Картеллар: Ўзбекистон бозорларидаги рақобат иллюзияси ёхуд яширин монополиялар ҳақида
Нима учун бозорда бир нечта рақобатчи тадбиркорлар бўлишига қарамай, нархлар ҳамон ўсишда давом этмоқда? Бу фақат табиий иқтисодий омиллар билан боғлиқми ёки бунинг сунъий сабаблари ҳам борми? Тошкент давлат юридик университети «Бизнес ҳуқуқи» кафедраси мудири Хусаин Раджапов муаммога аниқлик киритади.
Lotinchada16 май 2021, 10:12 Колумнистлар Иқтисодиёт
Байрамлар арафасида, муборак Рамазон ойида, шунингдек, пандемия шароитида мамлакатимизда товарлар нархининг кўтарилиши одатий ҳолга айланди. Мутахассислар нархларнинг кўтарилишини турли хил иқтисодий омиллар, масалан, талабнинг ошиши, инфляция, ишлаб чиқариш ва импортнинг қисқариши ва бошқалар билан изоҳлашмоқда, аммо нархлар кўтарилишининг сабаби ҳар доим ҳам табиий иқтисодий омилларга боғлиқ эмас.
Маълумки, бозордаги рақобатчилар сони қанча кўп бўлса, нарх бўйича рақобат шунчалик шиддатли бўлади. Шунинг учун истеъмолчи учун рақобатнинг ижобий натижаси — бу арзонроқ нархлардир. Амалиётда, бозорда бир нечта рақобатчиларнинг мавжудлиги доим ҳам арзонроқ нархларни англатмайди.
Рақобатлашишдан кўра келишиш осонроқ
Истисно бўлган озчиликни ташқари, аксарият тадбиркорлар учун рақобат — бу ноқулай жараёндир. Рақобат муҳитида ўзининг бозордаги мавқеини сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш учун тадбиркор доимий равишда ўз устида ишлашга — товар таннархини пасайтириш йўлларини излаш, ноу-хау ва маркетингни жорий этиш ва реклама қилишга мажбур бўлади. Қўпол қилиб айтганда, тадбиркор учун рақобат — бу ортиқча харажатлар, йўқотилган фойда, бош оғриғи ва машаққатли меҳнат. Шунинг учун амалиётда аксарият тадбиркорлар рақобатдан кўра ҳамкорлик (келишиб ишлаш)ни афзал кўришади.
Ҳар қандай тадбиркорнинг асосий мақсади даромадни кўпайтиришдир ва бунинг учун эса у иложи борича товарини қимматроқ нархда сотиши керак. Аммо тадбиркор учун маҳсулот нархини бир томонлама кўтариш хавфли, чунки истеъмолчи маҳсулотни арзонроқ нархда таклиф этаётган рақобатчилари томонига ўтиб кетиши ва натижада тадбиркор ўз мижозларини йўқотиши мумкин.
Аммо бунинг ҳам йўли бор — нархни кўтариш масаласида рақобатчилар билан келишиш мумкин, чунки нархларнинг кўтарилиши ҳамма учун бирдек манфаатлидир. Бундан ташқари, рақобатчилар бир вақтнинг ўзида нархни ошириши натижасида мижозларни йўқотиш хавфи минимал даражада бўлади, чунки рақобатчилар ўртасидаги олдинги нарх фарқи сақланиб қолинади. Шу билан бирга, нарх ошишидан улар оладиган фойда энди анча юқори бўлади. Демак, тадбиркорлар ўзаро келишиб ишлаганда, уларнинг даромадлари рақобат муҳитига қараганда юқори ва барқарорроқ бўлади.
Адабиётда рақобатдан бош тортиб, рақобатчилар томонидан нархларни ўзаро келишган ҳолда белгилаш, ошириш ва мувофиқлаштириш бўйича келишувлар картель келишуви (тил бириктириш) деб номланади. Рақобатчиларнинг нархларни белгилашдаги бундай ҳамкорлиги уларга «яширин» монополия каби ҳаракатланиш имконини беради, чунки монополия исталган вақтда нархларни кўтариши ҳамда сунъий танқисликни келтириб чиқариш мақсадида ишлаб чиқариш ҳажмини қисқартиришга қодир. Ташқаридан қараганда, истеъмолчи учун бозорда бир нечта рақобатчи тадбиркорлар фаолият кўрсатаётгандек ва улар ўртасида рақобат мавжуд бўлиб кўринади, аммо аслида бу шунчаки рақобат иллюзияси бўлиши мумкин.
Картеллар рақобат соҳасидаги хавфли ҳуқуқбузарлик ҳисобланади, ҳатто монополиядан ҳам ёмонроқи, чунки монополист очиқ ҳаракат қилади, картеллар эса яширинча.
Картеллар — бу бозор иқтисодиётининг ишлаш принципларини бузувчи, бозордаги мунофиқлик (иккиюзламачилик), истеъмолчиларга қарши жиноятдир. Бундан ташқари, картеллар давлат томонидан монополияларни камайтириш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар фойдаларидан истеъмолчиларни маҳрум қилиши ҳам мумкин.
Мисол учун, яқинда мамлакатимизда ўсимлик ёғи нархини пасайтириш мақсадида ўсимлик ёғи импортида ҚҚСнинг нол қийматга тенглаштирилиши ўсимлик ва пахта ёғи нархини пасайтирмаганлигининг сабабларидан бири, картел келишуви, яъни ишлаб чиқаручилар томонидан сунъий равишда нархларни оширгани туфайли бўлгани аниқланди.
Шунингдек, автомобиль саноати соҳасида ҳам ишлаб чиқарувчилар нарх бўйича картел келишувларини содир этиш хавфи мавжудлиги учун, Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқарувчилар сонининг кўпайиши автомобиль нархларининг пасайишига олиб келади деб тўлиқ ишонч билан айтолмаймиз.
Бундан ташқари, яқинда авиаташув ҳизмати бозорига хусусий авиакомпаниянинг кириб келиши натижасида ушбу соҳанинг монополиядан чиқарилиши истеъмолчилар учун кутилаётган нархларнинг пасайишига олиб келмаслиги мумкин, чунки миллий ва хусусий компаниялар ўртасида рақобатчи четга суриб, нархларни келишган ҳолда белгилаш эҳтимоли йўқ эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |