Нима учун Ўзбекистонда картеллар фош этилмаяпти, муаммо нимада?
Бунинг бир нечта сабаблари бор:
Монополияга қарши органинг келишувни аниқлаш ва исботлаш учун қўшимча ваколатларга эга эмаслиги. Халқаро амалиётда бевосита ва билвосита далилларни аниқлаш учун монополияга қарши органларга қўшимча равишда суриштирув ваколатлари (IT-криминалистика, кутилмаган текширувлар, норасмий кузатув, сўроқ ва ҳоказо) берилган бўлиб, бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишади. Бироқ, Ўзбекистоннинг монополияга қарши органлари бу каби ваколатларга ҳали эга эмас.
Картель келишувлари учун белгиланган маъмурий жарима миқдори жуда паст: максимал жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 10 бараварини, яъни 2 миллион 450 минг сўмни ташкил этади. Тасаввур қилинг, картель келишувлари ёрдамида инсофсиз тадбиркорлар ноқонуний равишда миллионлаб ва миллиардлаб даромад олишади, фош этилган тақдирда эса жариманинг максимал миқдори бор йўғи 2 миллион 450 минг сўм. Бундан ташқари, бизда картель келишувлари учун юридик шахсларнинг жавобгарлиги йўқ, жарималар фақат уларнинг мансабдор шахсларига қўлланилади. Кўпгина мамлакатларда картель келишувлари учун юридик шахсни ўзи ҳам жавобгарликка тортилади ва жарима миқдори компаниянинг картель даври учун йиллик пул айланмаси (ёки фойдаси)нинг 5−10 фоизини ташкил қилади. Шунинг учун жарималар юз миллионлаб долларни ташкил этган кейслар жуда кўп. Баъзи мамлакатларда эса, масалан, АҚШ, Германия, Японияда ҳатто жиноий жавобгарлик (озодликдан маҳрум қилишгача) ҳам кўзда тутилган.
Шуни таъкидлаш лозимки, халқаро амалиётда картелларни ошкор қилишнинг энг самарали механизми — бу жавобгарликдан озод қилиш (жазони юмшатиш) дастури (leniency program) ҳисобланади.
Мазкур дастурнинг ишлаш механизми жуда оддий: масалан, монополияга қарши орган нархларнинг шубҳали синхрон ўсишини текширишни бошлайди, кейин картель иштирокчиларидан бири, фош этилишдан қўрқиб монополияга қарши органга ихтиёрий равишда мурожаат қилиб, айбини тан олади ва керакли далилларни тақдим этади.
Айбини тан олгани ва картелни ошкор қилишда ҳамкорлик қилгани учун ушбу картель аъзоси жазодан озод қилинади, қолган иштирокчилар эса тўлиқ жавобгарликка тортилади.
Мазкур дастурни Ўзбекистонда амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари 2012 йилда «Рақобат тўғрисида"ги қонунда белгиланган эди (27-модданинг 3-қисми), бироқ амалда қўлланишининг ҳали гувоҳи бўлганимизча йўқ. Монополияга қарши органнинг веб-сайтида ҳатто «Картель ҳақида хабар беринг» номли махсус бўлим мавжуд, аммо ҳозиргача картель аъзоларидан бирортаси, ўзаро нархни оширганлиги ҳақида хабар бермаган. Ушбу дастурнинг бизда ишламаётганлигининг сабаби — картель иштирокчиларининг монополияга қарши органга мурожаат қилишлари учун рағбатнинг (стимул) етишмаслигидадир.
Сабаби, картель иштирокчилари антимонополия органи келишув мавжудлигини исбот қилишга кучи етмаслигига ишонади ва ҳатто, фош этилган таыдирда ҳам жарима миқдори арзимаган миқдорни ташкил этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |