Чаққонлик ёки эпчиллик сифати. Ушбу жисмоний сифатнинг жисмоний тарбия ва спорт назарияси ҳамда амалиётига кириб келиши мутахассисларнинг турлича хулосалари билан таърифланади. Гап шундаки, чаққонлик бошқа жисмоний сифатларга ўхшаш ёки улардан тубдан фарқ қилувчи алоҳида таркибий хусусиятларга эга эмас. Бу сифат ўз таркибига кучни ҳам, тезкорликни ҳам, эгилувчанликни ҳам киритади. Русчада чаққонлик – “ловкость” “ловить”, яъни “ушлаб ол” сўзидан ҳосил бўлган. Ўзбек тилида эса чаққонлик – “қоннинг чақнаб кетиши” ёки эпчиллик – эплаб кетиш” маъноларини англатади. Анча йиллардан бери мутахассис-олимларнинг баҳслашувлари, илмий изланишлари ва хулосалари натижасида ушбу сифатнинг бугунги кунда “координацион қобилият” деб юритилиши одат тусига кирган [99; 351-389-б.];.Чаққонлик ёки координацион қобилият қандай изоҳланади? Чаққонлик – ўта кескин йўналишларда ва фавқулоддаги вазиятларда муайян ҳаракатни тез, кучли, сифатли ва аниқ ижро этишни англатади. Чаққонлик даражасини вақт, муайян ҳаракатни кўп марталаб аниқ ижро этиш сони ва ҳаракат сифати асосида баҳолаш қабул қилинган. Ҳаракат вақти м.сек, сек.дақ. билан, ҳаракат аниқлиги муайян нишонга бирор предметни (тўп, шайба, шарик ва ҳ.к.) кўп марта аниқ тушириш сони билан аниқланса, ҳаракат сифати эксперт усули ёрдамида ўлчанади. Ҳаракат сифати одатда 10 баллик рейтинг-тизим асосида баҳоланди. Масалан, 3 нафар тренер-экспертлардан бири бажарилган ҳаракат сифатига 6,3 балл, иккинчиси – 6,5 балл, учинчиси эса 6,2 балл деб баҳо берди. Бу кўрсатилган баллар қўшилади: 6,3+6,5+6,2=19,0 балл ва йиғинди тренер-экспертлар сонига бўлинади: 19,0:3=6,3 балл. Демак, бажарилган ҳаракат сифати 6,3баллга лойиқ экан.
Чидамкорлик – бу узоқ муддат давомида иш сафатини туширмасдан, толиқишга қаршилик кўрсатиш асосида техник-тактик ҳаракатларни юксак маҳорат билан ижро этиш имкониятини билдиради. Спорт маҳорати фақатгина спорт мусобақаларида ижро этиладиган техник-тактик ҳаракатларни сифатли ва самарали амалга оширишни ифодаламайди. Спорт маҳоратининг шаклланиши ва юксак даражада намойиш этилиши устувор жиҳатдан жисмоний тайёргарлик суръатига боғлиқдир. Чунки жисмоний тайёргарлик, айниқса махсус ўйин чидамкорлиги, масалан баскетболда анаэроб йўналишда ижро этиладиган техник-тактик ҳаракатлар самарадорлигини оширади, шу ҳаракатлар ижросини таъминловчи функционал органлар (юрак-томир, нафас олиш, нерв-мушак тизимлари ва ҳ.к.) фаолиятини шакллантиради.
М.А.Годик [30; 272-б.] фикрига қараганда, “чидамкорлик” кўп компонентли ва нисбатан бир-бири билан боғлиқ бўлмаган жисмоний сифатларни бириктирган интеграл тушунча бўлиб, инсоннинг юкламалар таъсирига қаршилик кўрсата олиш қобилиятини англатади. Муаллиф чидамкорлик сифатини бир неча турларга ажратади:
- умумий ёки аэроб чидамкорлик;
- тезкор ёки анаэроб чидамкорлик;
- куч ёки анаэроб чидамкорлик;
- психик ёки эмоционал чидамкорлик;
- сенсор (МНС) чидамкорлик;
- координацион ёки эмоционал чидамкорлик (ТТҲларни ижро этиш).
