Ахлоқий тарбия. Интизом. Коменский ёшлигидан бошлаб болада ахлоқ ва одоб ҳосил қилиш кераклигини айтади. Мардлик, ўзини тута билиш, чидамлилик, вақт ва вазият талаб қилганида фойда етказишга тайёр бўлиб туриш, бурчни адо қилиш каби хислатлар фазилатдир. Шу асосий фазилатлардан ташқари камтарлик, мўмин-қобиллик, кишиларга хайрихоҳлик, покизалик, пухталик, хушмуомалалик, катталарни ҳурматлаш, меҳнатсеварлик хислатларни тарбиялашни ҳам муҳим вазифа, деб ҳисоблайди.
У қуйидагиларни ахлоқий тарбия воситалари деб билади: а) ота-она, ўқитувчи, ўртоқларининг намунаси; б) болаларга йўл-йўриқ кўрсатиш, улар билан суҳбатлар ўтказиш; в) болаларни яхши хулққа ўргатишда машқлар ўтказиш, ялқовлик, ўйламай иш қилишга, интизомсизликка қарши курашиш.
Коменский интизомнинг катта аҳамияти борлигини кўрсатиб, “Интизомсиз мактаб бамисоли сувсиз тегирмондир” деган чех мақолини келтиради. Ўрта аср мактабларида калтак воситаси билан ўрнатиладиган интизомга у қарши чиқади. Болаларга инсоний муомалада бўлишни тавсия этади. Интизом: ўқитувчининг намуна кўрсатиши, самимий, очиқ хайрихоҳлиги, ўқитувчининг болага бўлган тўғри муносабати (агар у болани севса, унинг яхши бўлишини истаса, дарси мазмунли бўлса, тушунтира олса интизомлилик вужудга келади), болани кўпчилик олдида, ўртоқлари ўртасида оқилона мақташ ёки қоралаш интизомлиликка олиб келади, дейди.
Ўқитувчининг ўрни ва унга қўйиладиган талаблар. Коменский ўз даврида истеъдодсиз, маълумотсиз ўқитувчиларни қаттиқ танқид этди. Ўқитувчиликни “ер юзидаги ҳар қандай касбдан кўра юқорироқ турадиган жуда фахрли касб” деб ҳисоблади. Бу ўқитувчига нисбатан янги илғор қараш эди, чунки ўша даврда ўқитувчилик касбига ҳурмат билан қаралмас эди. Коменский аҳолининг ўқитувчига ҳурмат билан қарашини талаб этиши билан ўқитувчининг ўзи жамиятда муҳим вазифани бажараётганини тушуниб олиши ва ўз қадр-қимматини яхши билиб олиши лозимлигини уқтиради. Ўқитувчи соф виждонли, ишчан, саботли, ахлоқли бўлиши, ўз ишини севиши, ўқувчиларга оталардек муомала қилиши, уларда билимга ҳавас туғдириши лозим. “Ўзи” намуна кўрсатиб, ўқувчиларни ўзига эргаштириши ўқитувчининг биринчи вазифасидир, деган эди.
Шундай қилиб, таниқли славян педагоги Ян Амос Коменский бутун дунёда педагогика илмига асос солиб, мактаб тараққиётига, педагогик илмига катта таъсир кўрсатди. Уни кўп Ғарбий Европа мамлакатлари мактаб ишини яхшилаш мақсадида таклиф этдилар. Унинг дарсликлари кўп тилларга, жумладан ўзбек тилига ҳам таржима этилди. 150 йилдан ортиқ вақт давомида унинг ёзган асарлари бошланғич таълим учун дарслик сифатида хизмат қилди. Машҳур немис олими Лейбниц қайд қилиб ўтганидек, фалсафани тараққий эттиришда Коперник қандай роль ўйнаган бўлса, педагогикани тараққий эттиришда Коменский ҳам шундай роль ўйнади.
Коменскийнинг педагогикаси илмий педагогик бўлиб, жаҳон маданиятига қўшилган катта ҳиссадир. Унинг қарашлари ҳозиргача ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |