.
Айрим биологлар, дея таъкидлайди Т. А. Акимова ва В.В. Хаскин, экология предмети анъанавий равишда ўсимлик ва ҳайвонлардан иборат бўлиб қолиши, инсон экологияси, табиатдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш билан боғлиқ барча муаммолар эса атроф муҳит ҳақидаги фан – энвайронменталистикага киритилиши керак. “Бироқ, тор маънода тушуниладиган фундаментал экология (биоэкология) ва энвайронменталистика алоҳида олинганда замонавий экологик муаммоларнинг бутун мажмуи ва долзарблигини акс эттирмайди”.3
Сўннги йилларда яратилган илмий ишларда акс этган экология таркибининг таҳлили шундан далолат берадики, мазкур фан экологик билимнинг социологик билимларга бирлаштириш билангина чекланмайди. А.В. Мананков XXI аср бошига келиб шаклланган интегратив экология ҳақида ёзади. Турдош фанлар – табиий (физика, кимё, геология ва бошқалар), техник (тоғ-кон иши, қурилиш ва бошқалар), ижтимоий (иқтисодиёт, ҳуқуқ соҳалари) каби фанларни ассимиляциялаган ҳолда, умумий экология фанлараро фанга айланиб, бир неча ўнлаб йўналишларни бирлаштиради ва унинг лексикони 12-14 минг термин ва тушунчаларни ўз ичига олади. А. В. Мананков таъкидлаганидек, замонавий экология “кенг ва тизимли тармоқлараро нуқтаи назар билан тавсифланадики, у барча экологик жиҳатдан йўналтирилган фанларнинг инкорпорацияси ва концептуал умумлашувига асосланади, шундай бўлсада, биологиялаштирилган фан қирраларини сақлаб қолган”1.
Экология фанлараро фан бўлиб, унинг объекти табиий фанлар ва гуманитар йўналишлар, фундаментал ва амалий илмий фаолиятни яқинлаштиради. Замонавий экологияни мегафан2, комплекс фан3, интегратив фан4 , синтетик фан деб аташади. Бироқ шу ўринда А.Ф. Алимов, “синтетик фан ҳақида синтетик материаллардан айрим ҳолатда сўз юритиш тўғри бўлмаса керак...”, деб қайд этади5.
Муаллифлар экологияни тўртта асос бўйича йўналишларга бўлишни таклиф этадилар: марказий тушунча бўйича (ландшафт-ландшафт экологияси, ҳамжамият – ҳамжамиятлар экологияси); ўрганилаётган организм тури бўйича (ўсимликлар – ўсимликлар экологияси); тадқиқ этилаётган муҳит тури бўйича (кўл - лимнология); экологик билимларни қўллаш соҳаси бўйича (агроэкология, экоменежмент ва бошқалар)6.
Ҳозирги кунда экология лексикаси ва терминологияси шаклланиш босқичида эканлиги маълум, чунки турли илмий йўналишларнинг экологиядаги интеграциялашуви жараёнининг ҳали тугамаганлиги экологиянинг айрим йўналишлари ноаниқлиги туфайли “экология” терминининг универсал характерга эга бўлишига сабаб бўлмоқда. Натижада “экологик таълим”, “экологик фикрлаш” ва “экологик дунёқараш” каби иборалар юзага келяпти.
В. К. Рахилин ва К.Н. Благосклоновларнинг фикрига кўра, ҳозирги пайтда экологиянинг биологик фан бўлганлиги, унинг олдида ечилиши қийин муаммо ва вазифалар қўйилаётганилиги янги фан шаклланишига олиб келиши хусусида сўз юритилмоқда1.
XIX асрнинг иккинчи ярмида экологиянинг ўсимликлар экологияси, ҳайвонотлар экологияси, инсонлар экологияси, геоэкология каби йўналишлари юзага келди. 1972-1992 йилларда БМТ томонидан экология бўйича ҳалқаро анжуманлар ўтказилиб турилди. XX асрнинг 90 – йилларига келиб экология умумий билимлар тизимидан асосий концепцияларини ишлаб чиққан мустақил фан сифатида ажралиб чиқди. Шу боис у табиий ва ижтимоий фанлар ўртасидан жой олди ва умуминсоний маданий тараққиётнинг долзарб мавзусига айланди. Ҳозирда юзлаб экофан тармоқлари ривожланмоқда, олимлар фанда ва ижтимоий ҳаётимизда “экологик портлаш” юз берганлиги ҳақида сўз юритмоқдалар.2
Ҳозирги кун экология фани бир неча фанларни ўз ичига олади. Уларнинг ҳар бири ўзига хос тузилишга эга. Экологиянинг у ёки бу йўналиши бўйича мутахассиси ўзига таниш тушунчалар орқали фанга бўлган ўз нуқтаи назарини шакллантиради.
Ҳар қандай ҳодисанинг моҳиятини чуқур англаб етиш учун уни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт шароитларни ўрганиш лозим. Тадқиқ этилаётган тиллардаги эколексиканинг ҳозирги қиёфада шаклланишига қандай омиллар таъсир қилганлигини аниқлаш ўрганилаётган бу муаммони ёритишда муҳим аҳамиятга эга. Айрим тадқиқотлар шундай муҳим омиллардан бири сифатида тарихий – генетик қатламни кўрсатишса, бошқалари буни эколексикасининг этимологияси, этимологик хусусиятлари деб таърифлашган.
Тушунча ва маъно сўзда мустаҳкамланган воқеъликни акс эттиришнинг турли даражаларини билдиради1. В.Г. Гак тушунча ва лексик маъно нисбати муаммосига уч ёндашувни қайд этади:
лексик маъно тушунчадан кенгроқ, чунки ўз ичига бир қатор бошқа компонентларни ҳам қамраб олади, масалан, баҳолаш ва хоказолар;
лексик маъно тушунчадан шу маънода торроқки, у фақат объектларнинг фарқланувчи қирраларини ўз ичига олади, тушунчалар эса уларнинг янада чуқурроқ ва аҳамиятлироқ хусусиятларини қамраб олади;
лексик маъно илмий тушунчалардан фарқланувчи энг яқин тушунчаларга боғланади2.
Do'stlaringiz bilan baham: |