Ушбу чидамлилик турларини ривожлантириш спортчининг иродасига боғлиқдир. Ирода эса ўз навбатида чидамлиликни шакллантирувчи машқлар асосида сайқал топади. Барча спорт турларида қайд этилган чидамлилик турлари ўз аксини топади. Лекин шу спорт турларининг ўзига хос хусусиятларига қараб уларнинг улуши ва устуворлиги турлича бўлади. Масалан, кураш турларида аэроб-анаэроб ва махсус чидамлилик устувор аҳамиятга эгадир. Лекин кескин рақобатли ва узоқ муддатли мусобақа циклларида аэроб-анаэроб ҳамда махсус чидамлилик психик, сенсор чидамкорлик бошқарувида бўлади [46; 480-б.]; [13; 223-б.].
Чидамлиликнинг қайси тури бўлишидан қатъи назар, бу сифатнинг ўлчов бирлиги танланган спорт тури хусусиятларига (талабларига) мос ҳажм, шиддат ва йўналишда бажариладиган ҳаракатларга сарфланган вақт бўлиб ҳисобланади.
Чидамлиликнинг физиологик хусусияти шундан иборатки, инсон организмида универсал энергия манбаи бўлмиш аденозинтрифосфат (АТФ) кимёвий модда бўлиб, у аденозинтрифосфат(АДФ)гача парчаланиб, мушакларни энергия билан таъминлайди: АТФ+АДФ+энергия. АТФни доимо қайта тикланиши (ретсинтез) мушакларни тинимсиз ишлашига шароит яратади.
АТФнинг ресинтези 3 хил йўналишда кечади: фосфатли, лактатли ва кислородли.
Фосфатли йўналиш АТФнинг АДФ асосида тезкор тикланиши билан фарқланади. Лекин бу жараён жуда қисқа муддат давомида самарали бўлади, холос. Максимал юклама давомида фосфатли йўналиш 10 сек. ичида барбод бўлади. Дастлаб 2 сек. давомида АТФ сарфланади, кейин 6-8 сек. давомида КРФ (креотинфосфат): КРФ+АДФ – АТФ+креотин. Бундай кетма-кетлик парчаланиши ҳар қандай шиддатли жисмоний иш давомида кузатилади.
Фосфатли йўналиш асосида энергия ажралиши кескин ўзгарувчан, тезкор “портловчи” ва қисқа муддатларга ижро этиладиган ҳаракатлардан иборат спорт турларида (кураш турлари, бокс, спорт ўйинлари ва ҳ.к.) муҳим аҳамият касб этади.
Кислородли йўналиш ёки аэроб йўналиш чидамкорлик билан боғлиқ спорт турларида муҳим роль ўйнайди.
Иш бажаришда О2 нинг миқдори кам бўлса, энергия биринчи навбатда углеводнинг парчаланиши эвазига ҳосил бўлади. Углеводнинг имконияти чегараланиши билан энергия ажратишга ёғ моддалари “киришади”.Ёғ моддаларининг энергия ажратиши қуйидаги тартибда кечади.
Углеводларнинг парчаланиши (гликолиз) мураккаброқ тартибда, яъни икки фазада юз беради:
1-фаза: глюкоза + О2 + АДФ –СО2 + АТФ + сув;
2-фаза: сут кислотаси + О2 + АДФ – СО2 + АТФ + сув.
Лактат йўналишли чидамкорлик. Юкламанинг шиддати орта борган сари шундай вақт келадики, мушак фаолияти О2 нинг етишмаслиги туфайли фақат аэроб имкониятлар ҳисобига давом эта олмайди. Шу вақтдан бошлаб АТФнинг лактат механизми асосида қайта тикланишда ажраладиган сут кислотаси “ишга” тушади. Лекин сут кислотаси миқдорининг ошиши мушакларда толиқиш асоратларини юзага келтиради. Фақат тезкор тикланишнинг ушбу функционал фаолиятини дастлабки ҳолатга келтиради.
Энергия ажратишнинг анаэроб алактат манбаалари 15-20 сек. шиддатли машқларда иш қобилияти имкониятини яратади.
Энергия ажратишнинг анаэроб гликолитик манбалари 20 сек.дан 5-6 дақ.гача даврда бажариладиган ишни таъминлайди.
Аэроб чидамкорликни ривожлантиришда такрорий ва такрорий-ўзгарувчан услублардан фойдаланиш лозим. Ушбу услубларни қўллашда қуйидаги ҳолатларни эътиборга олиш тавсия этилади:
Иш шиддатининг максимал кўрсаткичи тахминан 75-85% даражада бўлиши керак. Паст шиддатли юкламалар аэроб имкониятнинг сезиларли ортишига олиб келмайди.
Дам олиш оралиқлари шундай бўлиши керакки, кейинги бажариладиган иш олдинги ишдан кейин рўй берган қулай ўзгаришлар ҳолатида содир бўлсин. Дам олиш оралиғи 3-4 дақ.дан ошмаслиги керак.
Дам олиш оралиқларинисуст суръатда бажариладиган ишлар (секин югуриш, юриш ва бошқалар) билан тўлдириш даркор. Бунинг бир қатор афзалликлари бор: дам олишдан иш ҳолатига ва аксинча, иш ҳолатидан дам олиш ҳолатига ўтиши осонлашади, тикланиш жараёни бирмунча тезлашади ва ҳ.к.
Такрорлар сони шуғулланувчиларнинг барқарор ҳолатда бўлиши, яъни кислород истеъмол қилиш етарлича юксак даражада бўлган шароитда ишлаш имкониятлари билан аниқланади. Чарчоқ пайдо бўлишини тўхтатиш учун сигнал бўлиб хизмат қилади.
Қайд этилган маълумотлардан шундай тўхтамга келиш мумкин: барча кураш турларида умумий (аэроб) чидамкорлик ҳам, махсус (анаэроб) чидамкорлик ҳам ўта муҳим аҳамият касб этади. Узоқ ва шиддатли кечадиган машғулотларда, айниқса давомли мусобақа циклларида, техник-тактик усулларни юксак самарадорлик билан ижро этиш айнан умумий ва махсус чидамкорлик салоҳиятига боғлиқдир.
Белбоғли кураш амалиётида статик ва динамик кучланиш чидамкорлигининг курашчининг ўз мувозанатини сақлаш ва рақиб мувозанатини издан чиқариш қобилияти билан биргаликда намойиш этилиши ҳужум ва қарши ҳужум ҳаракатларини самарали ижро этишга замин бўлади.
Маълумки, спорт кураши турларида эгилувчанлик сифатининг юксак шаклланганлиги бошқа барча жисмоний сифатларнинг юксак даражада намойиш этилишини таъминлайди.
Эгилувчанлик – бу мушаклар фаоллиги ва бўғимларнинг букилиш-ёзилиш амплитудасини (кенглигини) англатувчи жисмоний сифатдир. Айрим ҳолатларда шундай фикрлар ҳам билдириладики, гўё эгилувчанлик сифати асосан гимнастика, акробатика, муз устида учиш, трамполин каби спорт турларида устувор аҳамият касб этади. Аммо яна бир гуруҳ мутахассис-олимларнинг таъкидлашича, эгилувчанлик ҳар бир спорт турида ўзига хос хусусиятга эга экан. Ҳатто айрим муаллифлар эгилувчанликка доир машқлар мушаклар эластиклиги (майинлиги, чўзилувчанлиги)ни оширувчи восита эканлиги сабабли ушбу сифатни етакчи сифат деб баҳолайдилар. Эгилувчанлик кучнинг ҳам, тезкорликнинг ҳам жадал ривожланишига ижобий таъсир этади деб ҳисоблайдилар [31; 103-б.].
Юқорида жисмоний сифатларга берилган изоҳлардан кўриниб турибдики, замонавий кураш турларида спортчининг техник-тактик фаолияти самарали кечиши учун қайд этилган барча жисмоний сифатларнинг пропорционал шаклланган бўлиши ўта муҳим экан. Айниқса, бу борада тезкорлик-куч, чаққонлик ва анаэроб чидамкорлик алоҳида аҳамият касб этиши шубҳа уйғотмайди. Шундай экан, белбоғли курашчиларни тайёрлашда эрта ёшликдан бошлаб уларда ўзига хос махсус жисмоний сифатларни ихтисослаштирилган машқлар ёрдамида шакллантириш мақсадга мувофиқ деб қабул қилиш лозимдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |