Касалликка қарши кураш чоралари қуйидагилар: Касаллик аломатлари пайдо бўлганда антрактозга қарши қўлланиладиган дорилар қўлланилади ва узумзорлар яхшилаб парвариш қилинади.
Хлороз касаллиги
Бу касаллик билан оғриган токларнинг барглари сарғайиб, рангсизланади. Аксарият холларда новдалардаги барча барглар сарғаяди ва фақат баргнинг асосий томири яқинидаги қисмларгина яшиллигича қолади. Токда майда баргли бачки новдалар кўпаяди. Касалланган тупларда одатда, мевалар ҳам тугилади хамда улар майда ва сариқ рангда бўлади. Хлороз билан зарарланган новдалар яхши пишмайди ва қишқи совуқларга чидамсиз бўлади. Хлорозни келтириб чиқарувчи сабаблар турлича бўлиши мумкин. Кўпинча тупроқда охак, туз кўплиги, темир моддаси етишмовчилиги, тупроқнинг сернам ёки жуда қуруқлиги ва бошқа факторлар касаллик ривожланишига туртки бўлади. Касалликни енгиш учун аввало шуларга эътибор бериш керак бўлади.
Касалликка қарши кураш чоралари қуйидагилар: Касаллик аломатлари пайдо бўлса, тупроқ структураси яхшиланиши ва намлиги нормаллаштирилиши керак бўлади. Касалликни даволаш учун токлар тагига Темир купороси ёки Сульфат кислотанинг кучсиз эритмаси солиниши керак бўлади. Бунинг учун туп атрофида 70-80 см радиусда чуқурлиги 30-40 см бўлган ариқча қазилади ва унга хар бир тупга 200-400 грамм хисобидан купорос кукуни кўмилади. Сульфат кислота эритмасини қўллаш учун тупдан маълум бир масофада чуқурча қазилади ва чуқурчаларнинг хар бирига 4-5 литр хисобида 1:20 нисбатдаги кислота ва сув аралашмаси қуйилади ва сўнгра чуқурчалар тупроқ билан ёпилади.
Чирмовуқ (Кускута)
Бу илдизсиз ва баргсиз, токка чирмашиб ўсувчи ўсимлик бўлиб, ток новдаларига сўрғичлари билан чирмашиб олади. Унинг бир неча тури бўлиб, токка мослашиб ўсадигани чирмовуқдир. Чирмовуқ токни кучсизлантириб қўяди, ундан зарарланган токлар суст ўсади, қишга чидамлилиги ва
хосилдорлиги кескин камаяди. Агар ўз вақтида тегишли чоралар кўрилмаса, чирмовуқ босган токлар қуриб қолади. Қишни чирмовуқ уруғ шаклида дарахтларда, буталарда, ўтларда ва тупроқда ўтказади. Баҳорда уруғлардан калта, йўғон ўсимта ўсиб чикиб, сўрғичлари билан токка чирмашиб, унга ўралади ва тупдан-тупга ўтиб ўсаверади. Чирмовуқ июл-август ойларида майда ва пушти-бинафша рангда гуллайди. Гуллагандан 2-3 хафта ўтгач, унинг чаноқларида уруғлар етила бошлайди. Уруғлар 5-6 йилгача ўз унувчанлигини сақлайди. Чирмовуқлар узилган поясидан ҳам кўпайиши мумкин. Уруғлари ва узилган поялари шамол, хайвон, қушлар, экиладиган кўчатлар, тупроқ ва сув орқали тарқалиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |