I БОБ. СПОРТ КУРАШИ ТУРЛАРИДА ЖИСМОНИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ ВА ЎРНИ
1.1. Умумий ва махсус жисмоний тайёргарликнинг ўзаро боғлиқлиги
Умумий жисмоний тайёргарлик ўз мақсади ва вазифаларига мувофиқ куч, тезкорлик, чаққонлик, чидамкорлик ва эгилувчанлик каби ҳаракат сифатларини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, соғлиқни мустаҳкамлаш ва ҳар бир спорт турига хос махсус жисмоний ҳамда техник-тактик тайёргарликни жадаллаштиришга мўлжалланган фундаментал жараёндир [99; 351-389-б.]; Ҳар бир спорт турида, шу жумладан, кураш турларида “Умумий жисмоний сифатларни пропорционал тартибда ёки шу спорт турларининг ўзига хос хусусиятларига мос сифатларга устуворлик бериш асосида ривожлантириш зарурми” деган саволга юқорида қайд этилган мутахассис-олимлар томонидан аниқ фикр билдирилмаган. Улар ва аксарият спорт турлари бўйича фаолият олиб бораётган тадқиқотчи-мутахассислар умумий жисмоний сифатлар махсус жисмоний ва техник-тактик тайёргарликни шакллантириш самарадорлигини таъминловчи пойдевор омил ўрнида хизмат қилиши сабабли пропорционал тартибда ривожлантирилиши даркор, деган фикрни илгари сурадилар. Лекин шундай мутахассислар ҳам борки, улар ҳар бир спорт турида умумий жисмоний сифатларни ривожлантиришда барибир шу спорт турларининг ўзига хос хусусиятларини эътиборга олиш зарурлигини таъкидлашади [25; 331-б. Ушбу ҳолатда шундай тўхтамга келиш мумкинки, бу борада ҳали аниқ фикрни асословчи чуқур тадқиқотлар ўтказилиши лозимдир. Аммо, шунга қарамасдан эҳтимол қилиш ўринлики, муайян спорт турида нафақат умумий жисмоний сифатларни ривожлантиришда шу спорт турининг ўзига хос хусусиятлари эътиборга олиниши даркор, балки ҳатто ҳар бир жисмоний сифатнинг турлари ҳам (абсолют, нисбий, статик ва динамик куч турлари, тезкорлик, чидамкорлик турлари) назарда тутилиши муҳимдир. Масалан, кураш турларига мансуб бўлган юнон-рум, эркин кураш, белбоғли кураш, дзюдо, самбода қўлланиладиган техник-тактик ҳаракатлар координацияси бир-биридан кескин фарқланади. Шунга яраша уларнинг бирида бир ёки икки жисмоний сифат устувор аҳамиятга эга бўлса, иккинчисида бошқа жисмоний сифат ҳал қилувчи қийматга эга бўлади. Шунинг учун ҳам эҳтимол қилиш мумкинки, кураш турларига танлашда ана шу устувор жисмоний сифатларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бундай жисмоний сифатлар В.М.Волковнинг [24; 294-б.] фикрига қараганда, наслий омилларга асосланган ички ҳаракат қобилияти билан белгиланиши мумкин экан. Айнан ички ҳаракат қобилияти функционал органлар фаолияти, у ёки бу жисмоний сифатлар, ҳаракат координацияси каби кўрсаткичларнинг жадал шаклланишига таъсир этиши эҳтимол қилинади.
А.У.Гофуров [29; 21-25-б.] шундай фикр-мулоҳазани илгари сурадики, гўё курашчиларнинг техник-тактик тайёргарлиги координацион мазмун жиҳатидан уларнинг морфофункционал, жисмоний ва психологик кўрсаткичларига мос бўлиши лозим экан. Лекин аслида аксинча бўлиши, яъни курашчиларнинг техник-тактик ҳаракатлари координацияси уларнинг морфофункционал (қадди-қомати ва функционал тайёргарлиги), жисмоний ва руҳий кўрсаткичлари асосида ўзига хос йўналишларда шакллантирилиши мақсадга мувофиқдир. Айнан жисмоний ва функционал тайёргарлик даражаси техник-тактик усуллар самарадорлигини таъминлайди.
Жисмоний сифатлар бир-бирига узвий боғлиқ бўлиб, уларнинг ҳар бирини мувофиқ машқлар ёрдамида ривожлантириш натижасида бири иккинчисига кўчади. Масалан, куч турларини (абсолют ёки нисбий куч, статик ёки динамик куч ва ҳ.к.) ривожлантириш оқибатида тезкорлик сифати ҳам ривожланади ва аксинча. Умумий жисмоний сифатларни пропорционал нисбатда ривожлантириш махсус жисмоний сифатларнинг самарали шаклланишига асос бўлади. Кураш турларига хос устувор жисмоний сифатлар деганда бошқа сифатларни иккинчи даражали деб бўлмайди. Ҳар бир спорт турида ҳар бир жисмоний сифатнинг ўз улуши мавжуддир. Йиллик тайёргарлик циклининг у ёки бу босқичларида курашчига ўта зарур бўлган ва устувор аҳамиятга эга анаэроб (махсус) чидамкорликнинг самарадорлиги умумий (аэроб) чидамкорлик даражасига асосланади. Лекин муайян кураш тури билан шуғулланувчи курашчида барча умумий ва ўзига хос устувор махсус жисмоний сифатлар юксак шаклланган бўлса-ю, техник-тактик тайёргарлик заиф бўлса, юқори спорт натижасига эришиш имконияти ўта чегараланади. Шундай экан, барча жисмоний сифатларнинг ўзаро боғлиқлиги, уларнинг мантиқий моҳияти ва терминологик маъносини билиш жисмоний тайёргарлик жараёнини мақсадли ташкил қилиш имкониятини яратади. Маълумки, “жисмоний сифатлар” ва “ҳаракат сифатлари” атама сифатида деярли барча мутахассис-олимлар фикрига кўра бир хил маънони англатади. Аммо “жисмоний сифатлар” ва “жисмоний қобилиятлар” тушунчалари бир-биридан мантиқан фарқланади [61;316-б.]. Ушбу олимнинг таъкидлашича, “жисмоний қобилият” инсоннинг ҳаётда, турли ҳаракатлар фаолиятида намойиш этаоладиган имкониятини ифодалайди. Жисмоний имкониятнинг намойиш этилиши унинг ички ресурсини таъминлайдиган функционал органлар (нерв-мушак, нафас олиш, юрак-томир тизимлари ва ҳ.к.)нинг шаклланганлик даражаси билан белгиланар экан.
А.А.Курамшин [56; 464-б.] фикрига биноан, “жисмоний қобилият” деганда инсоннинг маълум мушак фаолияти турини самарали бажариш учун талабқилинадиган морфологик ва психофизиологик хислатлари тушунилар экан. Шу билан бир қаторда мутахассис-тадқиқотчилар, тренер-ўқитувчиларнинг кундалик муносабатларида, ҳатто аксарият илмий-услубий ва ўқув адабиётларида инсоннинг турли ҳаракат имкониятларини ифодалашда “жисмоний қобилиятлар” атамасини кўпроқ қўллаш одат тусига кирган. Жисмоний сифат ёки ҳаракат қобилиятини таъминловчи омил (потенциал, ресурс) бўлиб инсоннинг анатомик (морфологик), физиологик ва психологик имкониятлари хизмат қилади. Жисмоний ёки ҳаракат қобилиятлари бешта асосий жисмоний сифатни ўз ичига киритади (куч, тезкорлик, чаққонлик ёки координацион қобилият, чидамкорлик, эгилувчанлик). Бундай қобилиятларнинг шаклланишида туғма ёки наслий (генетик) ва ҳаёт давомида орттирилган имкониятлар устувор аҳамият касб этади [99; 351-389-б.];. Мазкур олимлар барча жисмоний сифатларни қисман у ёки бу фарқ билан ифодаласалар-да, лекин моҳиятан уларнинг ички ва ташқи компонентларини аниқ очиб берилган. Жумладан, куч ёки куч қобилиятлари ташқи қаршиликларни (ҳаво, сув, оғирлик ва ҳ.к.) мушаклар фаолияти ёрдамида енгиш имкониятини англатади. Куч сифатини ривожлантирувчи машқларни бажаришда мушаклар фаолияти тўрт хил шароитда “иш” кўрсатиши белгиланган:
мушак толаларининг узунлигининг қисқариши ёки енгувчи куч. Мушак толаларининг бундай тартибда фаолият кўрсатиши миометрик шароит деб аталади;
мушак толаларининг чўзилиши – енгилувчи куч,бу уларнинг плиометрик шароитда фаолият кўрсатишини билдиради;
мушак толалари узунлигининг ўзгармаслиги ёки ҳолатни сақловчи куч. Бунда мушаклар изометрик тартибда фаолят кўрсатади;
мушак толаларининг гоҳ чўзилиши (ёзилиши), гоҳ қисқариши ёки мушакларнинг аралаш фаолияти. Мушакларнинг бундай фаолияти ауксотоник тартибда ишлаш қобилияти деб ифодаланади.
Белбоғли кураш амалиётида мушакларнинг аксарият биринчи, учинчи ва тўртинчи тоифали мушаклар фаолияти ўта муҳим аҳамият касб этади. Бу ҳақида ушбу бобнинг иккинчи бандида батафсилроқ сўз юритилади.
Мушак фаолиятининг мазкур тартибларда (шароитларда) ишлаш қобилиятига мувофиқ инсоннинг куч қобилиятлари икки турга бўлинади:
хусусий куч қобилияти – статик тартибда (ҳолатда) ишлаш ва секин ҳаракатлар билан фарқланади;
тезкор-куч қобилиятлари енгувчи ва енгилувчи ёки тезкор ўзгариш, гоҳ енгиш, гоҳ енгилиш тартибида намойиш этилади.
Куч қобилиятлари ўзининг ички ва ташқи мазмун ҳамда шакли жиҳатлари билан абсолют, нисбий, динамик, статик ва портловчи куч турларига ажратилади. Абсолют куч – спортчининг вазнидан қатъи назар намойиш этиладиган максимал кучланиш даражасини англатади. Нисбий куч, аксинча, спортчи вазнига нисбатан намойиш этиладиган кучланишни ифодалайди. Динамик куч турли ва ўзгарувчан йўналишларда ижро этиладиган кучланишни англатади. Статик куч юқорида таъкидланганидек уч кўринишда намоён бўлади (енгувчи, енгилувчи ва ҳолатни сақлаб турувчи). Портловчи куч ўта кескин ва қисқа муддатда намойиш этиладиган максимал кучланиш потенциали билан фарқланади.
Белбоғли кураш жараёнида ҳужум ҳаракатларининг самарали ижро этилишида энг аввало қўлларни букувчи (рақиб белбоғини ушлаб, ўзига тортувчи) мушаклар кучи, сўнг рақибни кўтариб статик ҳолатни сақловчи, шундан кейингина портловчи – динамиккуч устувор аҳамият касб этади. Бундай куч турлари курашнинг бошқа турларида ҳам устувор роль ўйнайди [46; 480-б.];
Куч ва кучланиш турлари тезкорлик сифатлари ёки тезкорлик қобилияти билан узвий боғлиқ эканлиги деярли барча илмий-услубий ва ўқув адабиётларида мутахассислар томонидан очиб берилган.
Тезкорлик деб муайян фоалиятнинг қисқа муддат ичида ижро этилишига айтилади. Тезкорлик сифати ўзининг таркибий қиймати бўйича учта компонент – ҳаракат туридан иборат бўлади:
Оддий ҳаракат реакцияси. Биргина сигналга (товуш, ранг, ёруғлик, команда ва ҳ.к.) ҳаракат жавобини қайтариш.
Мураккаб ҳаракат реакцияси. Бир неча сигналлардан фақат биттасини танлаб (фарқлаб) ёки топшириқ бўйича ҳаракат жавобини қайтариш.
Ҳаракатни максимал такрорланиш сони (частотаси). Бундай ҳаракат, масалан, югуриш, сузиш, эшкак эшиш ва бошқа шунга ўхшаш циклик спорт турларига хосдир.
Тезкорлик сифатининг ана шу таркибий компонентлар, мутахассис-олимларнинг таъкидлашича, бир-бири билан умуман боғлиқ эмас экан. Бошқача қилиб айтганда, агар оддий ҳаракат реакцияси ўзига хос ихтисослаштирилган машқлар ёрдамида шакллантирилса, бундан мураккаб ҳаракат реакциясининг шаклланишига ёки ҳаракатнинг такрорланишлари сони ортишига таъсир кўрсатмас экан. Бундай ҳолат бошқа компонентларни шакллантирганда ҳам рўй берар экан.
Do'stlaringiz bilan baham: |