Картелларга қарши қонунчилик ва уларни амалга ошириш
Картель келишувлари кўплаб мамлакатларда қонун билан тақиқланган, баъзи мамлакатларда бунинг учун жиноий жавобгарлик ҳам мавжуд. Ўзбекистон «Рақобат тўғрисида"ги қонуни (11-модда) хўжалик юритувчи субъектларнинг рақобатни чеклайдиган келишилган ҳаракатлари ва битимларини тақиқлайди ва бизда картель келишувларини тузганлик учун фақат маъмурий жавобгарлик белгиланган (МЖтКнинг 178-моддаси).
Амалий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, картеллар мавжуд бўлган бозорларда нархлар картель бўлмаган бозорларга қараганда 10−15 фоизга юқорироқ бўлади. Картеллар кўпроқ олигополистик бозорларда (2 дан 5 гача рақобатчилар бўлган бозорларда) учрайди, чунки тадбиркорлар сонининг камлиги картеллар тузишни ва уларни ушлаб туришни осонлаштиради.
Картель келитшувлари давлат харидлари бўйича тендерларда ҳам кенг тарқалган бўлиб, унда иштирокчилар нархларни ошириш бўйича келишишлари ёки ғолиблар навбатини белгилашлари мумкин, бу эса давлат бюджетига «салмоқли» зарар етказади. Тадқиқотларга кўра, тендерлардаги картеллар натижасида тендер савдолари давлатга 20−30 фоизга қимматга тушади.
Картель келишувларини фош этиш жуда мураккаб бўлиб, уни исботлаш ундан ҳам қийин, чунки картеллар яширинча, аксар ҳолларда оғзаки шаклда (телефон, ёзишмалар орқали, йиғилишларда ва тадбирларда) тузилади. Картеллар одатда ёзма битим шаклида тузилмайди, чунки улар картель фош этилса, бу уларга қарши кучли далил бўлиб ҳизмат қилиши мумкин. Шунинг учун амалиётда картель келишувларини исботлаш жуда қийин.
Рақобат бўйича қонунчилик монополияга қарши органидан рақобатчилар ўртасида тузилган келишув фактини тасдиқловчи бевосита далилларни тақдим этишни талаб қилади. Картелларнинг оғзаки ва махфий тузилишини ҳисобга олган олинса, рақобатчилар ўртасидаги келишув мавжудлигини исботлаш ва бевосита далилларни топиш жуда қийин, баъзида ҳатто имконсиз ҳисобланади.
Ўзбекистон бозорларида картеллар мавжудми?
Мамлакат бозорларидаги картеллар сони тўғрисида маълумот йўқ, аммо ҳеч ким бизда картеллар йўқлигини истисно эта олмайди. Монополияга қарши қўмитанинг статистик маълумотларига кўра, сўнгги йилларда картель келишувлари деярли фош этилмаган. Таққослаш учун кўшни давлатларда: Россияда 2019 йилда картеллар бўйича 424 та иш қўзғатилган, улардан 372 таси тендер савдоларига тегишли, Қозоғистонда 2018 йилда — 56 та картель келишувлари бўйича иш қўзғатилган.
Картел келишувлари ҳатто бозор иқтисодиётида анча олдинлаган ривожланган мамлакатлар учун ҳам бош оғриғи ҳисобланади, чунки бугунги кунда картелларнинг янги тури — рақамли қартеллар (digital cartels) пайдо бўлишни бошлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |